Президентимизнинг 2020 йил 23 июлдаги Фармонига мувофиқ коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитария-эпидемологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари, шунингдек, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотландилар. Улар орасида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази тизимида самарали меҳнат қилаётганлар: Олимжон Ахунов - бактериолог шифокор,"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвони, Нилуфар Ахмедова - вирусолог шифокор,"Содиқ хизматлари учун" медали, Хулкар Тураджанова - лаборант, "Соғлом турмуш" медали, Гавҳархон Қодирова - кичик тиббий ходим, Ҳилола Маткаримова - бактериологик шифокор, Санжар Ҳабибуллаев - шифокор вирусологлар "Шуҳрат " медали билан мукофотландилар.
Президентимиз кўп бор таъкидлаётганларидек, улар каби эл соғлиги йўлида керак бўлса ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, тун-кун демай хизмат қилаётган саломатлик посбонлари ҳақида қанча ёзсак шунча оз. Шундай экан, биринчи мақоламизда умрини, бор тажрибасини соҳа ривожига бахшида этаётган, кўплаб малакали шогирдларнинг устози, камтарин инсон, бактериологик шифокор Олимжон Ахуновнинг ҳаёт йўлини қаламга олдик.
Наманган шаҳрининг ҳозирги Алпомиш маҳалла Бураматут кўчасида умргузаронлик қилган Абдулбоқи ака бир умр ўқиб, олий маълумот ололмаганидан кўнгли тўлмай яшаганини айтиб, 8 нафар ўғил-қизини яхши билим олишга ундади. Умр йўлдоши Фотимахон ая билан қийинчилик, машаққатларга рўбарў келса-да, дилбандлари етук мутахассис бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга уринди. Ва ниҳоят қутлуғ ниятлар вожиб бўлган кунлар ҳам келди. Фарзандларининг етти нафари олийгоҳни тамомлади. Уларнинг беш нафари тоғаси, таниқли педиатр, айни пайтда 87 ёшга тўлган бўлсада қадрдон иш жойи Наманган шаҳар тиббиёт коллежида ҳамон фаолиятини давом эттириб, талабаларга касб сабоқларини бериб келаётган Усмонхон Қориев йўлидан бориб, шифокорлик касбини танлади.
Уларнинг бири Олимжон Ахуновнинг Тошкент давлат тиббиёт институтининг санитария-гигиена факультетини имтиёзли битириб, Наманган вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказида иш бошлаганига ҳам бу йил 43 йил тўлди. Умрни бежиз оқар дарёга қиёс қилинмайди. Табиатдан кам гап, катталарнинг насиҳати, маслаҳатини зийраклик билан ўзига оладиган ёш шифокор устозлари Наргизахон Қосимова, Абдухалил Расулов, Юнусхон Эргашевларнинг ўгитларига қулоқ тутиб, асло кам бўлмади. Қисқа вақт ичида врач-бактериолог сифатида етук мутахассисга айланди. 1982 йилда марказнинг ўта хавфли юқумли касалликлар лабараторияси мудири этиб тайинланди.
Коронавирус деган инфекция тарқалиб, бутун дунёни ўз домига тортган машъум кунларни вилоят санитария-эпидемологик осойишталик марказининг аҳил жамоаси, улар қаторида Олимжон ака ҳам катта масъулият билан қарши олди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга қилган илк мурожаатидан ҳис этдики, эл-юрт бошига катта ташвиш олиб келган синовли кунлар бошланганди. Ўшанда айрим ҳамкасблари қатори ўзини четга олмади. Белини маҳкам боғлаб, 14 кишилик жамоасига бош бўлиб, коронавирус балосини тарқалишига қарши курашга отланди. Тассаввур қилинг, ёзнинг жазирама кунлари.Ташқарида қуёш 40-42 даражадан ўтказиб қиздиради. Қаҳрамонимиз ва унинг фидойи жамоадошлари инфекцияни юқтириб олган деб гумон қилинган, баланд ҳароратда, нафас олиши қийинлашиб ҳаётда қолиш учун курашаётган беморлар олдига шошади. Эгнида ҳаво ўтказмайдиган махсус кийим. Бунга ҳамма ҳам чидаш бераолмаслиги ҳақиқат. Аммо улар бу ҳақда ўйламайди. Бунга фурсат қайда дейсиз. Чақирувларнинг кети йўқ. Ҳамкасблари Ваҳобжон Мамажонов, Гавҳарой Нишонова, Боситхон Абдухалилов, Марғубахон Алижонова, Муроджон Дадахонов, Гулнора Содиқова, Жобирхон Хожиқурбоновлар билан туну кун демай чақирувга шошади. Улар олган суртма синамалар натижаси ҳар бир беморнинг ҳаётини сақлаб қолишда катта аҳамият касб этишини калбдан ҳис этади. Шу кунгача бу рақамлар 30000 нафардан ҳам ошиқроқни ташкил этиши, қисқа давр ичидаги фаолиятларига берилган ижобий баҳо десак янглишмаган бўламиз, албатта.
Олимжон ака ўта камтар, фидойи касб эгаси. Оилапарвар ота сифатида ҳам маҳаллада ўз ўрнига эга. У рус тили фани ўқитувчиси Азизахон Ҳошимова билан турмуш қуриб уч фарзанд - Нигорахон, Нодирбек, Фарҳоджонларни дунёга келтириб, уларга яхши тарбия бериб, олий даргоҳларда ўқитди. Комил инсонлар қилиб эл қаторига қўшди. Яратган эгам бу аҳил оила соҳибларига 6 нафар невара, 1 нафар эваранинг бобо ва бувиси бўлишдек тугал бахтни ҳам ато этди.
- Оила аъзоларим билан кўришмаганимга бугун росса 45 кун бўлди. Кеча неваларим Шодияхон ва Фаррухжонлар билан телефон орқали боғландим. Улар - бобожон қачон келасиз, сизни жуда соғиндик, - дея қайта ва қайта сўрашавериб холи-жонимга қўйишмади. Тўғриси, улар билан ҳовлида ўйнаган, боғларни сайр қилган чоғларни жуда соғиндим. Кўнглим бузилиб кўзларимга ёшлар ҳам келди. Нима ҳам қилаоламиз. Бугун Ватан, халқимизнинг барча умиди биздан. Демак, коронавирус деган балони даф қилиш учун соҳа ходимлари тунни тун, кунни кун демай курашадиган синовли кунларни бошдан кечиряпмиз. Тўғриси, биз шифокорларнинг барча чекаётган заҳмати тагида битта ният-мақсад мужассам. Буни бизга катта умидлар билан кўз тикиб турган элимиз чин қалбдан ҳис этса, билса бўлди. Худо хоҳласа, яна аввалгидек тинч-осуда ҳаёт кечирадиган, байрам, тўйлар қиладиган фарахбаш кунларга яқин қолди, иншооллоҳ, - дейди Олимжон Ахунов.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
"Qishloq hayoti" мухбири.