Исириқни танимайдиганлар орамизда бўлмаса керак, албатта. Лекин унинг тиббий хусусиятларини тўла биладиганлар кам топилади. Aйнан шуни ҳисобга олган ҳолда исириқнинг тиббий хусусиятларини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Ўсимликнинг бундай кенг миқёсда ишлатилишига сабаб, унинг таркибида алкалоидлар, пеганол, пеганидин, гармин, гармалин, турли мойлар, ошловчи моддаларнинг мавжудлигидир. Юқоридаги моддалардан мисол тариқасида оладиган бўлсак, гармин асаб тизимини тинчлантиради, бош мия яллиғланиш асорати - қалтирашни даволашда ва ухлатувчи модда (дори) сифатида ишлатилган.
Энди эса қандай ҳолатларда исириқдан фойдаланган ҳолатда дарддан фориғ бўлиш мумкинлигини бирма-бир санаб ўтсак (Қанча санасак ҳам саноғига етиш қийин)
Фойдали жиҳатлари:
* Исириқ ўтини куйдириб, бироз ҳидланса бош оғриғи йўқолади;
* Исириқ уруғи қайнатмаси нафас олиши қийинлашганда, нафас қисишида зиғир уруғи билан билан аралаштириб ичилса юқоридаги дардларга даво бўлади;
* Исириқнинг шоналаш даврида олинадиган ўти ва уруғлари даволашда анча самарали ҳисобланади;
* Исириқни тинчлантирувчи восита сифатида ҳам қўллаш мумкин. Бу хусусияти уйқусизликда ажойиб фойда беради;
* Ўсимликнинг шираси - катаракда анча самара беради (Қайнатмаси билан юз ювилади);
* Уй-жойларни дезинфекция қилиш мақсадида тутатиб қўйиш мумкин;
* Исириқнинг сут шираси тиббий пахтага шимдирилиб, қичимадан қийналган жойларга 10 кун давомида давомида суртилса, қичимани тузатади;
* Юрак фаолиятини яхшилаш мақсадида исириқ уруғи, седана, камфора, мурч, петрушка, қора зира, заъфарон тенг миқдорда олиниб, аралаштирилади. Ҳамда асал ёки шакар қўшилиб кунига бир маҳал ичилади;
* Ич дам бўлганда исириқга, петрушка уруғини ҳамда ялпиз, занжабил кабиларни аралаштирилиб ичилса, шифо бўлади;
* Исириқдан қайнатма тайёрлаш учун кастрюлкага 250 грамм сув қуйилади ва майдаланган исириқдан бир чой қошиқ солиб, паст оловда 5 дақиқа қайнатилади-да, 2 соат сочиққа ўраб дамлаб қўйилади. Кейин докада сузиб олиниб, кунига овқатдан олдин 3-4 маҳал бир ош қошиқдан ичилади.
* Исириқни тутатиб, тутунига 21 марта бошни тутинг, бир боғ исириқни бир челак сувда қайнатиб, докада сузиб олингач, ваннага қуйилади, устига иссиқ сув қуйиб, то сув совигунича ваннада ётилса, бош оғриғига даво бўлади.
* Бир сиқим исириқни 400 мл сувда паст оловда 5 дақиқа қайнатилади. Шу қайнатмага 10 кун давомида пахта ёки матони шимдириб, оғриган жойга суртиб турилса, тизза ва суякларнинг қақшаб оғришига даво бўлади.
* Исириқ тутатсангиз, хонангизнинг ҳавоси тозаланади, микроб ва инфекцияларга қирон келади.
* Исириқ мойи баданга чапланса, жинсий қувватни оширади, ҳуқна қилинса, бел ва ёнбош оғриғи, буйрак ва бачадоннинг совуқликлари учун фойдали.
Эслатма:
1. Исириқнинг ҳамма қисми заҳарли бўлгани боис ундан фойдаланишда шифокор (табиб) тавсиясига амал қилиш лозим.
2. Иссиқ мижозли кишиларга исириқни истеъмол қилиш зарарлидир, бош оғриқ келтиради, юракни беҳузур қилади.
3. Исириқни туйиб, хонанинг бурчаклари ва полига сепиб қўйилса, ҳар хил ҳашаротлар бу хонадонга йўламайди, борлари қочиб кетади.
Исириқнинг пешоб ҳайдовчи, тиш оғриғини пасайтирувчи, терлатувчи, гриппнинг олдини олувчи, ошқозон-ичак тизими касалликларини даволовчи хусусиятлари ҳам мавжуд.
Аброр АЛИЖОНОВ,
РШТЁИМ Наманган филиали директори.