Дўстона муносабатлар халқлар ўртасидаги алоқаларни доимий мустаҳкамлаб борувчи ягона омилдир. Инсоният бошига тушган оғир ва синовли дамларда эса, бунинг аҳамияти янада ортиб кетди. Чунончи, "Covid-19" пандемиясини бошдан кечириш асносида ҳеч бир мамлакат мушкул вазиятдан ўзи ёлғиз чиқиб кетолмаслиги яққол кўриниб турибди. Жаҳон аҳли учун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан йил бошидаёқ ишлаб чиқилган қўлланма асосий дастур ролини ўйнаётган бўлса-да, ҳар бир мамлакатнинг тиббиёт ташкилотлари, уларда фаолият юритаётган мутахассислари ўзларининг изланишлари ва интилишлари билан коронавирусни даф этиш иши бўйича муайян тажрибалар тўплашга улгурди, десак ҳам янгилшмаймиз. Энди эса, бирлари бирларидан ўрганишга, бирлари бирларига ўргатишга эътиборни қаратиш билан умумбашарий муаммога тезроқ ечим топиш долзарб тусга кирмоқда. Бу борада Хитой, Россия, Туркия ва Корея давлатларининг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги тобора изчиллашмоқда. Ҳар галги ташрифлар беҳад нафдорлиги билан ғоят самарали кечмоқда. Айниқса, яна коронавируснинг кўпайиш ҳолатлари қайд қилинаётган охирги пайтда хорижлик шифокорларнинг бутун республика бўйлаб юришлари, шифохоналарда ётган беморларни даволашда кўмаклашишлари барчамизни қувонтирмоқда. Ҳамкорликда ҳикмат кўплигини назарда тутсак, билим ва тажрибаларнинг бойиши-ю, уйғунлашуви, даволашдаги муаммоларни тезроқ, осонроқ ҳал қилиш имконини беради.
Биргина Ўзбекистон - Россия тиббиётчиларининг ўзаро алоқалари эртанги омон-омон кунларга бўлган умид ва ишончни тобора мустаҳкамламоқда. Августнинг сўнгги кунлари Наманганга келиб, тўрт кун ҳамкорлик қилган россиялик ҳамкасблардан анчагина тажриба ўрганилган эди. Энди эса яна беш кишилик гуруҳни ўтган ҳафта кутиб олдик. Улар инфекционист - Александр Тебенков, терапевт - Анна Затецикова, пульмонолог - Людмила Скрепкова, реаниматолог - Екатерина Юмашова ва ҳамшира Оксана Головяткина эдилар.
Меҳмонлар даставвал Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуаси ёпиқ залларида шакллантирилган махсус саралаш марказига олиб борилди. Бу ерда ташкилланган реанимация бўлимидаёқ улар ишга киришиб кетдилар. Коронавирус аниқланган беморларни кузатиб консилиум ўтказишди. Даво муолажаларини коррекция қилиб беришди. 39 нафар беморни даволашга ёрдам кўрсатишди.
Фақат шу билангина кифояланиб қолишмади. Саралаш марказида хизмат қилаётган врач ва ҳамширалар билан "Covid-19"ни даволаш стандартлари ҳамда индивидуал ёндошув тўғрисида суҳбат ва муҳокама янада фойдали кечди. Билим ва амалиёт бирлигига эришган ҳолда 11 нафар бемор шу куннинг ўзидаёқ назал канюлядан СПАП режимига ўтказиб қўйилди. Натижада улардаги ўзгаришлар янада ижобий ҳолат касб этди. Россия мутахассисларининг вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ёрдамга киришлари бу ерда фаолият юритаётган врачу ҳамширалар учун ҳам, даволанаётган беморлар учун ҳам айни муддао бўлди. Рус врачларининг ўз бурчларига беҳад содиқликлари яққол намоёнланди. Узоқ масофани босиб келиб, ўзбек халқининг соғлиги билан сидқидилдан шуғулланишаётгани, ниҳоятда самимий муносабатлари ҳаммада мамнун кайфият уйғотди. 37 нафар бемор аҳволи билан танишилгач, уларга муолажаларни қандай давом эттириш юзасидан қимматли тавсиялар берилди. Оғирроқ беморларнинг кислород бериш режимига ўзгартишлар киритилди.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси врачлари билан россиялик шифокорлар тажрибаларини ўртоқлашишда даволаш ва реабилитация усуллари юзасидан ўзаро фикрлашиб, кенгашиб олишди.
Улар бошқа шифохоналарда бўлишиб, юқоридагидек кўмакларини асло аяшмади. Меҳмонлар томонидан мезбонларга Россия Федерациясининг даволаш стандартлари китоби ўрганиш учун тақдим қилинди.
"Биз Ўзбекистонга келиб, аввало, юртингиздаги улкан ўзгаришларни кўриб ҳайратга тушдик, - деди инфекционист врач Александр Тебенков. - Қолаверса, дунё аҳолиси қаттиқ азият чекаётган "Covid-19" дан халқингизни яхши ҳимоя қилаётганингизга тўла ишонч хосил қилдик. Саралаш марказидан тортиб, шифохоналаргача энг зарур тиббий аппаратлар билан таъминланибди. Зарур дори-дармонлар ҳам етарли экан. Мутахассисларингизга келсак, уларнинг билимиям, малакасиям гуруҳимизни қониқтирди. Умид билан даволанишга ётган беморларингиз бенажот эмас. Ҳар бир мамлакатнинг даволаш стандартлари бўлади. Сизларники ҳам, бизларники ҳам жаҳон андозаларига хосу мос, десам янглишмайман. Амалиёт эса тажрибани мукаммаллаштиради. Ўзбекистон тажрибаси билан Россия тажрибаси қўшилиб, фақат бир-бирини бойитди. Ташрифимиз икки томонлама катта манфаатга эга бўлганидан жуда-жуда қувондик".
Президентимиз айтганларидай: "Коронавирус масаласини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак". Шундай экан, бу борадаги курашда мамлакатлараро ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, фаоллашиб бораверади. Токи пандемия тўла-тўкис даф этилмагунча наинки Ватанимизда, балки бутун дунёда яшовчиларнинг ҳаётига ҳаловат қайтмаслиги ойнадай равшан. Дўстлар мадади - ишлар омади бўлиб қолаверади.