Бу - Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театри актёри, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Тур­ғун Бекназаровнинг зўр мамнуниятга тўла эътирофи ва таъкидларидир.

Чунки, у киши яқинда коронавирусга чалиниб, тумандаги юқумли касалликлар шифохонасида даволиб чиқдилар. Қуйида наманганликларнинг бемор меҳмони йўллаган миннатдорчилик мактубининг мухтасар матни билан танишасиз:

"Мен шу йилнинг 23 июлидан Чуст тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида ётишимга тўғри келди. Соvиd-19 вируси юқиб оғир аҳволда келганимда, бу қадар меҳр-эътибор кўраман, деб ўйламаган эдим. Аввало, бирлашма бош врачи Насиба Худойбердиевна Бозорова ўта масъулиятли раҳбар эканининг шоҳиди бўлдим. Ўн кун муолажа олгач, аҳволим яхшиланиб, дунёга янгидан туғилгандай ўзимни илгаригидек соғлом ҳис қилдим. Қисқа фурсатда танамга соғлиғимни, кўнглимга қувончимни қайтарган фидойи тиббиётчиларга мингдан-минг тасаннолар айтсам арзийди. Айниқса, даволовчи врач Барно Раҳмонова, реа­ниматолог Самижон Раҳмонов, врач Зоҳиджон Сулаймонлар чуқур билимли, мукаммал малакали мутахасислар сифатида ўзларини кўрсатишди.

Шунингдек, Мунира Ҳайдарова, Насиба Рустамова, Ирода Маллаева каби ҳамширалар муолажаларни кеча-кундуз беозор амалга оширдилар.

Булардан ташқари бўлимда ташкилий-хўжалик ишларининг талаблар даражасида йўлга қўйилгани биздек беморларнинг шароитлари соз ва даволанишлари муваффақиятли олиб борилишининг муҳим омили бўлаётир. Хўжалик мудири Маҳмуджон Мубораков, тозалик бекаси ва озиқ-овқат тарқатувчиси Сайёрахон,Чаросхон ва Умидахонларнинг чаққонлигию, уддабуронликларини айтмайсизми. Ҳатто, туну кун қўриқлаб, тинчлик-хотиржамлигимизни таъминлаган Бахтиёржон ҳам бурчига содиқ, олқишларга муносиб йигит экан.

Мени қадрлаган ва қадрдонларимларга айланиб кетган чустлик тиббиётчиларга йўллаётган дил изҳорларим сўнггида яна бир бор таъкидламоқчиман: Насиба Худойбердиевна! Сиз ва жамоангиз мендек беморга ғоят оғир ҳолатда нажот қўлларингизни чўздингиз. Нафақат дори-дармонлар,айни вақтда мулойим муомалаю умидбахш ширин сўзларингиз билан тезда соғайтириб юбордингиз. Сизларнинг ўзингизга ҳам асло кўз тегмасин, ҳеч қачон эл хизматидан чарчаманглар!

Турғун Бекназаров. 2 август 2020 йил".

 

Ҳозирги ғоят синовли кунларда юқоридагидек ҳушкайфият бағишловчи дил сўзларига мушаррафликка эришиш осон эмас. Бунинг учун ҳушёрлик, чечанлик, тезкорлик, юксак муомала маданияти, шифокорлик шаънига муносиблик, энг кераклиси халқ саломатлигига зиён етказувчи салбий ҳолатларни бартараф этиш, коронавирусни юқтириб олганларнинг ҳаётини сақлаб қолиш заҳматини елкага олиш ҳамда чинакамига фидойилик кўрсатиш шарт. Чуст тумани тиббиётчилари барча талабларни тўкис уддалашда вилоятга ибратга арзийдиган даражада хизмат ташкил қилишяпти десак, асло муболаға эмас. Кўпмингкишилик тармоқ раҳбарининг оқилона бошқаруви барча муваффақиятларнинг асосий омилидир, албатта. Ахир тиббиёт бирлашмаси ва унинг шаҳар ва қишлоқлардаги қуйи муассасалари ишини ягона мақсад сари йўналтириш, фаолиятини уйғунлаштириш ўз-ўзидан бўлмайди. Билъакс, кечаю кундуз эл хизматида юрадиган, чақирувларга шай турадиган врачу ҳамширалар, фельдшерлар, бека, ҳайдовчиларнинг муаммолари йўқ, дейсизми. Уларни ўз вақтида, кечиктирмай ҳал этиш, беморларнинг самарали муолажа олишлари учун қулайликлар яратиш билан узлуксиз шуғулланадиган тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг вақти тиғиз, вазифалари кўпдан кўп, масъулияти юксакдан юксак. Бунинг учун Насиба Худойбердиевнадек билимдон, тажрибали, уқувли, оқила, омилкор бўлсагина одамларга манзур тиббий хизмат кўрсатиш муҳити барқарорлиги таъминланади.

Келинг, яхшиси унинг ҳақидаги маълумотлар билан таништирайлик: Насиба Бозорова 1966 йили таваллуд топган. 1983-1989 йилларда Андижон давлат тиббиёт институтида сабоқ олган. Дастилабки икки йили Наманган шаҳар поликлиникасида терапевт врач бўлиб ишлади. 1990 - 2008 йилларда Чуст тиббиёт коллежида ўқитувчи, умумтиббиёт кафедраси мудири, директор ўринбосари ва директорлигида фаолият юритди. Сўнгра роса ўн йил Чуст туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифаларини ҳалол ва фаол бажарди. 2018 йил 28 майдан ТТБ бошлиғи.

Демак, Насиба Бозорова катта ҳаёт мактабини ўтаган. Чустнинг у бормаган маҳалласи, юрмаган кўчаси қолмаган десак ҳам янглишмаймиз. Халқининг турмуши билан, одамлари билан, муаммолари билан яқиндан таниш. Мутахассислиги ва раҳбарлик лаёқати ҳисобга олиниб, бирлашма бошлиғи, бошқача айтганимизда туман бош шифокори лавозими ва мартабасига муносиб кўрилган. Эндиликда эса, бу танлов жуда ҳам тўғри бўлганлигини тумандошлари янада чуқурроқ англаб туришибди. Эътирофлар керагича, эътирозлар эса камдан кам. Аслида, тиббий хизмат соҳаси мураккаб, кўпминг кишининг фаолиятига боғлиқ, иш бор жойда муаммолар ҳам юзаланиб туриши табиий, албатта. Лекин бу кетишда камдан-кам эътирозларгаям тўла барҳам берилса ажабмас. Президентимизнинг "Халқнинг ризолигига эришиш - бош вазифа" деган йўл-йўриқлари улар учун ҳаракат шартига айланиб қолгани кўнгилда шундай ишонч уйғотади.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Икки йилу икки ярим ой вақт ичида Чуст туман тиббиёт бирлашмасида қандай диққатга сазовор ишлар, янгиликлар қилинди? Жавоб тайёр. Чунки, Насиба Худойбердиевна Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига ўтган даврнинг раҳбари. Юртбошимизнинг доимий эътиборида ва назоратида турган тармоқдаги 3664 кишилик катта-кичик тиббиётчилар жамоасига раҳнамо. Улар сафидаги 361 нафар юқори малакали врачлар, 2463 нафар ҳамширалар, фельдшерлар, ҳамиша ўз хизмат жойларида эл саломатлигини ҳушёр ва бедор ҳимоялаётган бурчига ҳамда қасамёдига содиқ эркагу аёллар, йигиту қизлардир. Бош врач шуларга ишонади, шуларга таянади, шуларга қулай шароит яратишга интилади. Шуларга ғамхўрлик беморларга ғамхўрликдан кам бўлмаслигини истайди.

Тиббиётнинг бирламчи тизимида тўкис фаолиятни йўлга қўйиш, бемор манфаатларига эътиборли муносабатда бўлиш, халқ билан самимий мулоқот асосида мавжуд муаммоларнинг "умрини" узайтирмасдан имкони борича ижобий ҳал этиш чора-тадбирларини белгилаш ва амалга ошириш янги раҳбарнинг доимий диққат марказида. Мавжуд 8 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 5 та қишлоқ врачлик пунктида замон талаблари даражасида беморларга тиббий хизмат кўрсатиши учун барча шароитлар муҳайёлигига эришиш ҳаракатига ҳамиша биринчи даражали вазифа сифатида қаралмоқда. Насиба Худойбердиевнанинг орзуси пойтахтда ва вилоят марказидаги оилавий поликлиникаларда қандай иш юритилаётган бўлса, қандай тиббий аппаратлардан фойдаланилаётган бўлса, қандай илғор усуллар даволаш жараёнида қўлланилаётган бўлса, Чустнинг чекка-чекка қишлоқларидаги тиббиёт масканларида ҳам шундай қилинишини таъминлашдир. Чунки, "Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмаслиги керак" деган шиор фақат қоғозда, панноларда, интернет сайтларда, мобиль воситаларда такрорланавермасдан ҳаётда барқарор воқеликка айлансагина, халқимиз соғлом, давлатимиз қудратли бўлишини яхши билади. Шу ишга бош-қош турганидан қониқиш ва фахр туяди. Фикримизни далилловчи мисоллар кўпу, улардан фақат бирини айтиб ўтсак кифоя деб ўйлаймиз.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов қишлоқ оилавий поликлиникалар ишини такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда Тошкент шаҳридаги 47-оилавий поликлиникани намунавий жиҳатларини алоҳида тилга олади. Ҳатто Наманганнинг шаҳар ва қишлоқларида ҳам худди шу каби муассасаларни вужудга келтириш учун янада астойдил жон куйдириш, аввало, ТТБ бошлиқларининг зиммасидаги долзарб вазифа эканини таъкидлайди.

- Юз марта айтгандан кўра, бир марта кўриш афзал, вақт топиб бориб-келинглар, ўрганинглар, пойтахтлик ҳамкасбларингдан! - деди йиғилиш сўнггида даъваткор руҳда.

Насиба Бозорова ғоят таъсирланди. "Бу борада чустликларга байроқдорлик, пешқадамлик муносиб. Тошкент бошқалардан кўра бизларга яқин, Қамчиқ довонидан ошилса, у ёғи бир қадамдайгина. Кечикмасдан бориб, кўриб ўрганиб, илғорларнинг ишини андоза сифатида ўзлаштириб олишимиз айни муддао" деган қарорга келди. Қисқа фурсатда ният амалга оширилди. Ажабтовур тасодифни қарангки, Тошкентдаги оилавий поликлиника ҳам, Чустнинг Баймоқ қишлоғидаги поликлиника ҳам бир хил - яъни 47 чи сонли даволаш муассасаси экан. Андозани юқоридан олиш - маррани баланд белгилаш ва шунга мувофиқ одатдагидан-да кўпроқ, астойдилроқ, масъулиятлироқ ишлашни тақозо этади. Бу вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғигаям ойнадай аён эди. Шу боис, Насиба Худойбердиевнанинг таклифларига ва талабларига хайрихоҳлик билан зарур кўмакни аямади. Давлат инвестиция дастурига мувофиқ мукаммал таъмирланган, реконструкциядан чиқарилган бинонинг ички хона ва залларидан тортиб, ташқи фасадигача хавас қилса арзийдиган қиёфага киритилди. Мазкур масканда кўргазмали семинар ташкилланиб, "47 чилар" тажрибаси вилоятга оммалаштирилди.

Давлат инвестиция дастури доирасидаги қурилиш-таъмирлашнинг давомийлиги, изчиллиги соҳадаги ислоҳотлар рўёбида ёрқин намоён. 2019 йили Шоён қишлоқ врачлик пункти мукаммал таъмирланди. Бу йил эса Тоймас қишлоқ вачлик пункти реконструкцияси поёнига етказилди. Биноларига яраша жиҳозу, тиббий аппаратларини янгилаш, бойитиш жараёни ҳам жадал. Шу боис, халқнинг узоғи яқин, мушкули осон, тиббий хизматдан хурсандлиги барқарор, эътирозлари камдан - кам. Мабодо туғилган тақдирдаям зудликда бартараф этиш учун шароиту имкониятлар яратиб бориш амалиётга киритилган. Ахир инсон саломатлигига дахлдор масала ҳамиша жиддий саналади. Лоқайдлик, бепарволик билан келиша олмайди. Буни бирлашма бошлиғи қуйи бўғин етакчи раҳбар - врачлари қулоғига қуйгани қуйган. Ўзи эса шахсий намунасининг таъсирчан кучини ҳеч вақт ёддан чиқармайди. "Гўдак йиғламаса, она кўкрагини тутмайди" деган халқ нақлини қўл остидагиларга ҳам бот-бот уқтиради, ўзи ҳам вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига, туман ҳокимлигига шунчаки йиғилишларда қатнашиш учунгина бормайди. У ёки бу масалада талашиб - тортишади, бошқача айтганда халқ манфаатини ўйлаб, ўзига хос равишда, беозор "йиғлайди", уларни ийдиради - кўмагидан, қўллаб-қувватлашидан, саховатидан баҳрамандланади. Алал-оқибат Чуст тумани тиббиёт учун энг зарур нарсаларни ундиришнинг уддасидан чиқади. Албатта, буларнинг барчаси осон кечмайди. Биламизки, гоҳ кичик, гоҳ катта миқдордаги пулга бориб тақалиши, ҳомийлар ҳимматига боғлиқлиги учун баъзиси тез, баъзиси кечикиброқ ҳал қилинишини яхши тушунади. "Сабрнинг ости олтин" эканини англаган ҳолда бардошини кутиш қийинчилигига қалқон қилиб яшашга ва ишлашга саботлиликдан обрў-ҳурматига гард юқтирмайди.

Марказий касалхонанинг моддий - техника таъминотини тўкислаш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлари самараси эндиликда кўзга ёрқин ташланмоқда. Мавжуд 450 ўриннинг матрас-тўшаклари тўлиқ равишда янгиланди. Уларнинг яна икки алмашувга етадиган оқликларигача муҳайё. Мавжуд ўн бир бўлимнинг бири биридан қолишмайдиган шароитини айтмайсизми. Барчасига газ-электр плиталари қў­йилган. Ҳатто микротўлқинли печигача бор. Беморлар чой қайнатиб ичишлари, овқатларини иситиб истеъмол қилишлари мумкин.

Шифохона ҳовлисидаги ободончилик ва кўкаламзорлик, озодалик ва саранжом-саришталик кишининг баҳру дилини очади. Кайфиятини ҳушлайди. Тиббиёт ходимларидан юқори муомала маданияти қатъий талаб қилинаётгани янада маъқулу манзур. Кўнгли шикаста беморларнинг улар ҳузурига киргандаёқ таскину умидбахш сўзлардан дардлари арий бошлайди, ихлосига ихлос қўшилади. Нажот фаришталарига дуч келгандай танларида енгиллик сезишади. Соғлиқлари ҳақида ўзларидан кам қайғуришмайдиган оқ халатли халоскорларнинг беминнат хизматидан хурсандлик туюшади. "Тез ёрдам"даям, болалар, ички касалликлар, жарроҳлик, неврология бўлимларидаям, туғруқ комплексидаям бугунги тиббий ислоҳотлар шарофати шифокорларнинг шаъни-шавкатини яна бир поғона кўтариш шароити ва имкониятларини жаҳон андозаларига монанд қилиб қўйилаётганидан далолат беради. Хуллас, Чуст туман тиббиётидаги ҳозирги ҳолатнинг бош омили - Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган юксак инсонпарварлик сиёсатининг ҳаётдаги ҳосиласи ҳамда кенг қамровли муваффақиятидир, десак ҳар жиҳатдан ҳаққоний баҳолаган бўламиз.

Биз ТТБдаги ибратли ишларнинг алоҳида эътирофлари боис уларнинг фаолиятларини шарҳлаш билангина чекланиб қолмаслигимизни мақсадга мувофиқ ҳисобладик. Ташрифимиз чоғида яна диққат - эътиборимизни "Covid-19"нинг олдини олиш, коронавирусга чалинганларни даволаш мавзусига қаратар эканмиз, бевосита шу ишларнинг бошида турган бирлашма бошлиғи билан мулоқотга киришдик.

- Насиба Худойбердиевна, мана бешинчи ойки, дунё аҳлининг, юртимиз халқининг бутун фикру зикри коронавирус балосидан ҳимояланишга, унинг юқишини сўндиришга, хавфли халқасини узишга қаратилган. Чустда бу борадаги чора-тадбирлар қандай?

- Ўзингизга ҳам маълум, дастлаб Хитойнинг Ухан шаҳрида бош кўтарган, башарият учун мутлақо янги вирус кутилмаган бало бўлди. Ердан чиқдими, кўкдан тушдими ҳеч ким билолмай қолди. Аммо, хитойликлар тезда зарур тартибларни жорий қилишди, карантинни, яъни ҳатти-ҳаракатлар чекловини қатъий ушлашди, қачонки ҳалокатли аҳвол ўнгланиб, одамлар ўлим хавфидан халослангандагина одатдаги ҳаётга қайтишга рухсат берилди. Янги йил арафасида аниқланган, дастлабки ойдаёқ фожиали тус олган вазият дунёнинг бошқа мамлакатларидаям юз бериши, "Covid-19"нинг пандемияга айлана бошлаши бизнинг мамлакатимизда яшовчиларни ҳам ҳушёр торттирди-ю, лекин ваҳимага тушишга йўл берилмади. Чунки Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳнамоликлари билан дастлабки март ойидаёқ энг керакли чоралар белгиланиб, ҳалокатли хавфга қарши яккаланган ҳолатда жипслашиб, уйда қолиб курашишга барча сафарбар этилди. Чустликлар бу ҳаракатнинг олдинги сафида туришга қодирликларини гўёки исботлашди. Бошқача айтганда, карантин талабларини турмуш тарзига айлантиришга мойилликларини кўрсатишди. Бу тарғиботларимиз таъсирчанлиги самараси бўлди. Айни маҳалда кўпсонли тиббиётчиларимизнинг эл бошига ёппасига бало ёпирилганида, уни тезроқ даф этиш учун бор билими, бор малакаси ва бор ташкилотчилик салоҳиятини ҳеч аямай сарфлашлари ҳам ҳал қилувчи роль ўйнаб келмоқда. Кўрсаткичларимиздан ҳануз кўнглимиз тўқу, ҳануз хотиржам туролмаймиз. Тўғри, ҳозиргача коронавирусдан ўлим ҳолати туманимизда қайд қилинмади. Боиси, врачу ҳамшираларимиз ва ёрдамчи ходимларимиз бир тану, бир жонга айланиб, ягона мақсад - коронавирусни яккалаб, беморлар танасидан сиқиб чиқаришдан, унинг бемордан соғлом одамга ўтишига сабаб бўлувчи кўприк - ҳолатлари чекловини таъминлаш тарғиботидан бирор кун, бирор соат, бирор лаҳза тўхташгани йўқ.

Биз махсус штабимизнинг куну тун бедорлигини, ҳушёрлигини, таҳлил ва талқини тўғри ва ҳаққонийлигини, ахборотларимиз аниқлигини фаолиятнинг доимий бош мезони деб биляпмиз. Салгина бепарволик, лоқайдлик кечирилмас хато ва оқибатларга олиб келишини унутишимиз сира-сира мумкин эмас. Зиммамизда минг-минглаб одамларнинг ҳаётига, тақдирига жавобгарлиги турибди-ку!

62 минг 750 та хонадон патронаж хизмати билан қамраб олинган. Ҳозиргача 4 мингдан зиёд киши тиббий кузатувда бўлиб, 3606 нафари уй карантинидан чиқди. Айни кунларда салкам 400 киши яна уй карантини - чекловига ўтказилган. Бугун ғоят қувончли кун, яъни 4 августда сўнги беморни шифохонадан кузатдик. Шу кунгача 32 нафар беморда коронавирус синдромсиз кечганлиги учун ўз хонадонларида даволанишларига имкон яратиб бердик.

- Аслида пандемия шароитида вирусга қарши курашаётган шифокорларни кўзга кўринмас, аммо жуда-жуда хавфли ёв билан "жанг" қилаётган аскарларга ўхшатсак, ҳеч ким заррача муболағага йўймайди. Кўриб-билиб турибмиз жонларини гаровга қўйиб, хатарли ҳолатда бў­йин товламай элнинг омонлиги йўлида билиму малакасини "қурол"га айлантирган оқ халатли посбонлар учун бу катта синов бўлмоқда. Сизларнинг ғолибона туришларингизнинг, ёруғ юз билан интервью беришларингизнинг шароитга, ташкилий ишларга, моддий - техника таъминотига дахлдор томонларини ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз лозим. Ана энди шулар ҳақида гапириб ўтсангиз?

- Марказий шифохонамизнинг юқумли хасталиклар бўлими биноси Давлат инвестиция дастури доирасида қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилгани гўёки олдиндан шундай кунлар келиши билингандай, ўз вақтида бизнинг имкониятларимизни кенгайтирди, қўлимизни узайтирди. Энг замонавий талабларга мувофиқ ҳолатдаги палаталар, жиҳозлар, тиббий аппаратларнинг тасарруфимизда эканига нима етсин. 60 ўринли бўлимнинг ҳатто 10 та реанимация постигача мавжуд. ИВЭЛ - сунъий нафас олдириш аппарати, 4 та кислород концентратори, 4 та СПАП-ўпка вентиляциясини амалга оширувчи жиҳозгача ўрнатилган. Булар коронавирус илашган беморни соғайтириш учун ғоят асқотиб келяпди.

Шунингдек, Ёрқишлоқдаги собиқ 60 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси туман ҳокимлиги томонидан 380 миллион сўм маблағ ажратилиб, таъмирлаб берилди. У ерда вирусли гепатитга, диареяга чалинганлар даволанишяпти. "Covid-19"га қарши курашувчи гуруҳларга 17 та автомашина бириктириб қўйилган. Маҳаллаларнинг кўчалари бўйлаб юрадиган тарғиботчи шифокорларимизнинг даъваткор сўзлари, маслаҳат-тавсиялари хонадонларгача "кириб" бориши учун уларнинг қўлларига овоз кучайтирувчи микрофонларгача тарқатилган.

- Бугун ошкора айтилаётгандай коронавирус кўпроқ юк автомашиналари бошқариб, хорижга бориб келаётган ҳайдовчиларда аниқланмоқда. Чуст туманида эса "Фура"чилар кўп.

- Нима демоқчилигингизни тушундим. Шу ҳолатни аввалдан яхши билганимиз учун биз доғда қолмадик. Балки хавф - хатарнинг олдини ўз вақтида олишга эриша бордик. Яширишнинг хожати йўқ, март ойи бошиданоқ хориж сафаридан Ватанига кириб келаётганлар ҳақидаги хабарни улар чегара постидан ўтиши билан ички ишлар бўлими ҳамкорлигида назоратини кучайтирдик. Тун ярмида Чустга етиб келсаям уйидагилар эмас, бизлар кутиб олдик. 5 кунлик карантин кузатувда туришди. Таҳлилдан сўнг соғига уйига боришга рухсат берилди. Касаллар зудликда муолажа учун шифохонага ётқизиб борилди. Агар рақамларга мурожаат этсак, шу кунгача чет элда бўлиб қайтган 2897 нафар фуқаро тиббий "ғалвир"дан ўтказилди. Амалдаги тадбирларимиз туфайли уларнинг оилаларини, яқинларини коронавирус балосидан асраб келяпмиз.

- Пандемияга қарши кураш - умумхалқ ишига айланиб кетдики, ундан ҳеч бир ташкилот, корхона, муассаса раҳбари ёки ходими четда қолмаяпти. Сизларга елкадош, кўмакдош бўлиш ҳисси билан яшаш­япти. Бирданига юзлаб кишини карантинда сақлаш осонми, уларнинг еб-ичиши ва ётиб - туриши тўғрисида етарли ғамхўрлик кўрсатилмаса, халқда норозилик кайфияти уйғониши табиий, шундай эмасми?

- Минг шукурки, туманимизда ранжишларга ўрин қолдирилмади. Ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, секторлар раҳбарлари билан бамаслаҳат, биргаликда иш ташкилланмоқда. Айниқса, тиббиёт коллежи, 42-махсус ихтисослашган мактаб интернат, "Нурчи" дам олиш маскани, "Нигоҳ", "Чуст фарм-шифо" хусусий клиникалари бирйўла ўнлаб, юзлаб кишиларни карантин шароитида ўз бағрига олди. Биз олийҳиммат одамлардан беҳад миннатдормиз.

- Марказий поликлиника базасида "Covid поликлиника алоҳидаланяпти", деган гаплар юрибди. Шундай бўлса, коронавирусга қарши кураш, ундан ҳимояланиш масаласига эътибор яна бир бор кучайтирилаётган-да?

- Худди шундай. Ҳамма билиб турибди, у озайиш ўрнига кўпайиб қолмоқда. Карантин карантинга уланиб кетяпти. Ҳушёрликни янада оширмасак, мавжуд имкониятлардан тўлароқ фойдаланмасак вазият мушкуллашиб кетишини эсдан чиқармаслигимиз керак. Янги ихтисослашган поликлиникада 7 хил доирадаги юқори малакали мутахассис врачлар, уларнинг ёнида эса тажрибали ҳамширалар хизмат кўрсатиша бошлашди. Поликлиникада дезинфекциялаш, саралаш постлари, қабул қилиш, шошилинч лаборатория, тиббий кўрик бўлимларигача очилган.

Айни дамгача фаолият юритиб келган "Мобиль поликлиника" гуруҳлари ҳам туманда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча кезиб юрибди. Улар бир хайрли ишга жалб қилинганлар. Коронавируснинг симптомсиз - белгиларсиз енгил кечираётганларни аниқлашиб, уйларида даволанишни тавсия этишяпти. Беморлардан хабар олиш­япти. Бепул дори-дармонлар таъминотида узилишларга йўл қўйилмаяпти. Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга алоҳида ғамхўрлик қилишмоқда.

- "CALL-CENTER"га қўнғироқлар ҳануз тинмаётгандир?

- Тиббий маслаҳат марказига етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган тумандошларимиз исталган вақтда боғла­ниш­япти. Саволларининг бирортасини бежавоб қолдиришмаяпти. Қисқа ва лўнда тавсия ва йўл-йўриқлар бериш­япти.

- Яхши биламизки, мамлакатимизда хориж инвесторлари, мутахассислари ҳамкорликда тадбиркорлик билан шуғулланишмоқда. Улар сизларга мурожаат этишса-чи?

- Албатта, буни ҳам ҳисобга олганмиз. Марказ жамоасига рус ва инглиз тилини биладиган кадрлардан ҳам қўйганмиз. Дарвоқе, марказий шифохонада хорижлик беморлар учун алоҳида палата ҳам ташкиллаганмиз. Наинки инвестору мутахассислар, балки турист сифатида юртимизга ташриф буюрган шахслар ичида "Covid-19"ни юқтирганлар учраса, ўша заҳоти муолажага ётқизамиз. Махсус палатада худди меҳмонхоналардагидек барча шароитларни муҳайёлаганмиз. Кондиционеру музлатгичгача қўйилган "люкс" палатада яқинда Хитойдан келган мусофир-меҳмонни даволадик. Компьютеримиз "Е-mehmon" сайтига уланган. У соғайиб чиқиб кетаётиб "Мен беҳад ҳайратландим, чекка туманларда беморларга шунчалик шароитлар яратилиб қў­йилибдими, юртингизда тиббиёт чинакамига ривожланибди" дея кўнглимизни тоғдек кўтарди, касбимиздан бениҳоя фахрлантириб юборди.

- Бу, бизлар ҳам дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни тан олишаётганидан нишона. Президентимизнинг кейинги қарийб тўрт йилликда тиббиётни жаҳон андозалари даражасига кўтариш борасидаги саъй-ҳаракатларининг қувончли самараси, албатта. Тўғри, шароитлар киройи, тиббий аппаратлар энг сўнгги русумда, лекин мутахассисларимиз-чи?-деган савол туғилиши ҳам табиий. Менимча, кадрларимизнинг ишга муносабати хориждагиларникидан фарқли-ю, лекин шахсий манфаат биринчи ўринга чиқиб қолмаган. Элим деб, юртим деб яшаш ҳисси айниқса эл бошига иш тушганида ғоят қўл келяпти. Шу ўринда фидокор врачу ҳамшираларингизнинг илғор вакилларини тилга олишингиз нақадар мароқли бўлса керак?

- Кўнглимдагини топдингиз. Махсус штабда даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосарим Фахриддин Зокиров, АКТ мутахассиси Фаррух Очилов, айниқса фидоий ёшларимиздан Бекзод Абдуллаев, Азизбек Абдураҳимов, Ворисбек Абдуллаевлар 24 соат штабда ҳозиру нозирлар. Уйларига, оилалари бағрига бормасдан тунлариям қолиб ишлаш қайси қаҳрамонликдан кам?!

"Covid-19"га қарши курашаётганлар ичида бирламчи тизим координатори Умаржон Саъдиев, туман бош инфекционисти Улканбой Шоназаров, врачлар Барно Раҳимова, Ҳабибжон Охунов, Турдиали Рўзиматов, Ботирхон Комилов ва Соҳиба Файзиеваларнинг жонкуярликларини, вирусни енгиш учун беморларнинг ўзидан кам қай­ғурмасликларини кўп бор кузатдим. Ёнимда доимо туришгани учун ўзимда анча хотиржамлик ва ишонч ҳиссини туйиб келяпман.

Фақат уларгина эмас, матонатли мутахассислар сафида марказий поликлиникадан невролог Муҳаббат Жўраева, уролог Азизжон Муллашеров, кардиолог Соатали Мадбоев, травматолог Бахтиёр Мирзараҳмонов, суд тиббий-эксперт бошлиғи Эраш Маманиёзов, 45, 46 - Қишлоқ оилавий поликлиникаси врачлари Обиджон Ортиқов, Хуршидбек Маматраҳимовларни ва яна кўплаб ҳамкасбларимни зўр мамнуният билан тилга олишга бурчлиман. Улар бор экан, ишларимиз омадли, курашимиз зафарли. Шу боис хайит муносабати билан тизимдаги 63 нафар илғорларга байрам туҳфалари тарқатдик. Моддий рағбатлари вақтида қўлларига тутқазиляпти.

- Биз ҳам Сизга ва жамоангизга "Covid-19"дек бало-офат халқимиз бошидан бутунлай аригунича сабр-тоқат, янада юксак уюшқоқлик, энг муҳими, эҳтиёткорлик ва соғу саломатлик тилаб қоламиз.

Содиқ САЙҲУН.