Республикамизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият таҳликали тус олди. Пандемиянинг навбатдаги тўлқини барчамизни янада ҳушёр, янада эҳтиёткор ва тартибли бўлишимизни тақозо этмоқда. Чунки ҳар куни юзлаб юртдошларимиз ўзига касалликни юқтириб олмоқдалар. Бу касаллик оқибатидаги ўлим ҳам "ёшариб бормоқда", 50, 43, 40 ва ҳатто 35 ёшли инсонлар коронавирусга чалиниш натижасида ҳаётдан кўз юмди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга қараганда, июль ойининг биринчи ҳафтасида карантин талабларининг юмшатилиши натижасида коронавирус билан касалланганлар сони 2167 кишига кўпайди. Шулардан 1267 (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган. Агар май ойида кунлик ўртача 51та ҳолатда касаллик қайд этилган бўлса, июнь ойида бу кўрсатгич 163 ни ташкил этди. Июль ойининг бошидан бошлаб кунига ўртача 324 тадан вирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Мутахассислар мамлакатимизда коронавируснинг навбатдаги тўлқини кузатилаётгани, соғлиқни сақлаш тизими томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг ўзигина етарли эмаслиги, касалликнинг аҳоли орасида тарқалиши кўпайиб бораверар экан, беморларни ўз вақтида даволаш ва асраб қолишда жиддий муаммоларга дуч келишимиз мумкинлигини таъкидлашмоқда. Тиббиёт муассасаларидаги оғир аҳволдаги беморлар ҳолати ҳақидаги видеотасвирлар омма эътиборига ҳавола этиляпти. Касаллик тарқалиши ва ўлим ҳолатлари билан боғлиқ маълумотлар ҳам ошкора айтилмоқда. Вазият чиндан ҳам таҳликали, аммо биз бундан ҳушёр тортяпмизми?
Афсуски, ҳа деб айтолмаймиз. Мамлакатимизда шу йил 10 июлдан бошлаб 1 августгача навбатдаги кучайтирилган карантин тартиб-қоидалари жорий қилинганига қарамай, кўча-кўйда, савдо дўконларида, жамоат жойларида бемақсад юрган фуқароларни учратяпмиз. Тиббий ниқобдан фойдаланиш, уйда қолиш гўёки уларнинг жонига теккан. Аммо шу аниқки, оиласидан кимдир ёки унинг ўзи касалликни юқтириб олса, Худо кўрсатмасин, бунинг оқибатида ёруғ оламни тарк этса, ўша инсон ўзини эмас, балки тиббиёт ходимларини, ўзгаларни айблаши, шубҳасиз.
Ҳукуматимиз томонидан пандемия даврида аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашнинг янги тартиб-тамойиллари ҳаётга татбиқ этиляпти, чора-тадбирлар ишлаб чиқиляпти. Ҳокимликлар, масъул идоралар, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларидан тортиб, то энг кичик вазифадаги ходимларигача тиним билаётганлари йўқ. Уларнинг кўплари салкам беш ойдирки, ҳаловат, дам олиш нималигини ҳам унутишди, чарчашди, толиқишди. Бироқ ўз вазифасини, иш жойини ташлаб кетаётганлари йўқ. Уларнинг аҳволини ўз кўзи билан кўрган инсонгина бепарволик, карантин тартиб-қоидаларини менсимаслик қандай оқибатларга олиб келишини яққолроқ тасаввур этиши мумкин.
Азиз юртдош, ўз соғлигингизга ўзингиз масъул эканлигингизни унутманг. Ортингизда оилангиз, жондан азиз яқинларингиз турибди. Коронавирус инфекцияси - аниқ давоси, дориси топилмаган касаллик. У қисқа фурсатларда организмни ҳалокат ёқасига олиб бориб қўймоқда. Шундай экан, мавжуд вазиятни юракдан ҳис этинг ва уйда қолинг!
Аҳмаджон АЪЛОХОДЖАЕВ,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.