ЧУНКИ НОГИРОНЛИГИ БОРЛАР, АЛБАТТА,

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯДА БЎЛИШАДИ.

Инсонпарварлик - давлатимиз ва жамиятимиз фаолиятида энг муҳим тамойил ҳисобланади. Оламни обод қилувчи ва барқарору бардавом ҳаётни таъминловчи одамнинг омонлиги ҳамда меъёрдаги турмуш тарзига муносиб саъй-ҳаракати, аввало, унинг соғлигига боғлиқлиги учун мазкур масала ҳамиша давлат сиёсатида устуворлик касб этаверади. Афсуски, тирик жоннинг кўзга кўринмаган, яъни микроб ва вируслардан душманлари табиатда етарли. Қолаверса, салгина эҳтиётсизлигимиз ортидан ўзимизни шикастлаб қўйишимиз, бепарволигимиз туфайли оғир дардга чалинишимиз, охир-оқибат ногиронлар қаторига қўшилиб қолишимиз мумкин. Бу, кутилмаган, аммо бор ҳақиқат. Шу боис, тиббий меҳнат экспертиза комиссияси ишлаб туради. Соғлигига путур етган шахсларга ногиронлик даражасини белгилаб, ижтимоий муҳофазага хулоса беради.

Бизнинг комиссиямиз ҳайъати туманлараро фаолият юритади. Яъни Тўрақўрғон ва Наманган туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Ҳозирда жами 5590 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобимизда туришади. Уларнинг 635 нафарига биринчи, 4273 нафарига иккинчи ва 684 нафарига учинчи гуруҳ белгиланган. Ҳар йили ойма-ой кўрик ўтказиб муддати келганларга қайта ногиронлик гуруҳи бериш, гуруҳини ўзгартириш ёки бутунлай соғайган бўлса, соғломлар қаторига ўтказиш масаласини адолатли ҳал қилиш чора-тадбирларини кўрамиз.

Бироқ бу йилги пандемия шароитда карантин талабларидан келиб чиқиб, бир мунча ўзгартишлар киритилди. Бу янгиликлар ногиронлиги борларнинг манфаатини кўзлаган ҳолда жорий қилинди. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ҳамда коронавирус тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабнинг 2020 йил 11 апрелдаги қўшма йиғилиши 18 - баёнининг 34 - бандига мувофиқ иш кўрдик. Яъни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги рухсати билан карантин даврида ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларни қайта кўрикдан ўтказмасдан, ногиронлик муддатлари автоматик тарз­да узайтирилди. Пенсия (нафақа) тўловлари вақтинча давом эттириб турилди. Шундай имтиёзлардан икки туманда яшовчи 581 нафар киши фойдаланди.

Йилнинг ўтган вақти мобайнида 1015 нафар соғлиғида нуқсони борлардан 657 нафарига қайта, 358 нафарига бирламчи ногиронлиги белгилаб бердик. Ўзи қийинчиликсиз, бемалол юриб келадиганларни комиссиямиз Тўрақўрғон ва Тошбулоқда қабул қилган бўлса, уйда ва касалхонада қаттиқ ётиб қолганларнинг ҳузурига ўзимиз бориб, сайёр кўрик уюштирдик.

Жамоамизнинг Баҳриддин Каримов, Шуҳрат Йўлдошев каби терапевт ва жарроҳ врачлари, Башорат Азизова ва Фахриддин Сирожиддинов сингари ҳамшира ва фельдшерлари амалдаги қонун, низом ва тартиб-қоидалар асосида иш юритишяпти. Деярли эътирозларга йўл қўйилмаяпти. Энг кераклиси, ногиронлиги бор беморлар даволовчи врачлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишгани яхши самаралар беряпти. Соғломлаштириш чора-тадбирлари муваффақиятининг изчиллигига эришиляпти. Ногиронларнинг тушкун ва боқиманда кайфиятда яшашларига чек қўйиляпти. Уларда соғайишга интилиш, фаол меҳнатга қайтиш иштиёқи кучайтириляпти. Кўриклар чоғида зарур эҳтиёжлари ўрганиляпти. Жумладан, аравача, эшитиш мосламалари, қўлтиқтаёқ, ҳасса ва протез-ортопедия маҳсулотлари олишларига хулоса - тавсиялар ижтимоий хизматлар бўлимига ёзиб жўнатиляпти. Жорий йилнинг ўзида 110 нафар киши шундай имтиёзга лойиқ топилди. Ҳозирча 72 нафари таъминланди. Намангандаги ҳудудий реаблитация маркази ҳамда Тошкентдаги миллий реаблитация марказига ногиронлиги борларни юбориб, даволатиш масаласи ҳам доимий эътиборимизда.

Эндиликда карантин чекловлари юмшатилди. Фаолиятимизни янада яхшилаш ҳаракатидамиз. Ҳеч қайси нажотталабни ўкситишга ҳаққимиз йўқ. Ҳолатига яраша адолатли хулоса чиқариб, гуруҳлар белгилашга доимо бурчлимиз. Мавжуд имтиёзларга кимлар муносиб бўлса, улар, шак-шубҳасиз, ижтимоий муҳофазага ўтказиладилар. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёти даврида инсонларнинг соғлиғига моддий-маънавий кўмак кўрсатишга эътибор ҳар қачонгидан кўра кучайтирилган. Ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда қолмайди.

Икромжон ИСМОИЛОВ,

50-туманлараро тиббий меҳнат экспертиза

комиссияси раиси.