Бозор иқтисодиётидаги мулкдорлик тиббиёт тизимидаги тараққиётни тезлаштириб юборгани бугунги куннинг беинкор ҳақиқати. Шундай экан, хусусий сектордаги ишлар хусусидаги суҳбат ҳам мароқли кечиши аниқ. Биз Тиббиёт ходимлари байрами арафасида вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасининг лицензиялаш ва аккредитациялаш сектори бош мутахассиси Назиржон ДАВЛАТОВни шу боис мулоқотга чорладик.

- Яхши биламизки, қаерда соғлом рақобат бўлса, ўша жойда юксалиш кўзга ташланади. Айниқса, халқ­қа хизмат кўрсатадиган тиббиёт тармоқларида бири-биридан орт­да қолмаслик, мижозларини кўпайтириш ҳаракати муттасилланади. Натижада ташхислаш ва даволаш сифати тобора кўтарилади. Беморларга эътибор кучаяди. Шу жиҳатдан қараганда, хусусий муассасаларнинг очилиши халқимиз учун истиқлолнинг қувончли шарофати маҳсули бўлди, албатта.

- Тўғри изоҳ бердингиз. Хусусий диагностика ва даволаш масканлари тиббиётдаги тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилади. Уларнинг даст­лабкиси сифатида "Saydana" тиббиёт марказини кўришимиз мумкин. Қарийб йигирма йиллик фаолияти давомида минг-минглаб одамларнинг дардини аниқлаб, муолажаларга йўналтирди. Ўша пайт­да бу тиббий-диагностика гўшаси гўё мўъжизавий аппаратлари билан машҳурлашган эди. Энди эса унинг ёнига ўнлаб ташхисловчи хусусий муассасалар қўшилди. Янаям очиқроқ айтганда, ҳозир бундай янгиликлар одатий ҳолга айланиб улгурди. Наманган вилоятининг бирорта шаҳри, туман маркази йўқки, у ерда хусусий даволаш-профилактика шохобчаси бўлмасин. Кейинги маҳалда қатор-қатор қишлоқларда ҳам хусусий шифохоналар жамоалари ўз муассасалари эшикларини дардмандларга очиб қўйишган.

- Кўриб турибмиз, сўнгги уч-тўрт йил орасидаги ишларни. Ғоят ҳайратомуз. Бири биридан муҳташам ва чиройли биноларда янги-янги шифохоналар иш бошлаяпти. Қайсисига бориб кирмайлик, шароитлари киройи, хоналарида ётган беморларнинг кайфияти баланд, врачу ҳамшираларга ишончи мустаҳкам. Ҳали оғиз очмасингиздан дўхтирлари ҳақида миннатдор оҳанг­да дил изҳорларини баён қилишга ўтиб кетишади. Диагностика йўналишидаги муассасаларда ҳам ҳеч нолимасдан навбатда туришади. Кўзларида нажотга умид учқунлари чақнаётганини пайқаш қийин эмас. Буларнинг боиси нималарда деб ўйлайсиз?

- Аввало, эътирофларингиздан кўнглимизга қувонч югурди. Сабабига келсак, қисқа қилиб айтганда, шароитнинг соз­лигида, ноёб ва ўта сезгир тиббий аппаратларнинг келтириб қўйилганида, врач ва ҳамшираларнинг муомала мада­нияти касбига монандлигида, қолаверса моддий ва маънавий манфаатлари уйғунлигида, деб биламан. Чунки, бугун бемор дўхтир танлайди, муассаса танлайди, муомала танлайди. Мана шу уч танловга қаерда тўла жавоб берилса, ўша жойдан беморларнинг қадами узилмайди. Даромад ҳам кўпаяди. Хизматчиларнинг моддий таъминотида тўкислик барқарор бўлади.

- Сиз хусусий секторнинг бош мутахассиси сифатида қайси нодавлат муассасаларини ҳозирги юксак талабларга, жаҳон андозаларига монанд дея баҳолайсиз?

- "ANAMED" масъулияти чекланган жамияти шифохонасида нейрохирургия, болалар хирургияси, юз-жағ хирургияси, травматология ва ортопедия, анестезиология ва реаниматология, эндокринология, МРТ, рақамли рентген ва ПЦР диагностикаси ниҳоятта яхши йўлга қўйилган.

"OYDIN SHIFO" масъулияти чекланган жамияти шифохонасида лапароскопик ва абдоминал  хирургия бўйича катта ишлар рўёбга чиқариляпти. Рақамли рентген диагностикаси ҳам барчага манзур.

"DOCTOR-A"нинг фаолияти юқори даражада.

"Dilbaroy malham shifo servis"да болалар офтальмологияси, оториноларингология бўйича оператив, яъни тезкор даволаш хизматлари муҳайё.

- Бундай янгиликлар, ибратга лойиқ тиббий фао­лиятлар ўз-ўзидан бўлмаслиги маълум. Айниқса, давлат миқёсида қарорлар қабул қилинмасдан етарли шароит ва имконият туғилмайди. Шу ҳақда ҳам фикр юритсангиз.

- 2017 йилда Президентимиз тиббиёт тармоғидаги тадбиркорлар учун унутилмас ва тараққиётнинг ойдин йўлини белгиловчи иккита қарор қабул қилдилар. Биринчиси 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" эди. Бундан кўзда тутилган мақсад соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технология­ли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестиция­лар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш бўлди.

Мазкур ПҚ-2863-сонли қарорнинг ижроси бўйича аниқ дастур белгилаб, шу асосда иш юритила бошланди. Ўша йилнинг сўнггида, яъни 29 декабрда иккинчи - "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида" ПҚ-3450-сонли қарор ҳам чиққан. Унда янги муассасалар очибгина эмас, аввалдан иш юритаётганларининг фаолиятини янада кенгайтириш имкониятларигача яратиб қўйилди.

- Орадаги уч ярим йил давомида катта ўзгаришларга старт берилган экан-да!

- Худди шундай. Вилоятимизда кейинги икки йил ичидаги натижаларга назар ташласак ҳам буни яққол тасаввур эта оламиз. Ҳозир айтиладиган рақамлар шуни далолатлайди. 2019-2020 йилларда 83 та янги тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Яна 31 таси очилмоқда, 30 дан зиёдининг фаолияти кенгайтирилди. 924 та янги ходим ўрни яратилди. Давлатимизнинг кўмаги, ғамхўрлиги туфайли 11 та тадбиркорга ер ажратилди, 8 нафарига бўш бинолар фойдаланиш учун берилда. 40 нафар тадбиркорлар банк кредитларидан баҳраманд бўлишди.

Вилоятимизда чет эл инвес­тицияси иштирокида 4 муассаса фаолият олиб бормоқда. Жаҳоннинг турли мамлакатларидаги илғор мутахассислари билан ҳамкорликлар ўрнатилган. Туркия, Ҳиндистон ва Россиядан келиб, биргаликда беморларни қабул қилаётган шифокор-олимларнинг ҳар галги ташрифларидан имкон қадар самарали фойдаланиб қолиш ҳаракатидамиз.

- Тиббиёт ходимлари куни қандай кутиб олинмоқда?

- Ҳар йилгидек ноябрнинг иккинчи якшанбасида саломатлик посбонлари касб байрамларини нишонлашади. Айни вақт­да 390 та хусусий шифохонада хизмат кўрсатаётган 1122 нафар врач ҳамда 1673 нафар ўрта тиббиёт ходимлари аҳоли соғлигини сақлаш учун бор билим ва малакаларини сидқидилдан сарфлашяпти. 155 та муассасада 5115 нафар бемор ётиб муолажалар олмоқда. 245 та муассаса амбулатор хизмат кўрсатаётир. Энг керакли тиббий аппаратлардан касалларга ташхис қўйиш ва даволашда оқилона фойдаланилмоқда. Хусусий шифокорлар тасарруфида 4 та МСКТ, 7 та ФГДС, 124 та УЗИ, 10 та рақамли рентгент, 7 та ЛОР комбайни, 2 комплект ПЦР, 1 та мобил диагностика мавжуд. Хоҳлаган бемор хоҳлаган аппаратга тушиб, ўз дардига ойдинлик киритиши учун улар малакали мутахассисларнинг ихтиёрига топширилган.

Хусусий тиббиётчилар ўз байрамларини элнинг олқишига сазоворлик билан нишонлашаётгани кўнглимизда хотиржамлик уйғотади. Энг муҳими, эътирозларсиз ишлаш, эътирофларга муносиб хизмат кўрсатиш эканини ҳеч бирлари унутишмайди.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.