БУНИ МУТАСАДДИ МУАССАСАЛАР РАҲБАРЛАРИ,
МАСЪУЛЛАРИ БИРОР ЛАҲЗА УНУТМАСЛИКЛАРИ ШАРТ.
Кузнинг ҳам биринчи ойи ниҳояланмоқда. Ҳаво ҳарорати эса пасайиб боряпти. Бу, куз-қиш мавсумига тайёргарликни тобора кучайтиришни тақозо этади. Президентимиз томонидан селектор йиғилишида қўйилган долзарб вазифалар эса режани янада жадал ва сифатли бажариш масъулиятини зиммамизга юклаб турибди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бу борада белгилаган тадбирлари аниқ. Шунинг учун уларни бандма-банд изчил бажарилишини таъминлашга бор куч ва имкониятларни имкон қадар самарали сарфлашимиз зарур.
Вилоятимизда айни маҳалда 220 та даволаш - профилактика муассасалари фаолият юритмоқда. 19 та шифохона, 10 та тиббиёт маркази, 8 та диспансер, 3 та санаторий шунингдек, бир неча оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги доимий назоратимизда.
Албатта, тизимдаги ишлар кўлами жуда кенг. Шунга яраша қурилиш-таъмирлаш, биноларни иситишга ёқилғи ва ёнилғи заҳирасини яратиш учун катта маблағ талаб этилади. Бугун мамнуният билан эътироф этишимиз мумкинки, бу соҳада жиддий муаммолар йўқ. Аксинча, талабга яраша молиявий масалалар ойма-ой ҳал қилиб берилмоқда.
2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун бюджет ҳисобидан 8 миллиард 300 миллион сўм маблағ режалаштирилган. 13,4 минг тонна кўмир ва кўмир брикет маҳсулотлари жамғарилиши керак. Ҳозирча 5,2 минг тонна заҳира яратишга эришилди.
2020 йил давлат Инвестиция дастури доирасида 16 та тиббиёт муассасасида қурилиш -монтаж ва таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Уларга 81,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Маҳаллий бюджет ҳисобидан эса 12 та ОП, ҚОП ва ҚВПларда жорий таъмирлаш ишларига жадал киришилган.
Аввалдан маълумки, қишли-қировли кунларда тиббиёт муассасаларида даволаниб ётган ёки қатнаб муолажа олаётган беморларга қулайлик яратишда биноларнинг меъёрида иситилиши жуда муҳим. Шуни назарда тутиб иситиш шохобчаларидаги эскирган қозонларни барвақт янгисига, замонавий тежамкорларига алмаштиришга эътибор кучайтирилган. Уларнинг манзилли рўйхати шакллантирилган. Молиялаштириш манбалари аниқлаб олинган. 28 та муассасадаги 42 та иситиш қозонлари бюджет маблағлари ҳисобидан янгиланади. Шу пайтгача 12 та муассасадаги 23 та эскирган қозонлардан воз кечилиб, янгисига алмаштирилди.
Шунингдек, Инвестиция дастури доирасида иш олиб борилаётган 7 та даволаш - профилактика муассасасидаги иситиш қозонлари ҳам янгиланмоқда.
Пандемия шароитида коронавирус билан оғриган беморлар учун ажратилган шифохоналарни қишга ҳозирлаш масаласи ҳам диққат марказимизда. Бу мақсадга 1 миллиард 125 миллион сўм маблағ сарфлаш режалаштирилиб, янги замонавий қозонлар келтирилмоқда. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят силга қарши кураш сиҳатгоҳи, кардиология марказининг Ҳамза бўлимида шундай ишлар амалга оширилди. Айни маҳалда бошқарма тизимидаги 24 та вилоят муассасалари ҳамда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларидаги 30 та электр токи ишлаб чиқарувчи генераторлар мавсумга шай ҳолатга келтириб қўйилади.
Куз-қиш мавсуми яқинлашган сари ҳаракатни кундан - кун тезлаштириш шарт. Шифокорлар олдида ҳам, беморлар олдида ҳам юзимиз шувит бўлмаслиги учун янада астойдил ишлашимиз лозим. Ахир қуёшли, ҳароратли кунлар ғанимат. Эртага совуқ тушиб қолса, аттангдан фойда йўқ! Буни қурилиш - таъмирлашга, биноларнинг эшик-деразаларини кўздан кечириб, камчиликларини бартараф этишга, иссиқ ва совуқ сув таъминотини тўкис қилишга мутасадди раҳбару ходимлар сира-сира унутмасликларидан умидвормиз. Режа - режа, натижа шунга яраша бўлмаслиги асло мумкин эмас!
Аслиддин РАҲМОНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қурилиш
бўлими бошлиғи.