Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуаси ёпиқ залларида шакллантирилган
махсус саралаш марказидан репортаж.
Беш ойдирки, жаҳонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Кўзга кўринмас ёвга тўсиқ қўйиш ишлари етарли даражада ташкилланмаган давлатларда эса мураккаб вазиятлар юзага келиб, мудҳиш оқибатлар кузатилди.
Мамлакатимизда пандемия шароитида кўрилаётган зарур чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, хатар ёйилиб кетишининг олди олинибгина қолмасдан, коронавирусга чалинган ҳамюртларимизни самарали даволашга эришилмоқда. Жумладан, "Баркамол авлод"да вужудга келаётган эҳтимолий ҳолатларда соғлиқни сақлаш тизими узлуксиз ва изчил фаолият кўрсатишига кўмаклашувчи тиббиёт маркази бу борада қўйилган муҳим қадамдир.
Бир неча кундирки, қурувчию муҳандислар, шифокору ҳамширалар ҳамкорликда меҳнат қилишмоқда. Уларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари билан қисқа фурсатда спорт мажмуаси замонавий шифохона кўринишини олди. Энди коронавирус инфекциясига гумон қилинганлар тўғри шу масканга олиб келинади. Ташхислаш ва саралаш марказида беморлар зудлик билан қабул қилиниб, касалликнинг кечишига қараб алоҳида хоналарга ётқизилади.
500 ўринга мўлжалланаётган марказда 20 ўринли реанимация бўлими ҳам очилган. Қолган хоналарнинг барчаси кислород етказиб берувчи тармоқларга уланган. Улар ҳаво билан мунтазам таъминловчи станциялар билан боғланган.
- Коронавирус инфекциясига дучор бўлган беморлар кўпинча ҳаво етишмаслигидан қийналишади. Марказда эса бундай ҳолат кузатилмайди. Чунки, палаталар энг замонавий нафас олишга мадад берувчи тиббиёт асбоблари билан таъминланган. Жонлантириш бўлимига эса янада такомиллашган аппаратуралар ўрнатилган, - дейди реаниматолог Сардорбек Асқаралиев.
Дарҳақиқат, ушбу марказни янги давр шифохонаси десак, муболаға қилмаган бўламиз. Унда ташхислаш ва даволашда қўлланиладиган энг мукаммал тиббий жиҳозлар мавжуд. Бинодаги ҳароратнинг мўътадиллигини сақлаш учун ўнлаб кондиционерлар ишлаб турибди. Муассасадаги жараёнлар камера назоратида.
- Марказ коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони бирдан ортиб кетиши кузатилган қийин вазиятларда бағоят асқотади. Шунинг учун ҳам унга энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари олиб келиб ўрнатилмоқда. Марказнинг яратилишида Наманган вилояти ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалий ёрдами катта бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз, - дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов.
Айни пайтда ташхислаш ва саралаш марказини фойдаланишга топширишга тараддуд кўрилмоқда. Шу билан бирга шифохонада хизмат қиладиган 20 нафар врач ва мутахассислар, 80 нафар ҳамшира ва 20 нафардан ортиқ ёрдамчи ходимларни танлаш ҳамда тайёрлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Навбатдаги ўқув машқида ишга қабул қилинадиган саломатлик посбонларига ҳимоявий кийимлардан фойдаланиш қоидалари тушунтирилди.
- Ҳозирги мураккаб шароитда коронавирус инфекциясига қарши курашаётганлар қаторида бўлиб, хавфли касалликдан беморларни халос қилишга ўз ҳиссамни қўшишни бурчим деб билдим. Шу боис ҳам янги марказга кўнгиллилар қаторида ишга кирмоқчиман, - дейди ҳамшира Ҳилола Сувонова.
Янги муассаса коронавирус инфекцияси хатаридан ҳамюртларимизни ишончли муҳофазалашда, касалликка дучор бўлганларни эса соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.