У Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали тез тиббий ёрдам бўлими мудири, II даражали "Саломатлик" ордени соҳиби Одилжон Норбўтаевдир.
Бу инсоннинг касбига садоқати, вазифасига виждонан ёндошуви, зиммасидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда синовли, оғир кунларда жонсараклик билан нафақат бир ўзи, балки бутун жамоаси билан бир тану-бир жон бўлиб инсонлар саломатлигини сақлаш учун курашаётгани ғоят таҳсинга сазовор. Пандемия балоси бошлангандан буён, ҳаловати йўқолган. Ахир эл бошига иш тушганда хотиржамликка берилиб бўладими?
О. Норбўтаевнинг иш фаолиятига назар солган киши бутун умрини, ҳаётини инсонларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун бахшида қилганини илғаши унчалик қийин эмас. Андижон давлат тиббиёт институтини тугаллаб, Наманган тўқимачилик комбинати тиббий-санитария қисмида интернатурани ўтаган ёш врач илк иш фаолиятини 1995 йилда Наманган шаҳар тез ёрдам марказида йўналиш бригада шифокорлигидан бошлаган. 1997 йилдан Наманган шаҳар 2-сонли тез тиббий ёрдам марказида даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари, 2004 йилдан РШТЁИМ филиалида тез ёрдам бўлими врачи, 2006 йилдан филиалнинг санитария - ҳаво йўллари ва фавқулотда вазиятларда тез тиббий ёрдам ишларини ташкил қилиш бўлими мудири, тез ёрдам бўлими катта врачи, 2011 йилдан эса тез тиббий ёрдам бўлимининг мудири вазифасида элга ҳалол ва фаол хизмат қилиб келмоқда. Қарийб 25 йиллик меҳнат фаолияти давомида вилоятимизда соҳа ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётгани ҳам аслида ҳар қандай ардоққа муносиб.
Айни пайтда у бошчилик қилаётган бўлим жамоаси Наманган шаҳрининг 600 мингдан зиёд аҳолиси учун биринчи тиббий ёрдам хизмати кўрсатади. Мавжуд 49 та бригада кечаю-кундуз аҳоли чорловига шай ҳолатда. Чақирувларга ҳамиша "лаббай" дея жавоб беришади ва зудлик билан манзилга етиб боришади. Шаҳарликларнинг сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлишлари учун шароитлар муҳайё. Чунки 2 та реанимация, 1 тадан кардиология, акушер-гинекология ва асаб - руҳий касалликлар бўйича махсус бригадалар тузилган. Бу эса оғир ва ўта оғир беморларга уй шароитида ва шифохонагача бўлган даврда ихтисослашган тез тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратади. Шунингдек, "Дамбоғ", "Лола", "Сув ҳўжалиги", "Кичик ноҳия", "Сумалак" ва "Мингчинор" шохобчалари шифокорлари ҳам беморларга қисқа вақт ичида етиб бориб, кечиктирмай тиббий ёрдам кўрсатишнинг уддасидан чиқишмоқда.
Мукаммал таъмирланган биноларда шифокору фельдшерлар ва ҳайдовчиларга барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Санитар транспортлари учун айвонлар қурилган. Ҳудуд деворлари янгиланиб, ҳовлига асфальт ётқизилган. Қолаверса, нафақат ўзимизнинг "Дамас" автоуловлари, Жанубий Корея ва Япония давлатларида ишлаб чиқарилган "Хундай" ва "TOYOTO HETAGI" санитар автомобиль-реономобилларигача эга бўлинганлиги, уларда то беморларни шифохонага етказиб боргунига қадар, йўлдаёқ энг керакли муолажаларни ўтказиш имкониятларини туғдирмоқда. Айниқса, барча тез тиббий ёрдам шохобчаларида энг замонавий портатив ЭКГлар, Р-2088-1С маркали дефибрилляторлар, электроотсослар, сунъий нафас олдириш қопчалари, пульсоксиметрлар, туғруқ учун акушерка жамланмалари, шикастланганлар учун бўйин таянчларидан самарали фойдаланилмоқда.
Кейинги пайтда РШТЁИМ вилоят филиали тез тиббий ёрдам станцияси негизида бутун вилоятимиз ҳудудида шошилинч чақирувлар учун мўлжалланган, туну кун ишлайдиган ягона 103 телефон рақамининг узлуксиз таъминлайдиган "CaII маркази" ташкил этилиб, оргтехника базаси ривожлантирилди. Марказ талаблар даражасида жиҳозланди, диспетчерлар билан таъминланди. Ҳозирги кунда шаҳар худудидаги тез тиббий ёрдам бригадалари марказлашган ҳолда назорат қилинмоқда. Унда шаҳар аҳолисидан тушаётган чақирувларни қабул қилиш учун 13 та диспетчерлик постлари мунтазам ишлаб турибди. Энг қувонарлиси, бўлим шохобчаларига ҳам марказлашган ҳолда, босқичма-босқич тиббий жиҳозлар тўплами тарқатилди. Тиббий сумкалар ва акушерлик тўплами, АМБУ қопчаси, акушерлик жамланмаси, қайчи, пинцет, танометр ва фонендаскоп ва бир марталик ишлатиладиган тиббий жиҳозларгача етарли. Барча ихтисосликдаги бригадаларда дефибриллятор, пульсаксиметр, ЭКГ ва электросўрғичларгача бор. Айниқса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган формуляр бўйича 61 хил дори-дармонлари мавжуд. Филиал дорихонасида 3 ойлик дори заҳираларигача тахт қилиб қўйилган
Инсон саломатлиги йўқолганда кўрсатилган биринчи ёрдам, уни тезроқ дарддан фориғ бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда, кўнгилсиз ҳолатларга ҳам олиб келиши мумкин. Баъзан шундай вазиятлар бўладики, маълум бир сабабларга кўра бригадаларда шифокорлар етишмай қолади. Шундай пайтларда Одилжон аканинг ўзи ҳам чақирувлар сари йўл олади. Ҳамкасбларига мададкор бўлади, раҳбарманку дея хонасида ястаниб ўтириш унга бегона.
Айни пандемия бошланганидан буён унинг бошчилигидаги "тез ёрдам"чилар асло хотиржамликка берилганлари йўқ. Ўз вақтида беморлар хонадонларига ошиқишмоқда. Дардмандларга тез ва сифатли ёрдамга шай саломатлик посбонларининг тинимсиз хизматлари пандемияни чекинтиришда, занжирини узишда бош омиллардан бири бўлди. Айни вирус авж олган, карантин чекловлари кучайтирилган кунлари иситмалаган беморлар учун алоҳида 10 та махсус бригадалар тузилди. Улар иситмага шубҳа қилинган ва мусбат аниқланган беморларга тиббий хизмат кўрсатишди. Чақирувларни қабул қилишни осонлаштириш мақсадида 2 та диспетчер операторлари қўшилиб, уларнинг сони 14 тага етказилди. Бригадалар вирус занжирини узиш, ҳарорати кўтарилганларни алоҳидалаш учун жуда-жуда фаол бўлишди.
- Одилжон ака тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятларнинг фаол тарғиботчиси. Аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш, беморларни даволаш ва касалликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш бўйича илмий тавсияларни, илғор тажрибаларни амалиётга кенг тадбиқ этиб келмоқда, - дейди филиалнинг директор ўринбосари вазифасини бажарувчи Адҳамжон Ирисбоев. - Жонкуяр шифокор ташаббуси билан филиалнинг энг замонавий аппаратура ва илмий изланиш учун грантлардаги иштироки ғоят мақсадга мувофиқ. Етакчининг ишга масъулият билан ёндошиб, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларимиз соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлашда чинакамига ўрнак кўрсатиб келаётганини ҳам мамнуният билан таъкидлаш жоиз. 2011 йилдан буён вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига тез тиббий ёрдам хизмати бўйича штатсиз бош мутахассис сифатида ҳам кўмак бериб келмоқда.
Дарҳақиқат, эл олқишига сазоворланиш, юксак эътирофларга эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Ютуқлар ортида тинимсиз қилинган меҳнат машаққати, ўқиб-изланиш заҳмати ётибди. Олқишу шарафларга эга бўлмоқлик устозлар ўгити, шогирдларга кўрсатаётган ғамхўрликлари туфайлидир. О. Норбўтаев устозлари Олимжон Абдураҳимов, Аҳад Зияевлар номини ҳамиша ҳурмат билан тилга олади. Фаолияти давомида уларнинг ўгитларига амал қилиб, тажрибаларига суяниб асло кам бўлмаганлигини шогирдлари Икромжон Тошпўлатов, Санжарбек Турдиев, Мирзоҳид Абдуллаев, Жамолиддин Жалиловларга мамнуният билан сўзлайди. Қолаверса, унинг юксак мукофотга муносибланиши падари бузруквори Мамадали ота ва волидаи муҳтарамаси Турсунхон аядан умрларининг сўнггигача олган дуолари шарофатидан бўлса ажаб эмас.
Одилжон Норбўтаев айни маҳалда меҳрибон оилабоши ҳам. Турмуш ўртоғи Ҳилола опа билан 3 нафар фарзандни ўзларидек зиёли, элга нафи тегадиган инсонлар қилиб вояга етказдилар. Қизлари Гулшода ва Замиралар оналари каби ўқитувчилик касбини танлашган. Ўғиллари Бобурмирзо эса отасидай етук шифокор бўлишни ниятлаган. У ҳозирда Россия Федерациясидаги Ульяновск тиббиёт олийгоҳида таҳсил олмоқда.
Биз Президентимизнинг 2020 йил 23 июндаги Фармонига мувофиқ II даражали "Саломатлик" ордени билан тақдирланган фидойи инсоннинг келгуси фаолиятида ҳам улкан муваффақиятлар тилаймиз. Халқ хизматидан ҳеч қачон чарчаманг, Одилжон ака!
Манзура ЭРГАШЕВА.