Дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси бутун мамлакатларнинг тиббиётчиларини унга қарши муштарак мақсад йўлида бирлаштириб, ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш заруратини туғдирди. Соvid-19 устидан тўла ғалабага эришиш тобора муҳимдан муҳим вазифага айланиб қoлмоқда. Нафақат одамлар ҳаётини муҳофаза қилиш, айни вақтда иқтисоднинг тақдири ҳам шу саъй-ҳаракатларнинг натижасига боғлиқдир.
29 августдан Ўзбекистонимизда Россия Федерацияси тиббиётчиларининг катта гуруҳи коронавирусга чалинганларни даволашда мамлакатимиз тиббиётчилари билан ёнма-ён туришди. 30 август куни эрталабдан меҳмонларнинг Намангандаги гуруҳи вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ташриф буюрди.
- Икки кундан буён Намангандамиз, - деди гуруҳ раҳбари, инфекционист-врач Ҳайдар Тагирович Зайнулин. - Кеча вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлган бўлсак, бугун вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг ўзидамиз. Яна икки кун туманларга чиқиб ҳамкасбларимиз билан биргаликда фаолият юритамиз. Энг муҳими, ҳамкорлигимиз икки томонлама манфаатга эга. Ҳам ўргатамиз, ҳам ўрганамиз. Пандемияга қарши курашда Россиянинг тажрибаси Ўзбекистонга, Ўзбекистоннинг тажрибаси Россияга қўл келиши, ёрдами тегиши шак-шубҳасиздир
Дарҳақиқат, инфекционист, терапевт, кардиолог ва пульмонологлардан иборат олти кишилик гуруҳ ҳар дақиқадан самарали фойдаланишга интилди. Улар наманганлик инфекционист врачларнинг фаолияти, коронавирусни юқтириб даволанаётган беморларнинг ҳолатлари билан яқиндан танишишди. Махсус ҳимояланган конбинзон билан палаталарга киришди. Ҳатто оғир ётган беморларни ажал комидан "тортиб" олиш учун қўлланилаётган энг зарур чора-тадбирларни кузатдилар. Беморларнинг "касаллик варақалари", таҳлиллари ва муолажалари билан танишдилар, керакли кўмак учун бор билим ва малакаларини беминнат сарфладилар.
- Сизлар Сovid-19дан халқингизни омон сақлаш учун барча керакли тиббий тадбирларни юқори даражада бажаришнинг ҳадисини олибсизлар, - дея алоҳида эътироф этди врач-терапевт Ленар Фархадович Минхайров. - Айниқса реанимация блокидаги шароитларни биз пойтахтда учратганмиз, холос, Наманганда ҳам у ердагидан қолишмайдиган жиҳозу-аппаратлар муҳайё экан. Бу - халқингизни пандемиядан имкон қадар беталофат олиб чиқиб кетишга юксак эътибор қаратилаётганини яққол кўрсатади. Мутахассислару ҳамшираларгача етарли кўникмалар ҳосил қилиб олишганига жуда ҳавасимиз келди. Сизларнинг меҳрибонлик ва жонфидоликда ҳеч бир халқдан қолишмасликларинга ишончимиз тўла комил бўлди. Ягона мақсад барчамизни яқинлаштирди, орадаги масофа қанча йироқ бўлмасин, дўстона борди-келдилар бизлар учун ҳам, сизлар учун ҳам беҳад фойдали. Ҳамкорликда ҳали кўп ишлар қиламиз. Пандемияни башарият бошидан тезроқ аритишга, албатта, бирга-бирга эришамиз!
Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари ва беморлари учун меҳмонларнинг ташрифи коронавирусни муваффақиятли даф этишга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади. Бош врач Жакбарали Қурбонов таъкидлаганидек: "Биз Ибн Синонинг издошларимиз, бунинг масъулияти ғоят юксак. Дунё халқларига аждодимизга муносиб авлод эканимизни яна бир бор кўрсатишга кеча-кундуз бурчлимиз".
Зеро, инсониятнинг ақл-заковат кучи ҳар қандай вирусдан, бало-офатдан устун. Чунки, зотишарифликнинг илдизлари бут! Эртанинг гуркироқ ва порлоқ умидлари қалбимизни кураш ва жасорат туйғуларига муттасил тўлдириб тураверади.