Ҳайъат йиғилишини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи А. Иминов очди ва олиб борди. Йиғилишда қатнашган Наманган шаҳар ҳокими Б. Бекхўжаев тиббиётчилар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида нутқ сўзлади. Сўнг­ра мониторинг натижалари ҳақидаги маърузаларга навбат берилди. Дастлаб вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи А. Раҳмоновнинг "Наманган шаҳрида аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш борасида 2014 йил ва 2015 йилнинг 1-чорагида амалга оширилган ишлар ҳақида"ги маърузаси тингланди. Ви­лоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассислари Д. Болтабоева ва Д. Ҳошимовлар ҳам мониторингда аниқланган камчиликлар тўғрисида маълумотлар беришди. Маъруза ва маълумотлар экранда кўргазмали ҳолатда намойиш этилгани йиғилиш таъсирчанлигини янада оширди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси С. Мўминов муҳокамадаги масалани таҳлил этиб, муаммоларни ҳал қилиш, камчиликларни тугатиш юзасидан аниқ йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди. Оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасини янада яхшилашга қаратилган қарор қабул қилинди.

Йиғилишда Наманган шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Жалолова ҳам қатнашди.