Инсоннинг қадр-қиммати унинг элу юртга қилаётган ҳалол ва фаол хизматларига боғлиқ. Кимки ўз касби кори билан халққа қанча кўп фойда етказса, бу ўзига шунча обрў-ҳурмату сийлов бўлиб қайтади. Буюк бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари уқтирганларидек:

Нафъинг агар халққа бешак дурур,

Билки бу нафъ ўзингга кўпрак дурур.

Зеро, тиббиётчилар илму амаллари билан ҳар кун, ҳар соат, ҳатто ҳар дақиқани одамларнинг жонига ором киритиш, танига ҳаловат қайтариш, умрига умр қўшишдай хайрли ва савобли юмушга сарфлашади. Сочлари эл саломатлигини сақлаш йўлида чекилган заҳматлардан оқаради. Шундай бўлса-да, улар ҳеч вақт чарчадим дейишмайди. Пенсия ёшига етишса ҳам дам олишдан кўра ишлашни хушлашади. Худди шундай эзгу ниятли, кўнгиллари эл меҳрига лиммо-лим шифокорлар Чуст туманида анчагина. Ҳамон ёшлар билан бир сафда туриб, беморларни даволаётган, ташкилотчилик ва ташаббускорлик кўрсатаётган оқ халатли фидойиларни қадрлаш ҳам тиббиёт бирлашмасида доимий эътиборда.

Биз бу ерга борганимизда бу гал тиббиётчилар байрами олдидан ташкилланган тақдирлаш тантанаси шоҳиди бўлдик. Маъмуриятнинг киравериш фоесининг икки томонида ёши улуғ ва илғор врачлар ўтиришибди. Бир ёнда эса қимматбаҳо гулдор гиламлар тарқатиш учун тахт ҳолатда ўрамоқлаб қў­йилган.

- 2020 йил ҳаммамиз учун катта синов йили бўлиб қолди, - дея сўз бошлади бирлашма бошлиғи Насиба Бозорова. - Бутун дунёни йил давомида ғам-ташвишга солган коронавирус бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Лекин давлатимиз раҳбарининг оқилона кўрсатмалари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "COVID-19"га қарши кураш дастури, услубий қўлланмалари асосида иш юритиб, имкон қадар оғир вазиятдан кам талофат билан чиқиб боряпмиз. Туманимизда даволаш-профилактика ишлари самарадорлигини оширишимизда сизлардай кўпйиллик тажрибага эга бўлган инсонларнинг кўрсатган хизматлари алоҳида эътиборга лойиқ, деб ўйлайман. Тиббиётчилар байрами арафасида ҳар бирингизни рағбатлантиришни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Шундан сўнг совғалар соҳибларига навбатма-навбат топширилди. Уларни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси юристи Умиджон Мирзабоев, "Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири Содиқ Сайҳун ҳам мамнуният билан пенсионер-шифокорларга тақдим этишди.

- Ёши улуғларни шарафлаш, иззат-ҳурматини ўрнига қўйиш халқимизнинг энг яхши удуми, - дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Матлуба Ҳакимова. - Биз шу одатга кўра бирлашма тизимида хизмат қилаётган, айни пайтда 55 ва 60 ёшини нишонлаётган аёл ҳамда эркак тиббиётчиларга туҳфалар тақдим этмоқдамиз. Ўйлаймизки, бундан улар янада руҳланиб ва илҳомланиб, ўзларининг бор билимларини беморларни даволашга сарфлайверадилар.

Дарҳақиқат, сийланган жойида инсон ўзининг азизлигини қалбдан ҳис этади. Одамларга кераклигини англаш эса, уни ҳамиша фаолликка интилтиради. Шаъниларига айтилган ёқимли сўзлардан кўнгиллари қувончларга тўлади. Ўзларини нақадар бахтли ҳис қилишади. Қадрдон меҳнат жамоасига бўлган меҳр-муҳаббатлари янада зиёдалашаверади.

Мана, кўп тармоқли поликлиника врачи Нуриддинхон Ваққосовнинг эътирофлари:

- Бугун ғоят хурсанд бўлдик. Сабаби, бизлар халқ саломатлигини сақлаш учун ҳали керак эканимизни яна бир бор тушуниб етдик. Давр талабларига жавоб берган ҳолда ҳам беморларни даволаймиз, ҳам ёшларга мураббийлик қиламиз.

Худди шундай фикрларни Жамилахон Салоҳиддинова, Феруза Отахўжаева, Мақсудхон Аҳмедов, Самида Талабова, Муқаддас Алимовалардан ҳам эшитдик. Шу куни 20 нафар тиббиёт ходимлари уйларига байрам совғалари билан қайтишди.

Айтишларича, бу дастлабки тақдирлов экан. Тиббиётчилар байрами тантанасида эса тағин кўплаб илғорларни турли-туман совғалар кутмоқда.

Адолат БАДРИДДИНОВА.