Наманганда иш бошлаган "CALL-CENTER" - тиббий Маслаҳат марказига, аниқроғи 1105 қисқа рақамига қўнғироқ қилганлар мурожаатларини қабул қилиш ана шундай жавоб билан бошланади.
Вилоятимиз аҳолисини ижтимоий-тиббий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш, "COVID-19" коронавирус касаллиги белгилари пайдо бўлганда зарур маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган туну кун - узлуксиз фаолият кўрсатиш "Call-center" маркази иш олиб бормоқда.
- Бизга 1105 қисқа рақами орқали боғланиш имконияти бор. Ҳамюртларимиз ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича кечаю кундуз тегишли жавобларни олишлари мумкин, - дейди кўнгиллилар сифатида хизмат кўрсатаётган Нилуфар Асқарова. - Ҳамшаҳарларимиз жуда кўплаб масалалар, яъни коронавирусга топширилган тест натижаларини қаердан олиниши, истималаган беморлар кимга мурожаат этишлари лозимлиги ва бошқа саволлар билан узлуксиз мурожаат қилмоқдалар.
"CALL-CENTER" замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланган. 12 та 1105 қисқа рақамли ва 12 та шаҳар телефон алоқаси рақамлари, интернет тармоғига уланган. Марказга бириктирилган операторлар ҳар 8 соатда алмаштирилади. Уларнинг самарали хизмат кўрсатишлари учун барча шароитлар яратиб қўйилган.
- Мен Наманган шаҳридаги 3-оила поликлиникасидан сафарбар этилганман, - дейди шифокор Обиджон Ҳолмирзаев. - Фуқаролардан тушган саволларга тезкор жавоб бериш учун мутахассислар ҳам иш олиб боришмоқда. Шу кунларда, "COVID-19" коронавирусига оид саволлар жуда кўп берилмоқда. Мурожаатчиларни қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб бериш учун ҳаракат қилмоқдамиз.
Тезкор, малакали ва самарали бу жиҳатлар тиббий маслаҳат маркази фаолиятининг мезонларини белгилайди. Наманган тиббиёт коллежи биносига жойлашган "CALL-CENTER" ва ситуацион алоқа маркази"га 24 нафар малакали мутахассислар бириктирилган. Янги хизмат "COVID-19" профилактикаси, диагностикаси ва даволаши билан боғлиқ масалаларга оид фуқароларнинг мурожаатларига жавоб бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилди.
Қисқаси, янги тузилма пандемия шароитида аҳоли узоғини яқин қилишга, коронавирус инфекциясига қарши кураш самарадорлигини оширишга ихтисослашганлиги билан аҳамиятлидир.