Россия Федерациясидан келган шифокорларнинг Намангандаги тўрт кунлик ташрифлари якунига бағишланган видеоанжуман бўлиб ўтди. Тошкентдаги студияда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова, Намангандаги студияда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари, шаҳар ва туманлардаги студияларда эса тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда мутахассислари иштирок этишди.
Видеоанжуманни Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди. Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова ўз сўзида Ўзбекистон ва Россия тиббиётчиларининг пандемия шароитида Covid-19га қарши ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ижобий натижалар бераётганлигини мамнуният билан таъкидлади.
Тадбирда Қозон шаҳридаги 7-шаҳар шифохонаси врач-инфекционисти Ҳайдар Зайнулин, мазкур шифохона қон-томир жарроҳлиги бўлими кардиологи Лейла Валиева, Москвадаги Пирогов номидаги Миллий жарроҳлик тиббиёт маркази врач-реаниматологи Сергей Коршуновлар ўзбекистонлик шифокорларнинг коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида олиб бораётган ишларини юқори баҳоладилар. Шу билан бирга касалликни даволаш самарадорлигини оширишга доир ўз тавсия ва таклифлари билан ўртоқлашдилар. Жумладан, мобиль бригадалар фаолиятини кучайтириш, шифохоналарга ўрнатилган сунъий нафас олиш аппаратларини бошқариш учун врач ва ҳамшираларни ўқитиш, даволаш жараёнларида горманал терапияга урғу бериш ва бошқалар хусусида фикрлашиб олинди.
Савол-жавоблар чоғида коронавирус инфекциясига учраган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, уларни оғир дарддан халос қилиш билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритилди.
- Гўзал ва мафтункор Намангандан бой таассуротлар билан қайтяпмиз. Айниқса, меҳмондорчиликка гап йўқ. Коронавирусга қарши мардонавор курашаётган шифокорларга омадлар ёр бўлсин, - дейди Ҳайдар Зайнулин.
Россиялик шифокорлар гуруҳи юртимиздаги фаолиятни давом эттириш учун Фарғонага жўнаб кетдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.