Аввал хабар қилганимиздек, коронавирус пандемиясига қарши курашда ҳамкорлик қилаётган туркиялик шифокорларнинг бир гуруҳи вилоятимизда бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган тиббиёт масканларига бориб, у ерларда яратилган шароитлар, маҳаллий шифокорларнинг фаолияти, беморларни хасталикдан халос этиш борасидаги ишлар билан танишдилар. Шу билан бирга Covid-19га қарши курашда Туркияда тўпланган тажриба асосида ўз тавсиялари билан ўртоқлашдилар. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида кечган мулоқотларда шу ҳақда сўз борди.
Туркиялик тиббиётчилар гуруҳи вилоят кардиология марказига ҳам ташриф буюришди. Марказ директори Ботижон Маъмуров аҳолига кўрсатилаётган кардиологик хизмат, уни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, айниқса фаолиятда қўлланилаётган янги тиббий техника ва технологиялар, кардиожарроҳлик йўналишида эришилаётган ютуқлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. МСКТ, рентгенэндоваскуляр хирургия, реанимация бўлимларида диагностика ва даволашда татбиқ этилаётган янгиликлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
- Юртингиз тиббиётидаги юксалишлар, шифокорларнинг изланишлари таҳсинга лойиқ,-дейди истамбуллик мутахассис Сан Абдулазиз. - Соҳа ривожига татбиқ этилаётган янгиликлар эл саломатлигини муҳофазалашда, албатта, ижобий самарасини беради.
Меҳмонлар ташриф доирасида "Анамед" клиникасида ҳам бўлдилар.