Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида COVID-19 вирусли инфекция билан касалланган беморларни ташхислаш ва даволашнинг янги усуллари ишлаб чиқилди ва амалда қўлланилмоқда.
Маълум бўлишича, карантин тугаганидан кейин ниқоб ва қўлқопларда юриш, дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш каби профилактика чоралари кўрилса-да, аммо касалликнинг юқиш хавфи қолади.
Шу масалаларни ҳал этиш йўлида Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари ҳам CОVID-19 вирусли инфекциясига қарши курашда қўлланиладиган даволаш-профилактика чора-тадбирларининг янги усуллари устида тадқиқотлар олиб бормоқда. Марказда бир қанча фундаментал ва амалий тадқиқотлар якунланмоқда.
Олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари тери ва шиллиқ пардалари яллиғланиш жараёнлари билан кечадиган тери касалликларининг янги этиопатогенетик жиҳатларини аниқлаб бермоқда ва ташхислаш ҳамда маҳаллий ресурслардан фойдаланган ҳолда даволаш тактикасининг янги усулларини яратишга асос бўлиб келмоқда.
Маълумки, COVID-19 инфекциясининг юқиш манбаи касалланган инсон ёки ҳайвон бўлиб, у инсонларга асосан ҳаво-томчи ва контактли юқиш йўллари орқали ўтади. Шу туфайли касалликнинг олдини олиш мақсадида барчамиз дезинфекция воситаларидан, ниқоб ва резинка қўлқопларидан мунтазам фойдаланяпмиз. Бироқ дерматологик нуқтаи назардан бунинг натижасида терида яллиғланиш жараёнлари, тери қуриши, ёрилиши, рН муҳитининг ўзгариши каби ҳолатлари кузатилади ва зўрайиш ҳолатлари қайд этилади.
Бу микроорганизмларнинг шартли-патоген ҳолатида инсон организмида сақланиш эҳтимолини орттиради ва патогенли микроорганизмларнинг кўпайишига мақбул шароитларни яратади. Бу эса кейинчалик янги вирусли ҳамда микст-бактериал инфекцияларининг ривожланишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда COVID-19 коронавирусини аниқлашнинг тест тизими яратилган бўлиб, касаллик вирусларга қарши, бактерияларга қарши ва стероид ёрдамида даволанмоқда. Терапиянинг барча усуллари коронавирус инфекциясининг асоратланган шаклларига - бронх-ўпка касалликларини даволашга қаратилган. Бироқ, тери ва шиллиқ пардаларни ҳимоя қилиш бўйича дезинфекцияловчи моддалардан ташқари терапевтик ва профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқиш устида илмий ишлар олиб борилмоқда.
CОVID-19 инфекциясининг контакт йўли билан юқишини ҳисобга олсак, тери микробиотаси (теридаги микроорганизмлар мажмуи) ҳолатини, рН муҳитини,липидлар ҳолатини яхшилаш орқали терининг тўсиқ (барьер) функциясини ошириб ва инфекцияларни ташувчи ёки инфекциялардан зарарланганлик даражасини камайтириш мумкин.
Шу боис ҳам дерматологларнинг олдига вирусли ва бактериал инфекцияларига қарши курашишда шартли-патоген, жумладан вирусли микроорганизмлар билан организмнинг зарарланиши учун дарвоза бўлиб хизмат қилувчи тери қопламлари ва шиллиқ қаватларига доир даволаш-профилактика чораларининг янги технологиялари яратилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган Дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан Ўзбекистон табиий ресурсларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ташқи муолажаларда ишлатиш мумкин бўлган бактериостатик ҳусусиятли янги авлодли даволаш маҳсулотларини, шулардан келиб чиққан ҳолда клиник протоколлар, профилактика усулларини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ўз навбатида COVID-19 коронавируси билан касалланиш кўрсаткичларнинг пасайишига хизмат қилади.
Равшоной ЖЎРАЕВА,
вилоят тери-таносил
касалликлар диспансери
бош шифокори.