Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Тўрақўрғон тумани, "Файзиобод" МФЙ ҳудудида MEDICAL CENTERE HASAN диагностика, даволаш маркази ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши жараёни билан танишди.

Аввалги қишлоқ участка шифохонаси ўрнида бунёд этилаётган майдони 36 сотихдан иборат мажмуанинг лойиҳа қиймати 3 млрд. сўм бўлиб, 1 млрд. сўм миқдорида банк кредити ва 2 млрд. сўми тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилиб, айни пайтда пардозлаш ишлари поёнига етмоқда. Фаолият бошлангач 60 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Лойиҳани кўздан кечирар экан, вилоят раҳбари белгиланган вазифалар тез, пухта, сифатли, самарали ва ўз вақтида бажарилиши лозимлигига аҳамият қаратди.

- Биз шифокорлар тимсолида эл соғлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз. Ҳозирги кунда юзага келган вазият юртимизнинг ҳар бир фуқароси зиммасига катта масъулият юкламоқда. Айниқса, тиббиёт ходимларининг елкасидаги юкнинг залвори оғирроқдир.

Барпо бўлаётган бундай замонавий шифо муассасалари янги иш ўринлари вужудга келтирилишида ва аҳоли саломатлиги борасида самарали хизмат қилиши шубҳасиз, - деди Хайрулло Бозоров.

Наманган вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати