Юртимизда пандемия шароитида коронавирус инфекциясига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Барчанинг диққат- эътибори кўзга кўринмас ёвнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик учун зарур тартиб-қоидаларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Наманган ҳудудий бўлинмаси жамоаси ҳам муайян ишларни олиб бормоқда. Хусусан, юмшатилган карантин пайтида амал қилиниши лозим бўлган талаблар тарғиботига кенг ўрин берилмоқда.
- Коронавирус инфекцияси менга юқмайди, деган фикрдан йироқ бўлиш керак. Хатар ҳамон мавжуд ва унга қарши кўрилаётган чоралар эса амалда. Энг асосийси, тиббий ниқоб тақишни, ижтимоий масофа сақлашни, қўлларни мунтазам ювиш ва антисептик гигиена воситаларидан доимий фойдаланиш зарурлигини унутмаслик керак, - дейди Миллий палата вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ирода Мусаева. - Касалликни юқтириб олишнинг олдини олишда эса муҳофазаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун вилоятимиздаги бир қатор ташкилот, идора ва даволаш-профилактика муассасаларига тана ҳароратини доимий назорат қилишда қўлланиладиган электрон ўлчагичлар туҳфа қилдик.
Карантин тартиблари ўрнатилганидан бери ҳудудий бўлинма кўплаб саховат тадбирларида иштирок этган. Аҳолига тиббий ниқоблар тарқатиш, коронавирусга чалинганларни даволашда қатнашаётган тиббиёт ходимлари оиласидан хабар олиш каби хайрия ишлари шулар жумласидандир.
Севара ҒОЗИЕВА.