Бугун бутун жаҳон тождор вирус балосига қарши астойдил кураш олиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам бу офат талофатларининг олдини олишга қаратилган изчил чоралар кўрилмоқда. Тўрт ойдирки, Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонаси дардга чалинганларнинг ҳаётга қайтариш марказига айланган. Шифохона жамоаси якдил ва ҳамжиҳат бўлиб, бошқа тиббиёт масканларидан жалб этилган малакали мутахассислар билан ҳамкорликда кунларни тунларга улаб фидойиларча хизмат қилмоқда.
Даволаш ишлари белгиланган стандартларга мувофиқ, мамлакатимиз ва хориждаги етук олимларнинг тавсиялари асосида муттасил олиб бориляпти. Дастлабки пайтларда видео анжуман тарзидаги мулоқотлар чоғида коронавирус инфекциясига чалинган беморларни соғломлаштириш борасида муайян тажриба тўпланди.
Ҳозир эса даволаш жараёнлари бирмунча такомиллашди. Кадрлар маҳоратини ошириш билан бирга шифохона энг замонавий тиббиёт анжомлари билан таъминланди. Дори-дармон заҳираси етарли. Ходимлар давлатимиз томонидан белгиланган мезонлар асосида рағбатлантириб борилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатларнинг самараси тез-тез, баъзан кунора дарддан халос бўлган беморларни соғлом ҳаётга кузатиш маросимларида яққол кўринмоқда. Яқинда пандемия бошлангандан бери илк марта бир кунда 55 нафар коронавирус инфекциясидан соғайганлар муассасадан чиқарилди.
Шу муносабат билан шифохона ҳовлиси ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бош шифокор Жакбарали Қурбонов оғир дардни бошидан ўтказган инсонларни соғайганлари билан муборакбод этди. Уларга келгусида мустаҳкам соғлик тилар экан, соғлом турмуш тарзи, карантин қоидаларига амал қилиш жуда муҳимлигини таъкидлади.
22 июль куни эса яна 34 нафар бемор коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайди. Оғир дардни енгиб оёққа турган инсонларнинг хурсандчилиги бир олам эди. Ҳамма дил сўзи айтишга ошиққан.
Оиласи бағрига шошаётган ҳамюртларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилган беқиёс ғамхўрлик учун миннатдорчилик изҳор қилиб, қаҳрамонона хизматлари билан эл дардига дармон бўлаётган саломатлик посбонларига раҳматлар айтишди.
- Хурсандчилигимдан ҳаяжондаман. Бизгу шунчалик ғамхўрлик кўрсатилганидан беҳад миннатдормиз. Давлатимизга, шифокорларимизга минг раҳмат. Бизни оғир дарддан халос этишди. Меҳр ва юксак масъулият билан хизмат кўрсатишди.Туну кун атрофимизда бўлишди. Дори дармон таъминоти таъминланди. Мана бутунлай соғайиб, оиламиз бағрига қайтяпмиз. Барча юртдошларимизни карантин қоидаларига қатъий амал қилишга чақираман, - дейди уйчилик Гулжаҳон Нурбекова.
Коронавирус инфекциясини даволаш жуда қийин ва мураккаб жараён. Бош шифокор Жакбарали Қурбонов етакчилигидаги жамоа чинакамига матонат кўрсатиб, зиммасидаги масъулиятли ва шарафли вазифани сидқидилдан бажаришга муваффақ бўлмоқда.
- Президентимиз Фармонига мувофиқ шифохонамиз жамоаси вакилларидан 4 нафари давлатимизнинг орден ва медалларига муносиб кўрилганидан беҳад шодландик. Эл саломатлиги йўлидаги камтарона хизматларимиз муносиб тақдирланганидан ғоят руҳландик. Ҳозир 15 нафар шифокор, 30 нафар ҳамшира ва 50 нафардан зиёд кичик тиббиёт ходимлари ҳамда мутахассислар 14 кунлик навбатчиликни ўтказишмоқда. Яъни, кечаю кундуз беморлар ҳолатини кузатиб боришмоқда, - дейди бош шифокор. - Уларга бурч масъулиятини эслатиш зарур эмас. Бор эътиборларини инсонлар тақдири, одамлар ҳаёти, қийин кечаётган дарддан беморларни эсон-омон олиб чиқишга қаратишган.
Ҳа, шифохонада заҳмат чекаётган саломатлик посбонларининг фидойилигига тасаннолар айтса арзийди. Бош шифокор ўринбосари Баҳодир Эгамбердиев, 3, 4, 5- ва 6- бўлим мудирлари Хайрулло Раҳимов, Илҳомжон Сатторов, Саидкамол Жакбаров, Файзулло Ғаниев, жонлантириш бўлими мудири Жалолиддин Қосимов, шифокори Қосимжон Мамадалиев, бактериологик лаборатория мудири Файзулло Дадабоев, бош ҳамшира Машҳура Обидова, Мирзоҳид Нормирзаев, тиббиёт ходимлари Нилуфар Бекмирзаева, Мавжуда Маматмусаева, Муҳайё Азизова, Ёқутхон Охундадаева, Зулфия Мадраҳимоваларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари боис беморлар шифо топишмоқда.
Биз ҳар лаҳзада жасорат кўрсатаётган, қасамига содиқ, матонатли саломатлик посбонларининг келгуси ишларига омад тилаймиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.