Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззақов фаолиятининг илк куни Наманган шаҳридаги коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналар билан танишди, деб хабар беради вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Вилоят раҳбари Наманган шаҳридаги 2-БЎСМ биносида жойлашган саралаш ва тақсимлаш марказида бўлди. Бу ерда махсус кийим-бош кийиб, палаталарни бирма-бир айланди, беморлар ҳолидан хабар олди.

Мазкур марказда даволанаётган Уйчи тумани тез тиббий ёрдам бўлими ходими Робия Оғалиқова ҳоким билан мулоқоти чоғида икки фарзанди олий ўқув юртида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётганини билдириб ўтди. Шавкатжон Абдураззақов мутасаддиларга шартнома пуллари тўловини амалга оширишда кўмак беришни топширди.

Вилоят раҳбари марказ ходимлари билан суҳбатлашиб, бу ерда тўлақонли фаолият олиб бориш учун қандай ёрдам зарурлиги билан қизиқди. Муаммо ва таклифларни тинглаб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.

 

* * *

Вилоят раҳбари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, бу ерда беморлар ва тиббиёт ходимлари учун яратилган шароитлар билан танишди, беморлар, уларни йўқлагани келган яқинлари билан мулоқот қилди.

Шунингдек, Наманган шаҳридаги вилоят соғлиқни қайта тиклаш марказида вилоятга коронавирусни бартараф этишда кўмак бериш учун келган бир гуруҳ россиялик шифокорлар билан учрашди. Касалликни самарали даволаш борасидаги фикрлари билан қизиқиб, шифохоналардан бирини уларнинг тавсиялари асосида қайта жиҳозлаш зарурлигини таъкидлади.

Вилоят раҳбари, Наманган шаҳридаги Covid поликлиника, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят тери ва таносил касалликлари диспансери, 1-туғруқ комплекси ва бошқа даволаш масканларида ҳам бўлиб, бугунги кунда коронавирусга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ҳам кўздан кечирди.

Ташриф чоғидаги ўрганишлар юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш мутасаддиларига зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.