Аввал хабар қилганимиздек, Хитойнинг "Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd." фармацевтика компанияси ҳамда Цзянси анъанавий хитой табобати университетининг 10 нафар шифокор ва мутахассисларидан иборат гуруҳ юртимизда бўлиб турибди.

Хитойлик мутахассисларининг фикрига кўра, анъанавий хитой табобати Ғарб тиббиёти билан биргаликда "COVID-19"ни олдини олиш, уни даволаш ва реабилитациясида муҳим аҳамият касб этади. Буни мамлакатнинг бир қатор вилоятларида, биринчи навбатда, янги коронавирус тарқалишининг марказига айланган Хубэйда ўтказилган клиник кузатишлар ҳам тасдиқламоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Хубэй провинциясида коронавирусга чалинган беморларнинг 91,6 фоизи ва мамлакат бўйлаб эса уларнинг 92,4 фоизини соғайишида айнан анъанавий хитой табобати ҳам алоҳида аҳамият касб этган.

- Энг қизиғи, коронавирусга қарши курашиш учун Ухан шаҳрига 42 минг нафар хитой халқ табобати вакиллари сафарбар қилинган бўлса, уларнинг биронтаси ҳам инфекцияни юқтириб олмади, - дейди Хитой "Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd." фармацевтика компанияси президенти Сюэжун Линь. - Бунинг сабаби, биринчидан, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланишганида бўлса, иккинчидан, халқ табобати усулида тайёрланган дори воситаларини қабул қилганларидадир. Ўзбекистонда "COVID-19" билан олдинги сафларда курашаётган тиббиёт ходимлари учун ҳам ушбу дори воситаларини етказиб берамиз.

Ўз ўрнида Сюэжун Линь Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов билан мулоқот давомида 4 йўналишда анъанавий хитой табобати усулида тайёрланган дори воситаларини қўллаган ҳолда коронавирус инфекцияси билан курашишни таклиф қилди. Биринчиси - касалликни профилактикасида, иккинчиси - коронавирусни енгил шаклда бошдан ўтказаётган беморларни даволашда, учинчиси - енгил шаклдаги беморларнинг ҳолати оғир ва ўрта оғирга ўтиб кетмаслиги учун парвариш қилишда ва охиргиси - "COVID-19"дан соғайганларни реабилитация қилишда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда "COVID-19" инфекция­сига қарши курашишда хал­қаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу борадаги жаҳон тажрибасини амалиётга татбиқ қилиш мақсадида Юртбошимиз топшириғи билан шу кунга қадар Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Корея Республикаси, Туркия каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюришганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.