Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган врач ва мутахассислардан иборат жафокаш халоскор тиббиётчилар вилоятдаги бошқа ҳамкасблари орасида салмоқли ўрин эгаллайдилар.

Биз ушбу муассасага қарашли марказий шифохонанинг замонавий лойиҳа асосида қурилган тез тиббий ёрдам бўлимига кирар эканмиз, хоналардаги осойишталик, тозалик, коридорлардаги саришталик ва анвойи гуллар, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг оппоқ халат, қалпоқлару ниқобларда юришларини кўриб, бунда ишловчиларнинг диди жойида эканлигидан кўнглимиз хотиржам бўлди.

Бўсағада қўлларида зарарсизлантирувчи модда пуркагич ва иситма ўлчагич ускуналари билан қуролланган оқ халатли фаришталар ҳар бир ташриф буюрувчини белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда қабул қилишаётганининг гувоҳи бўлдик.

Маълум бўлишича, туманнинг "Шошилинч тиббий ёрдам бўлими" бир пайт­нинг ўзида 36 нафар беморни қабул қилиш қувватига эга бўлиб, унда жарроҳлик, ички касалликлар, болалар ҳамда барча ёшдаги беморлар учун жонлантириш бўлимлари мавжуд. Бўлимга қабул қилинган беморлар даражасига қараб беш кунгача зарур муолажалар ва бепул дори-дармонлар билан таъминланадилар. Шунингдек, бўлим ичкари хоналари энг янги тиббиёт асбоб-анжомлари билан жиҳозланган. Жумладан, беморларга аниқ ташхис қўйиш ва даволаш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида ташхис текширувидан ўтказиш учун лаборатория, УТТ, ЭКГ, сунъий нафас берувчи, юракни монитор текширувчи, юрак тўхтаб қолганда қайта жонлантириш учун Германиядан келтирилган махсус "Дефиблятор" аппарати ва рентген хоналари хизмати йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, наркоз учун махсус аппарат, ошқозон-ичак, нафас олиш тизимларини текширадиган қуроллар шай. Улар ёрдамида қабул жараёнининг ўзида ҳар қандай хасталикка аниқ ташхис қўйилади ва бу аппаратлардан куннинг исталган вақтида муаммосиз фойдаланиш мумкин.

Бўлимда ўз ишини севадиган, янгиликка интиладиган, ишлаб чарчамайдиган, чуқур билим ва юқори малакага эга мутахассис, иқтидорли шифокору ўрта тиббиёт ходимлари ва хизматчилар талайгина. Улар узоқ йиллар давомида қизғин ва машаққатли меҳнатлари билан минглаб бемор ҳамюрт­ларига қайта ҳаёт ато этишган, десак асло муболаға эмас. Айниқса, беморларнинг Қосимжон Усмонов, Абдувоҳид Иномов, Абдумутал Йўлдошев, Башоратхон Исоқова каби врач, катта ҳамшира Майрамхон Турғунова, Зулхумор Абророва, Ҳалима Жўрабоева, Тўтиё Маҳмудова сингари ширинсухан ва меҳрибон ҳамширалар номини ҳурмат билан тилга олаётганлари ҳам шундан, албатта.

- Бўлим шифокор ва ҳамшираларидан миннатдорман, - деди болалар бўлимида фарзандини даволатаётган Кимёхон Яҳёева, - муолажаларни ўз вақтида қилишади. Шароитлари яхши, дори ва уколлари бепул.

- Ўғлим Исроилжоннинг қорин қисми қаттиқ оғриди. Зудлик билан шу бўлимга олиб келдик, - дейди искавотлик она. - Ўғлим ўткир кўричак касалига йўлиққан экан. Ҳайриятки, билимдон дўхтирларнинг саъй-ҳаракатлари билан жарроҳлик амалиёти ўз вақтида бажарилди. Аста-секин ўғлим оёққа туряпти. Илоҳим, дўхтирларнинг қўллари дард кўрмасин, раҳмат уларга.

Бундай дил изҳорларини Мавлуда Юсуфжонова каби бошқа оналар ва беморлардан ҳам эшитдик.

Биз тилга олаётган бўлимга йигирма беш йиллик тажрибага эга, олий тоифали врач Раҳимжон Мадраҳимов 2006 йилдан буён етакчилик қилади.

- Аввало, шифокор ўз касбини севиши, меҳрибон, қалби тоза, одамий, энг муҳими ҳар қандай таъмалардан йироқ бўлиши лозим. "Халоскорман" деб эгнига оқ халат кийган инсон борки, беморнинг руҳиятини ҳис қилиши, вазифасига ихлос билан киришиши, беморда эртанги кунга ишонч ва умид уйғотиши шарт, - дейди Р.Мадраҳимов (суратда ўртада) биз билан суҳбатда. - Ўйлайманки, шошилинч тиббий ёрдам хизматини яхшиламай туриб кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Бўлимимизга келаётган ёки олиб келинаётган беморлар оғир хасталик ёхуд кутилмаган тасодиф туфайли ётқизиладилар. Жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун зарур ўринларда малакали мутахассислар жалб этилади.

Айни кунда катта тажриба ва малакага эга бўлган ҳакимлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва хизматчилар беморларга қалб қўрларини берган ҳолда ҳалол хизмат кўрсатмоқдалар.

Туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ташкил қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида тинмай изланмоқда. Биз бу борада бирлашма раҳбари Лайло Аҳмедовани (суратда) суҳбатга тортдик.

- Туманимиз ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли сони 215600 нафарга яқин, - дейди у, - аммо шунча аҳолига 234 нафар олий маълумотли шифокор тиббий хизмат кўрсатади. Бу дегани бир нафар шифокор 920 кишининг саломатлиги учун масъулдир. Ҳозир 240 та штат бирлиги ўрни вакант бўлиб турибди. Яъни, шифокорларимиз деярли икки баробардан кўпроқ юк билан ишлашларига тўғри келяпти. Атрофлича ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда 250 та шифокор етишмай турибди. Хусусан, акушер-гинеколог, педиатр, анестезиолог- реаниматолог, терапевт, травматолог, функционалист, окулист, аллерголог, пульмонолог, нефролог, гастроэнтеролог, гематолог, ревматолог, герантолог, валеолог каби ихтисосликни эгаллаган малакали врачларга ҳамда тез тиббий ёрдам, умумий амалиёт шифокорларига нисбатан эҳтиёж жуда катта. Айнан шу соҳага оид беморлар тўлақонли даво олишлари учун вилоятдаги ёки республикадаги бошқа поликлиникаларга мурожаат қилишлари ва узоққа қатнаб ортиқча сарф-харажатга тушишлари сир эмас. Ушбу ўринларни тўлдириш мақсадида туманимиздан вилоят шифохоналарига бориб ишлаётган 3 нафар анестизиолог билан суҳбатлашиб бирлашмага ишга олдик. Яна ҳозир Тошкентдаги тиббиёт олий ўқув юртларидан беш нафар, Андижон тиббиёт институтидан 12 нафар битирувчи билан шартнома тузиб сафларимизни кенгайтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Биз зиммамизга юклатилган вазифаларни бажариш бўйича тиббиёт муассасалари ходимларининг барчасини соҳамизга оид қонун ва қонун ости ҳужжатлари билан етарли даражада таништириб бормоқдамиз. Шифокорлар ва ҳамшираларнинг тиббиётга оид амалдаги қонун ҳужжатлари мазмуни такрор ва такрор ўргатилиб, тушунтириб борилмоқда. Барча қишлоқ оилавий поликлиникаларимиз ва қишлоқ врачлик пунктларимизда аҳоли саломатлигини сақлашга оид ҳужжатлар ва керакли адабиётлар жамланди. Ходимларимиз иш фаолиятларини тегишли буйруқлар асосида ташкил этишларига эришилмоқда. Келгусида даволаш-профилатика муассаларида ишловчи врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари малакаси ва касб тоифасини ошириш, оналар ва болалар ўртасида ўлим кўрсаткичларини камайтириш, ногирон болалар туғилишининг олдини олиш бўйича олиб бораётган ишларимизни янада такомиллаштиришимиз зарур. Шунингдек, амбулатория-поликлиника хизмати сифати, маданияти оширилади, маҳаллаларда ишловчи патронаж ҳамширалар фаолиятини янада яхшилашга эътибор кучайтирилади. Профилактик тиббий-кўриклар самарадорлигига устувор йўналиш берилади. Ижтимоий соҳа хасталикларини барвақт аниқлаш, стационар назоратига олиш, соғломлаштириш ишлари яхшиланади. Мазкур соҳаларга доир моддий-техника база мустаҳкамланади.

Ҳа, туман шифокорларининг етакчиси ҳақ гапларни айтди. Шифохонага ташриф буюраётган беморларнинг кўплигини кўриб, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш борасида ҳали анча ишлар қилиниши лозимлигини дилдан ўтказдик. Мижозларнинг ҳаммаси тиббиёт маскани томон умидвор кўз тикиб туришибди.

Қамбар ҲАЙДАР.