Ҳозирги мураккаб шароитда соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини юксалтириш, айниқса унинг моддий-техник имкониятларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Вилоятимизда бу йўналишда ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда хориждан келтирилган, қиймати 2 миллиард сўмга яқин замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари коронавирус инфекциясига қарши кураш олиб бораётган даволаш муассасаларига етказиб берилгани, қолаверса вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағга 12 та янги "Дамас-амбуланс" санитар автомашиналари харид қилиниб, тез тиббий ёрдам хизматига тақсимланганли ҳақида хабар берган эдик.
Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳам бу хайрли ишни давом эттирди. Маҳаллий бюждетдан ажратилган 1 миллиард 400 миллион сўмга яқин маблағ эвазига 17 та "Дамас-амбуланс" автомашиналари сотиб олинди. Яқинда ана шу транспорт воситаларини фойдаланувчи муассасаларга топшириш маросими ўтказилди.
Шу муносабат билан ташкилланган тадбирни Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳиржон Бойдадаев кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов йиғилганларни улуғ айём - Қурбон ҳайити билан муборакбод этди. Шаҳар ҳокимлигининг янги ташаббуси соҳа фаолияти тараққиётини таъминлашда муҳим омил бўлганлигини таъкидлади. Кўзга кўринмас ёв - коронавирус инфекцияси ёйилиб кетишининг олдини олиш учун фидойиларча хизмат қилаётган саломатлик посбонларининг иши самарадорлигини оширишда бу автотранспорт воситалари ғоят қўл келишини эътироф этди.
Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустамжон Исоқов, тиббиёт фахрийси Зарифа Қосимовалар ҳам яратилаётган имкониятлар эл соғлиғини мустаҳкамлаш, юқумли касалликка ғов бўлиш йўлида тинмай елиб-югураётган варчу ҳамшираларга қанот бағишлаши хусусида гапирдилар. Шундан сўнг 15 та оилавий поликлиника бош врачларига автомашиналарнинг калитлари тантанали равишда тоширилди.
- Узоқ йиллардан бери бирламчи тизимда ишлайман. Ҳеч қачон тиббиётнинг ушбу бўғини бу қадар қўллаб-қувватланмаган. Имкониятларимиз кенгайтирилганидан беҳад мамнунмиз. Ҳалқимиз соғлиғини янада мустаҳкамлаш, шундай синовли кунларда одамларга далда бўлиб, уларнинг коронавирус балоси ҳақидаги тушунчаларини бойитиш, соғлом турмуш тарзи қоидаларини тарғиб қилишда юқори натижадорликни таъминлаш сари интилаверамиз, - дейди 8-оила поликлинкаси бош шифокори Наргиза Турсунова.