Коронавирус пандемияси шароитида кўзга кўринмас ёвни бартараф этиш учун даволаш ишларини замон талаблари даражасида такомиллаштириш ғоят муҳим. Бу ўринда энг янги турдаги тиббиёт асбоб-ускуналарини қўлланиши ижобий самаралар беради. Шу боис ҳам вилоятдаги тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган, хорижда ишлаб чиқарилган тиббий аппаратураларнинг катта бир туркуми вилоятга олиб келинди. Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ҳаётини сақлаб қолишда бағоят муҳим аҳамият касб этувчи бу замонавий тиббиёт аппаратуралари нафас олиш қийинлашганда ва бошқа оғир вазиятларда жуда асқотади. Қиймати икки миллиард сўмга яқин бўлган, 9 турдаги кўчма рентгенодиагностик қурилмалари, кислород концентраторлари ва жарроҳлик асбоб-ускуналари вилоят ҳамда туманлардаги юқумли касалликлар шифохоналарига, шунингдек вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига тақсимланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, коронавирус инфекцияси қайд этила бошланганидан буён вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимига 31 турдаги, жами 12 миллард сўмликдан зиёд янги тиббиёт жиҳозлари етказиб берилган эди.