Кейинги йилларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва тезкорлигини ошириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, шошилинч тиббий хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштиришга ҳақидаги Президент фармон ва қарорларида бу йўналишдаги вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган. Хусусан, тез тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш борасидаги ишларимизни янада яхшилаш юзасидан ҳам муайян топшириқлар берилган.
Вилоятимизда ҳам бу йўналишда изчил иш олиб борилмоқда. Аввало, тез ёрдам хизмати учун муҳим бўлган соҳа автопаркини янгилаш ва замон талаблари асосида тараққий эттириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Рақамлар воситасида изоҳлайдиган бўлсак, ўтган уч йил ичида жуда катта ўзгаришлар ясалганлиги намоён бўлади.
Илгари вилоят аҳолисига хизмат кўрсатаётган автомашиналар сони 178 та эди. Уларнинг аксарияти эскирган ва асосан "Дамас"лардан иборат бўлган. Қисқа вақт ичида вилоятга 132 та янги тез тиббий ёрдам автомашиналари олиб келинди. Шуниси аҳамиятлики, улар "Тайота", "НИССАН" ва "Хундай" каби хорижда ишлаб чиқарилган энг замонавий реанимобиллардир. Бу ўринда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига олинган 28 та янги "Дамас-амбуланс" автомашинасини ҳам қайд этиш лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, автопарк янгиланиши билан вилоятда тез тиббий ёрдам бригадалари сони ҳам кескин кўпайди. Айни пайтда 216 та тез тиббий ёрдам бригадалари фаолият кўрсатмоқда. Тизимдаги мавжуд автомобилларнинг барчасига GPS навигатор қурилмалари ўрнатилган. Натижада хизмат тезкорлиги ошди, чақирувларга етиб бориш вақти қисқарди. Ёқилғи тежамкорлиги ортди.
Вилоятда ҳозир таъмирталаб санитар автомашиналар йўқ. Чунки, автокорхона қошидаги таъмирлаш устахонасида носоз бўлган техника воситалари зудлик билан марказлашган ҳолда таъмирдан чиқарилмоқда. Бунинг учун зарур маблағ ва имкониятлар мавжуд.
Бугунги кунда автокорхона ҳисобидаги автомашиналар тез тиббий ёрдам хизмати талабини қондиришга тўла қодир. Лекин аҳоли сони ўсиши давом этяпти. Бу ўз-ўзидан хизмат доирасини кенгайтиришни тақозо этади. Шунинг учун келгусида автопаркни яна ҳам такомиллашган автомашиналар билан тўлдириш режаларимиз бор.
Куни кеча вилоят ҳокимининг фармойиши билан янги санитар автомашиналар сотиб олиш учун 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан яна 6 та "Дамас-амбуланс" ва 5 та Россияда ишлаб чиқарилган, вилоятимизнинг тоғли туманлари учун мўлжалланган УАЗ автомашинаси сотиб олишга шартномалар қилинди. Кеча дастлабки 6 та "Дамас-амбуланс" олинди. Тез орада бу транспорт воситалари ҳам аҳолига хизмат қила бошлайди.
Адҳамжон СУЛТОНОВ,
автокорхона раҳбари.