Истиқлол йилларида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизими ҳам ҳар жиҳатдан равнақ топганлиги, хизмат кўрсатиш даражаси эса замонга ҳамоҳанг равишда тараққий эттирилаётгани сир эмас. Бу изчил саъй -ҳаракатлар коронавирус пандемияси жаҳонни титратган даврда ҳам асло сусайгани йўқ.

Кейинги йилларда Инвестиция дастури доирасида биргина Наманган вилоятида улкан ишлар амалга оширилганлиги барчага аён. Ўнлаб янги тиббиёт масканлари қурилди, эскилари эса давр талаблари асосида қайта реконструкция қилинди. Бунёдкорлик ишлари ҳозирги мураккаб, яъни карантин шароитда ҳам тўхтовсиз давом эттирилмоқда.

- Ҳозир тиббиёт соҳасига оид 15 та объект­да қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бинокорларимиз тиббиёт муассасалари бино ва иншоотларини сифатли таъмирдан чиқариш чораларини кўрмоқдалар, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бош мутахассиси Аслиддин Раҳмонов.

Ҳа, айни кунларда қайси ҳудудга борманг, қўли гул қурувчиларнинг ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётганликларини кўрасиз. Жумладан, Наманган шаҳрининг марказида янги туғруқ комплексига ажратилган бинолар таъмирдан чиқарилмоқда. Ислом Каримов кўчасидаги аввалги травматология шифохонаси ўрнида қад ростлайдиган янги мажмуа вилоят миқёсидаги ғоят ўткир муаммо - туғруқхоналардаги ўринлар етишмаслиги масаласига ечим топиш имконини беради.

Ҳозир объектда пудратчи ташкилот - "Наманган давр қурилиш" МЧЖ бинокор ва мутахассислари иш олиб боришмоқда. Том қисми, бино ичини қайта реконструкция қилиш, электр тизимини янгилаш билан боғлиқ жараёнлар авжида. Қурилиш материалларини ғамлаш юмушлари ҳатто якшанба кунлари ҳам давом эттириляпти. Чунки, вақт жуда тиғиз.

Шунингдек, РШТЁИМ Наманган филиали, Наманган шаҳар 2-туғруқ комплекси, 1-сонли шаҳар шифохонаси, шаҳар болалар шифохонаси, Наманган, Тўрақўрғон, Уч­қўр­ғон, Уйчи туманлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли қатор муассасалар, Косонсой, Уйчи, Учқўрғон, Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманларидаги санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари биноларини реконструкция қилиш ишлари ҳам жадал. Мухтасар қилиб айтганда, жорий йилда бюджетдан ажратиладиган салкам 76 миллиард сўм маблағ ре­конструкция ва капитал таъмирлаш ишларига сарфланади. Пировардида эса истиқболли лойиҳалар ижобати боис тизим салоҳияти янада юксалади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.