Халқимизнинг бу пурмаъно нақлининг аҳамияти бугун янада ёрқинроқ намоён бўляпти. Чунки, айрим ижтимоий тармоқларда тарқалаётган нохолис чиқишларни ўқиганда беихтиёр шу мақол ёдга тушади. Зеро, ахбарот макони узра айтилган ҳар бир сўз ўйнаб эмас, ўйлаб ёзилиши лозим эди.

Сир эмас, бутун жаҳон аҳли коронавирус инфекциясига қарши курашмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу бало талофатларининг олдини олиш бўйича тўрт ойдан бери кескин ва зурур чоралар кўрилмоқда. Давлатимиз томонидан халқимиз саломатлигини ишончли асраш ва кўзга кўринмас офат юзага келтириши мумкин бўлган мудҳиш оқибатларнинг олдини олиш бўйича нима қилиниши лозим бўлса, ҳаммаси изчил ва босқичма - босқич амалга оширилмоқда.

Тасодифан коронавирус инфек­ция­сига чалинган ҳамюртларимизни соғайтириш бўйича белгиланган стандартларга мувофиқ даволаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ўринда ҳатто хориж тажрибасидан ҳам қўлланилмоқда. Пухта ўйланган саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ беморларни соғломлаштириш борасида ижобий натижаларга эришиляпти. Ўлим кўрсаткичлари ниҳоятда паст эканлиги мамлакатимиз тиббиётининг улкан ютуғидир.

Аммо... Мана шу сўзни ёзмаса бўлмайди. Коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларимиз саломатлигини тиклаш йўлидаги улкан муваффақиятни эътироф этиш ўрнига, соҳа фидойиларининг қаҳрамонона фаолиятига тан бериш ўрнига, тирноқ орасидан кир ахтарувчи, гўёки айрим салбий ҳолатларни кўз-кўз қилишдан обрў орттиришга интилувчилар ҳам учраб турибди.

Гап ижтимоий тармоқлардан бирида эълон қилинган чиқиш ҳақида бормоқда. Эмишки, вирусга чалинган беморларга сарфланаётган маблағлар бўрттириб ёзилаётганмиш. Бу салбий ҳолатни асослаш учун номи йўқ, нишони йўқ бир неча нафар беморнинг ҳақиқатга зид эътирофлари иддао қилинган.

Касбим тақозоси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекцияси дардини бошидан ўтказиб, касалликдан бутунлай соғайган беморларни реабилитацияга кузатиш тадбирларида ўттиз икки марта иштирок этдим. Оғир ва мураккаб хасталикдан халос бўлган инсонларнинг қувончу шодликларига гувоҳ бўлдим. 314 нафар соғайганлардан деярли кўпчилигининг эътирофларини тингладим. Улар ОАВлар учун берган интервьюларида халқ бахту саодати йўлида ғамхўрликлар учун давлатимизга, касаллик оқибатларини бартараф этишга оқилона раҳнамолиқ қилаётган Президентимизга, туну кун беморлар ҳаёти учун жонбозлик кўрсатаётган саломатлик посбонларига чексиз миннатдорчиликлар изҳорлашганини кўп бор эшитдим. Бирор киши бизни беҳуда ҳаражатлар учун тайёрланган ҳисоботларни имзолашга мажбурлашди, деган эътирозни билдиргани йўқ.

Чунки, ҳамма кўриб-билиб турибди. Давлатимиз касаллик оқибатларини бартараф этиш учун миллиард-миллиард сўм маблағ сарфлаяпти. Аниқланган бир нафар беморни соғ­ломлаштиришгача бўлган босқичлар учун йўналтирилаётган маблағдан таш­қари, касалликка чалинган инсон билан мулоқотда бўлган юзлаб яқинлари, ҳамкасблари, маҳалладошларини муҳофазалаш мақсадида карантин муассасаларида тиббий кузатувга олиш учун сарфланаётган пуллар ҳам каттагина миқдорни ташкил этади.

Шифохонага ётқизилган бир нафар бемор учун ҳам озмунча маблағ сарфланмаяпти, ахир. Тўғри, ҳамюрт­ларимизда бир беморни даволаш учун "ОАВларда ёзилганидек, ўртача 32 миллион сўмдан маблағ сарфланмаяпти, шифохонадаги даволаниш даврида бунчалик миқдорда дори-дармон олмадик", деган нотўғри фикр уйғоняпти. Аслида ҳам дори воситаларига шунчалик катта маблағ талаб этилмайди. Чунки енгил даражадаги беморлар учун дори воситаларига ўртача 300 минг сўм атрофида, ўрта оғир даражадаги беморга 2 - 3 миллион сўмликдан ортиқроқ, оғир даражадаги беморлар учун бундан ҳам кўп маблағ сарф этиляпти. Лекин, даволаш жараёнида дори-дармон сарфидан бошқа харажатлар ҳам борлигини инобатга олиш керак.

Аввало, беморларни кунига тўрт маҳалдан овқатлантириш, шифокорлар ва ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимларининг ҳар тўрт соатда нав­бат алмашиши пайтида икки қаватдан кийиладиган ҳимоя кийимлари ва воситалари қиймати юқори эканлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бундан ташқари дезинфекцияловчи моддалар, антисептик ва гигиеник воситалар, озиқ-овқатларнинг бир марталик идишлари, оқликлар, чиқинди, транспорт сарфлари, коммунал тўловлар, иш ҳақи ва тиббиёт ходимларини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.03.2020 йилдаги ПФ-4652 сонли Фармонга асосан ходимларга 14 кунлик меҳнат даврида махсус рағбатлантириш тўлови (врачларга - 25,0 млн.сўм, ўрта тиббий ходимлари -15,0 млн. сўм, кичик тиббий ходимлари 10,0 млн. сўм, бош­қалар учун 5,0 млн. сўм) рағбатлантиришга қаратилган ҳаражатлар беморлар сонига қараб таққослаганда ҳам сарф йиғиндиси жуда йирик рақамларда кўриниш беради.

Хуллас, давлатимиз инсон манфаатларини таъминлаш борасида нимаки зарур бўлса ҳаммасини муҳайё этяпти. Бундай чексиз ғамхўрликни орзу қиладиганлар дунёда оз эмас. ОАВларнинг ёзишича, Европа мамлакатларида сунъий нафас олиш аппаратларидан фойдаланиш учун ҳам жуда катта миқдорда пул тўлаш керак. АҚШда эса коронавирус инфекциясидан азоб чекаётган беморлардан ҳафтасига 42 минг доллар ундирилади. Шукрлар бўлсинки, Ўзбекис­тонда ҳамма харажатлар давлат ҳисобидан. Бу инсонпарварликнинг олий намунаси эмасми?

Афсуски, айрим ижтимоий тармоқлар мутасаддилари мана шу ҳақиқатни оммага етказиш ўрнига, сохта обрў қозониб, обуначилар сонини кўпайтириш учун гўёки "элпарварлик" қилишмоқда. Қаердадир бўлса бордир, беш қўл баробар эмас, аввало асослаш керак, лекин шов-шувли чиқишлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги ҳақиқат. Зеро, одамлар оқ билан қорани яхши ажратишади. Қолаверса, давлатимизнинг, тиббиёт соҳаси фидойиларининг эл манфаати йўлидаги чексиз саъй-ҳаракатлари оламга маълум. Буни шундай мураккаб даврда, пандемия шароитида ҳеч ким инкор эта олмайди. Бинобарин, бу мулоҳаза кўпчиликнинг дилидан ўтаётган бўлса ажаб эмас.

Абдулла ҒОЗИЕВ.