Энди улар замон талаблари даражасида қайтадан қурилган, барча қулайликларга эга тиббиёт масканидан фойдаланишмоқда.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифат даражасини оширишни бугунги кунда унинг моддий-техник имкониятларини ривожлантиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам юртимизда тиббиёт муассасалари бино ва иншоотларини замон талабларига мос реконструкциядан чиқариш ва қайта қуришга эътибор кучайтириляпти. Янги-янги тиббиёт муассасалари бунёд этиляпти.

Қўшни Қирғизистон билан чегарадош ўзбегу тожик ва бошқа миллат вакиллари аҳил-иноқ, қуда-андаю, дўсту биродар бўлиб яшаётган косонсойликларнинг қувончи чексиз. Боиси энди улар шароитлари тубдан замонавий касб этган шифо маскани хизматидан бахраманд бўлишяпти. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонанинг юқумли касалликлар бўлими биноси бутунлай янгитдан тикланиб, яқиндагина фойдаланишга топширилди.

- Эски бино 1938 йилда қурилган бўлиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг 2018 йил 2 - 3 май кунлари Наманганга ташрифи чоғида мазкур муаммо кўтарилиб, қайта қуриш масаласи алоҳида қайд этиб ўтилган эди, - деди бош муҳандис Жўрахон Жўраев биз билан суҳбатда.

Жаъми 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган юқумли касалликлар бўлими биноси батамом янги қиёфа касб этди. Унинг 3 млрд. сўми давлат бюджетидан, 2 млрд. сўмга яқини эса "Аҳмадхон хожи" фермер хўжалиги раҳбари Анвархон Абдуллаев ҳисобидан қопланди. Замон талаблари асосидаги шифохона қурилишида "Косонсой само юлдузи" МЧЖ муҳандис-қурувчилари ўз касбларининг усталари эканликларини кўрсатишди. Бунёдкорлар жамоаси бир йилга яқин вақт мобайнида астойдил меҳнат қилишди. Айниқса қурувчилар Мубошер Раҳмонов ҳамда Ҳасанбой Раҳимовлар фаоллигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электрлаштириш ишлари, иссиқ ва совуқ сув тизими, пардозлаш ва бош­қа барча ишларни якунига етказишиб, фойдаланишга топширишди.

- Бинокорларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари туфайли муассасамиз кўркам ва замонавий, барча қулайликларга эга шифо маскани тусига кирди, - дейди бўлим мудири Олимхон Исмоилов. -Клиник лаборатория, муолажа хоналари, душ ва бошқа барча шароитларга эга бўлинди. Шунингдек, юмшоқ ва қаттиқ инвентарлар келтирилди. Ҳозирги кунда тиббиёт аппаратлари учун 1,5 млрд. сўм маблағ ажратилган. Уларни харид қилиш ва ўрнатиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бинобарин, О. Исмоилов етакчилик қилаётган даргоҳда 2 нафар олий тоифали шифокорлар, 40 нафар ҳамшира ва 14 нафар кичик тиббиёт ходимлари зиммаларидаги улкан вазифани сидқидилдан бажаришга астойдил киришишган. Бутун дунёда бўлгани каби, пандемия бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Муассасанинг пандемия шароитида фойдаланишга топширилганлиги эса айни муддао бўлди. Ҳозирда бу ерда "COVID-19" инфекциясини юқтириб олган беморлар даволанишмоқда. Яхши шароитлар, кенг имкониятлар тиббиётчиларга қулайлик туғдираётган бўлса, беморларнинг ҳам кайфияти кўтарилиб, хасталикдан тезроқ фориғ бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шу ўринда ўта маккор касаллик билан курашаётган бўлимнинг жонкуяр шифокору, меҳрибон ва чаққон ҳамшираларини тилга олмасак бўлмас. Улар ўз ҳузур - ҳаловатидан, фарзанду-яқинларидан бир муддат узоқлашиб, туну кун беморлар саломатлигини тиклаш учун фидокорона хизмат қилишмоқда. Зиммаларидаги масъулиятли вазифани виждонан уддалаётган олий тоифали шифокор, инфекционист Икромжон Жўраев, иммунолог (туман СЭОМдан) Абдулла Мирҳамидовлар, ширинсўз ва қўли енгил ҳамширалар Куброхон Саматова, Машҳура Воҳидова, Муқаддас Аҳмадалиева, Лазокат Бозороваларни ҳақли равишда бугуннинг қаҳрамонлари, де­йиш мумкин.

Саломатлик посбонлари билан бир сафда хизмат қилаётган дезинфекторлар Наргиза Дадабоева, Сайёра Ғаниева, кичик бекалар Мунира Атауллаева, Нигора Сербоева, Дилором Азимова, ошпазлар Муҳаррам Қаҳҳорова, Фарида Қодирова таъминотчи Юсуфжон Олимов, овқат тарқатувчилар Маъмура Сатторова, Сайёра Ғаниеваларнинг меҳнатлари ҳам таҳсинга сазовор.

Кадрлар бўлими бошлиғи Лобархон Акбарова билан бош ҳамшира Дилрабо Қаландаровалар ҳам қизғин иш устида. Улар кейинги карантин алмашув ходимлари рўйхатини ўз вақтида шакллантиришмоқда. Қолаверса, "COVID-19" билан курашаётган ходимларга хукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан тўла фойдаланишлари ва маблағларини ўз вақтида олишлари учун зарур меъёрий ҳужжатлар устида ишлашяпти.

Бугунги синовли кунларни бошдан кечираётган юртдошларимиз, айниқса косонсойликлар янги шифохона бунёдидан жуда-жуда мамнунлар. Ахир бу тиббиёт маскани ҳамюртларнинг эртанги нурли ҳаёти, фаровон турмуши ва бахту саодати, энг асосийси уларнинг саломатлигини сақлаш учун хизмат қилади, десак, асло муболаға эмас.

Манзура ЭРГАШЕВА.