Маълумки, коронавирусга қарши кураш асносида вилоятимизда айрим тиббиёт масканлари "Covid-19" билан зарарланганлар даволанадиган махсус шифохоналарга айлантирилди. Бинобарин, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери ўрнида шакллантирилган шифохона жамоа­си ҳам коронавирус инфекциясига дучор бўлган инсонларни оғир дарддан халос этмоқда.

Яқинда ушбу даволаш масканига кириб, эл дардига дармон бўлаётган шифокорлар, ҳамшира ва фельдшерлар, кичик тиббиёт ходимларининг фидокорона хизматларини кузатдик. Очиғини айтганда, даволаш ишлари самарали йўлга қўйилганлиги, ҳар бир ходим ўз бурчи ва вазифасини сидқидилдан адо этаётгани туфайли беморларни соғайтиришда юқори натижаларга эришилмоқда.

Юксак масъулият, беморларни меҳр-эътиб

ор билан парваришлаш, даво муолажаларини изчил олиб бориш шифохона жамоасининг фаолият мезонига айланган. Қатъий интизом ва вазифасини муқаддас бурч деб ҳисоблаш ҳисси саломатлик посбонларининг амалий саъй-ҳаракатларида яққол намоён бўлмоқда.

Бош шифокор Равшаной Жўраеванинг талабчанлиги, интилувчанлиги, тиниб-тинчимаслиги шифокору ҳамшираларни, кичик тиббиёт ходимларини ўз вазифаларини ғоят масъулият билан бажаришга ундамоқда. Кун давомида бир неча бор, туннинг қайси бир лаҳзасида бемор ҳузурида пайдо бўлиш, аҳволини кузатиш уларнинг кундалик фаолияти мазмунини ташкил этади.

Раҳбар нафақат талабчан, балки шахсий намунаси билан барчада эзгу ният билан фидойиларча ишлаш иштиёқини кучайтиришнинг ҳадисини олган. Шу боис, жонкуярлик ва меҳр-шафқат фазилатлари ҳар бир тиббиётчининг дилига жо. Шу боис беморларга хизмат кўрсатиш юқори даражада. Шу боис, даволаш натижадорлиги юксак.

- Мен аҳволим оғирлигидан шифохонага келишдан олдин бутун оила аъзоларимни тўплаб, васиятимни айтиб, ҳаётдан умидимни узиб бўлгандим, - дейди меҳнат фахрийси Абдураҳим ота Мирзабоев. - Чунки, Уйчи тумани марказий шифохонасида, кейин эса вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволансам-да соғлигим тўла тикланмаган эди. Бу ерда саноқли кунларда дарддан қутулдим. Ўз вазифасини виждонан бажараётган шифокорлар ва ҳамшираларга чин дилдан миннатдорлик изҳор қиламан.

Бундай дил изҳорларини бош­қа беморлардан ҳам эшитдик. Улар шифокорлар матонати, ҳамширалар жасорати ҳақида тўл­қинланиб сўзлаб беришди.

- Ярим тунда безовталаниб ўрнимдан турдим. Беихтиёр  қулаб тушдим. Яхшиямки, ҳамшира зимдан кузатиб турган экан, тезда ёнимга келиб, қўлтиғимдан ушлаб палатага олиб кириб, кислород концентраторини улади, кетма-кет уколь қилди. Сатурация 57 га тушиб кетган эди. Бир оздан кейин нафас олишим барқарорлашди. Сатурация 87 га кўтарилди. Тунги навбатчиликдаги ҳамшира Эъзоза Воҳиджонованинг саросимага тушмай, совуққонлик билан оғир вазиятдан чиқаришга уринишлари туфайли ҳаётим сақлаб қолинди. Бу чинакам жасорат намунаси эмасми?! Унинг олдида бир умр қарздорман, - дейди ўзини ошкор қилишни истамаган бемор.

Ҳа, мазкур шифохонада бундай таҳликали онлар тез-тез бўлиб туради. Етарли малака ва билимга эга тиббиёт ходимлари ҳар қандай вазиятдан ҳам беморни омон олиб чиқиш учун курашадилар. Уларнинг оқилона, профессионал ҳаракатлари туфайли коронавирус азобини чекаётган ўнлаб хастаҳолларга қайта ҳаёт бағишланади.

Врач-реаниматолог Тоҳиржон Акбаров, пульмонолог Исломжон Эргашалиев, терапевт Хайрулло Жўраев, катта ҳамшира Наргиза Абдураҳимова, ҳамширалар Сожида Маъмурова, Эленора Хайруддинова, Мавжуда Холмирзаева, бўлим бекаси Муяссар Сўпижонова, дезинфекцияловчи фельдшер Комилжон Камолов ва бошқа фидойиларнинг фаолиятига ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

- Биз бурчимизни бажаряпмиз, холос, - дейди Равшаной Жўраева камтарлик билан. - Халқимизни коронавирус балосидан асраш, дардга чалинганларни соғлом ҳаётга қайтариш учун туну кун хизматга шаймиз. 100 ўринли шифохонамизда 8 нафар врач,14 нафар ҳамширалар ва бошқа ихтисослик эгалари иш олиб боришяпти. Ҳар бир беморни соғломлаштириш қатъий мақсадимиздир.

Ҳа, матонатли раҳбар ва ундан ўрнак олган жасоратли тиббиётчилар эл саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилишди. Айни пайтда шифохонанинг жамоаси таркибида навбат алмашган. Янги иш бошлаган саломатлик посбонлари ҳам издошларининг эзгу анъаналарини изчил давом эттираётганликларига ишончимиз комил.

Абдулла ҒОЗИЕВ.