- Камқонликдан қийналардим, терапевт Соҳибжон Собитжоновга учрадиму, аҳволим анча яхшиланди, - дейди Юлдузхон Фазлиддинова. - Дўхтирнинг айтганларига амал қилиб, дори-дармонлар қабул қилиш билан бирга овқатланишга алоҳида эътибор бераётганини, айниқса, темир моддаси кўпроқ бўлган маҳсулотлар истеъмол қилаётганим учун ўзимни бардам ҳис этиб, тезда соғайишга эришдим. Қимматли йўл-йўриқ ва маслаҳатларини аямаётган шифокорлардан беҳад хурсандман.

Қон босимидан озор чекиб, эндиликда унинг меъёрига тушганидан қувонган Юлдузхон Сиддиқовадан ҳам шундай дил изҳорларини эшитдик.

Тез ва тўғри ташхис ҳамда самарали муолажалар туфайли соғ­лигини тиклаётганларнинг эса сону саноғи йўқ. Терапевт Гулноза Шарипова, педиатр Зуннунжон Муҳиддинов, окулист Салоҳиддин Жавҳаров, невролог Дилшоджон Шобаҳрамов, акушер-гинеколог Зулхумор Шариповалар беморларни очиқ чеҳраю ширин сўзлар билан қабул қилишга одатланишган. Гулчеҳра Маҳкамова, Дилфуза Дўстматова, Мунира Мадалиева, Муяссар Нишонова сингари ҳушёр ва чаққон ҳамшираларнинг муолажалари эса доимо беозор.

- Ходимларимиз ўз касбларининг чинакам усталарига айланишган, -  дейди фахр билан катта ҳамшира Дилобар Абдуллаева. - Ҳамкасбим Феруза Абдуллаева эса патронажларнинг фаолиятини яхши йўлга қўйган. Аҳоли билан яқиндан алоқа боғлаган. Касалликларнинг олдини олиш учун тарғибот-ташвиқотга доимо эътиборли.

Беморлар олқишини олиш аслида осон эмас. Фахриддин Мансуров мудирлигидаги мазкур муассасанинг оқ халатли шифокорлари ана шундай аҳилликдаги фаол хизматлари эвазига мушарраф бўлишмоқда.

Адолат Бадриддинова.

Суратда: поликлиника мудири Ф. Мансуров жамоага янги вазифаларни белгилаб бермоқда.