Коронавирус пандемияси муносабати билан қатор давлатларнинг вакиллари турли мамлакатларнинг мутахассислари билан ҳамкорлик қилишмоқда. Жумладан, республикамизда Россия, Туркия, Германия ва ХХР тиббиётчилари иш олиб боришмоқда. Ўтган ҳафта туркиялик бир гуруҳ шифокорлар Наманганга келишди.
Меҳмонлар дастлаб вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ташриф буюришди. Улар вилоятдаги эпидемиологик вазият, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш жараёнлари, аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот ишлари билан танишдилар. Шифохонада маҳаллий врач ва мутахассислар билан мулоқот даврида бу ҳақда батафсил маълумот берилди. Шундан кейин Туркия делегацияси аъзолари шифохонанинг бўлимларини кўздан кечирдилар. Беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолатини ўрганиб, бир неча хасталанган инсонларни тиббий кўрикдан ўтказдилар.
- Давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва турли соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Коронавирус пандемияси жаҳон миқёсида хавф солиб турган пайтда тиббиёт соҳасидаги кўмакларимиз муҳим аҳамиятга эга, - дейди доктор Юсуфбей. - Бир неча кундирки, мамлакатингиз бўйлаб сафарда юрибмиз. Жойларда коронавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган тизимли ишларни эътироф этиш жоиз. Туркияда ҳам бу касаллик жуда мураккаб вазиятни юзага келтирган эди. Карантин талабларига қатъий амал қилиниши туфайли унинг талофатларини камайтиришга эришганмиз. Умид қиламизки, бу тажрибалар Ўзбекистонда ҳам ўз натижасини кўрсатади.
Туркиялик шифокорлар вилоятимизда тўрт кун мобайнида ўзаро тажриба алмашдилар, беморларни самарали даволаш юзасидан тавсияларини бердилар.