Бугунги мураккаб эпидемиологик вазият нафақат коронавирусли инфекция билан боғлиқ муаммоларни, балки ўткир нафас йўлларини яллиғланиши билан кечиши кузатиладиган бир неча ўнлаб қўзғатувчилар чақирадиган юқори нафас йўлари касалликларини юқиш механизимини фаоллашиши билан чамбарчас боқлиқдир. Чунки бизнинг иммун тизимимиз коронавируслар ҳужумига учраб турган пайтда, ҳаво-томчи йўл билан юқуши мумкин бўлган бошқа инфекцияларни (сил, қизамик, ўткир респиратор вирусли инфекциялар, грипп ва шунга ўхшаш касалликлар) эпидемик тусда кўпайиши инсоният тарихида кўп кузатилганлиги сир эмас.
ЖССТ маълумотларига кўра инсон эволюциясидан ҳам кўҳна бўлган сил касаллиги ҳар йили 8 миллион ҳолатда рўйхатга олиниши ва улардан 2 миллион одамнинг ҳаётдан кўз юмуши ушбу касалликни жиддий ижтимоий муаммолиги исботидир. Хўш, ушбу касалликка қарши курашда шу кунгача маълум бўлган усул ва воситалардан бошқа йўл борми?
Эътироф этиш жоизки, беморни алоҳидалаш (изоляция) клиник-эпидемиологик кўрсатмаларга мувофиқ шифохонага ётқизиш, тиббий ниқоб тақиш, махсус даво курслари белгилаш каби тадбирлар силга карши курашда янгилик эмас. Лекин бугунги кундаги карантин чеклов тартиблари айни вақтда сил касаллигини аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Агар силнинг фаол шакли билан оғриган бемор ўзи билан мулоқотда бўлган 15 нафар соғлом шахсларга касалликни юқтириши инобатга олинса, ижтимоий масофани сақлаш, санитария- гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда беморларнинг яшаш манзилида етарли шароитлар бўлса, уй шароитида изоляция қилиб, амбулатор даволаш тадбирларининг ўтказилиши яхши самара бериши мумкин.
Бу ўринда "УЙДА ҚОЛИНГ" чақириғи сил билан оғриган беморни атрофдагилар учун ҳам эпидемик хавфлилик даражасини камайтириши турган гап. Аксинча, сил билан хасталанган беморларни даволаш муассасаларида текширилиши, маслаҳат ва даволаш учун йўналтирилиши (уларни жамоа ичида ҳаракатланиши) коронавирусли инфекция билан зарарланишига ва мавжуд ҳолатининг янада оғирлашувига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун силга чалинган беморларни COVID-19 дан асрашда карантин чеклов тадбирлари фақат ижобий ва унга амал қилмаслик ҳолатлари эса салбий роль ўйнаши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, карантин чеклов тадбирларига амал қилиниши, силнинг янги ҳолатлари рўйхатга олинишини камайтириш кафолатидир.
Тоҳиржон ТУРДИЕВ,
Республика Фтизиатрия-пулмонология
"Пахталикўл" сиҳатгоҳи бош врачи.