УЛАР ВИЛОЯТ КАРДИОЛОГИЯ МАРКАЗИ РЕНТГЕНЭНДОВАСКУЛЯР ХИРУРГИЯ БЎЛИМИНИНГ
ИНТЕРВЕНЦИОН-КАРДИОЛОГЛАРИДИР
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази тизимида Наманган филиали жамоаси эътибор ва эътирофга лойиқ фаолияти билан мамлакатга танилган. Айниқса, филиалнинг рентгенэндоваскуляр хирургия бўлимидаги ибратли ишлар, янгиликлар ҳақида ҳар гал мароқ билан ёзамиз. Бу сафар кичик жамоанинг яна бир хайрли иши сабаб, бўлим остонасини ҳатлаб, кўнглимиз мамнуният ҳисларига тўлиб-тошди. Чунки, Тошкентдан келган меҳмоннинг наманганлик ҳамкасблари ҳақида тўлқинланиб билдирган фикр-мулоҳазалари ғоят асосли, фахрланишга арзигули эди.
- Мен ўзим В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида жарроҳлик амалиёти ҳамшираси бўлиб ишлайман, - деди Дилфуза Исаева. - Дадам юрак инфарктини бошдан кечирдилар. Шунинг учун зудлик билан операция столига ётқизилдилар. Энг муҳими, оғриқсиз, асоратсиз ва кафолатли тиббий амалиётни ғоят муваффақиятли ўтказишди. Бўлим бошлиғи, олий тоифали интервенцион-кардиолог Акмалжон Олимович ҳамкасблари билан биргаликда дадамнинг умрини узайтиришга сабабчи бўлишди. Ҳайратланарлиси, пойтахтдагидек энг замонавий жароҳатсиз амалиёт шу ернинг ўзида ҳеч қандай муаммоларсиз, деярли тўкис ҳолатда бажарилди. Буни Наманганда юрак хирургияси чинакамига юксалганининг яққол намунаси, десак заррача муболағага йўймайсиз. Ахир кўз ўнгимизда мўъжизавий ҳолат намоён бўлди, ойна ортидан кузатдик, ташвишимиз ариди, кўнглимизни мунавварлик чулғади.
Аввалдан маълумки, олий тоифали кардиохирург, соғлиқни сақлаш аълочиси, "Шуҳрат" медали соҳиби Акмалжон Жалилов етакчилигида мазкур марказда ташхислаш ва даволашнинг жуда кўплаб замонавий усуллари йўлга қўйилди. Эндиликда ангиография, коронография, шунтография, баллонли ангиопластика, томир эмболишацияси, баллонли вальвулопластика, кардиостимулятор имплантацияси сингари янги усуллар шифокорлар ишини анча такомиллаштирди ва енгиллаштирмоқда. Ҳамиша изланишни, янгиликларни тиббий амалиётга дадил қўлашни ёқтирадиган бўлим бошлиғи таниқли олим-шифокорлар рағбати билан "Митрал клапан торайишида балонли вальвулопластика усуллари" мавзуида илмий тадқиқот ҳам олиб бормоқда. Бунинг учун эса барча шароит ва имкониятлар шу ернинг ўзида муҳайё. Тинмай ўқиб-ўрганса, назарияни амалиётда қўллаб, тажрибаларини бойитса, соҳа ривожига сезиларли фойдаси тегадиган тиббий янгиликларнинг амалиётдаги афзал жиҳатларини исботлаб, устозлари ишончини тўла оқлаши аниқ.
- Бўлимимизда йилига 1500 дан зиёд юқори технологияларга асосланган диагностика ва даволаш амалиётларини бажариб келмоқдамиз, - дейди олий тоифали интервенцион-кардиохирург Аброржон Абдуллаев. - Жумладан, 400 дан ортиқ беморда корона томирни стендлаш, 50 га яқин юрак туғма ва орттирилган нуқсонларини интервенцион йўл билан бартараф этиш, салкам 100 нафар хастада радиочастотали абляция, яъни аритмияларни йўқотиш амалиётларини бажаришга қурбимиз етяпти.
Биз йилдан йилга кўпайтирилаётган ютуқларнинг бош омиллари билан қизиққанимизда. Биринчидан, ҳар бир мутахассис учун муттасил билимни бойитиш, иккинчидан, малакани мукаммаллаштириш, учинчидан пойтахтдаги ва хориждаги таниқли тиббиётчиларнинг маҳорат сирларини ўзлаштириб боришга иштиёқманд эканини билиб олдик. Уларнинг Россия, Туркия, Исроил ва Ҳиндистонга бориб, ўқиб-ўрганишгани бежиз эмас-да. Хориждаги илмий-амалий марказлар жамоалари билан ўзаро ҳамкорлик ришталари ҳануз мустаҳкамлиги эса Намангандаги интервенцион кардиологиянинг истиқболи янада порлоқ бўлаверишидан далолат бермоқда.
Юқоридаги фикрларимизни аниқ факт ва далиллар билан янада ойдинлаштирсак, бўлимда 3 нафар интервенцион-кардиолог, 1 нафар аритмолог врач фаолият юритади. Агар бўлим 2014 йилнинг иккинчи чорагидан иш бошлагани инобатга олинса, ўтган олти йил мобайнида қарийб 10 минг беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва умрини узайтиришга эришилди. Бундай дадил ва умидли қадамларни ташлаш осон кечмади, албатта. Шу ернинг ўзида марказ бош врачининг саъй-ҳаракати, кичик бўлимнинг катта мақсадли шифокорлари ташаббуси ва ташкилотчилиги билан кўп маротаба маҳорат сабоқлари уюштирилди.
Чунончи, Россия Федерацияси Новосибирск шаҳрининг Мешалкин номли кардиохирургия маркази етакчи мутахассиси Редькин Дмитрий Анатольевич, Кемерова шаҳридаги Кузбасс кардиология маркази мутахассиси, Сибирь интервенцион кардиологлари ассоциацияси раиси, профессор Владимир Иванович Ганюков ташрифи чоғида ишемик хасталикларида ёпилиб қолган томирларни очиш ва стендлаш амалиётидан малака - маҳорат дарси ўзлаштирилди.
В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган маркази профессори, Республика бош интервенцион - кардиологи Миржамол Зуфаров бошчилигида юрак туғма нуқсонларини ёпиқ усулда бартараф қилишнинг энг замонавий илғор усули бажарилди ва ўрганилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази рентгенэндоваскуляр бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Шуҳратжон Салоҳиддинов иштироки билан наманганлик шифокорлар ўткир коронар синдромида ангиография ва стендлаш амалиётларини ғоят муваффақиятли уддалаш малакасини янада мукаммаллаштирдилар.
Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг атоқли олимлари эса Наманган филиали жамоаси камолоти учун зарур кўмакларини ҳамиша аямай келишяпти. Марказнинг интервенцион кардиологи Наби Юлдашев билан ёнма-ён турган ҳолда коронар қон томир стволида, яъни бошланиш қисмида стендлаш амалиётини бажариш кўникмаси янада мустаҳкамланди.
Шунингдек, марказнинг электрофизиологик текшириш усуллари бўлими етакчи мутахассиси Акмал Якубов бошчилигидаги гуруҳ 6 нафар беморда юрак ритмининг мураккаб бузилишларида электрофизологик текширув ва радиочастотали абляция амалиёти ўтказди.
Айни пайтда, анъанага кириб бораётган маҳорат дарсларининг самаралари Наманган кардиохирургиясида яққол кўзга ташланмоқда. Ҳозирги пайтда: коронграфия; қон томир ва периферик қон томирлар ангиопластикаси ва стендлаш; артериал қон томир малформацияси ва турли қон кетиш билан кечувчи хасталикларда томир эмболизацияси; баллонли вальвулопластика ва акклюдер имплантацияси амалиётлари кенг миқёсда қўлланиб келинмоқда.
Келгусида соҳани янада такомиллаштириш мақсадида электрофизиологик текширувлар ўтказиш станцияси ва радиочастотали абляция генератори (қурилмаси) олиш ҳаракати бошланган. Бу билан юрак ўтказувчанлигини мураккаб бузилиши билан хасталанган беморларда консерватив даво натижа бермаган ҳолларда электрофизиологик текширув ва шу усулдаги мини амалиётлар орқали аритмияларни батамом бартараф этиш кўзда тутилган.
Яхши биламизки, шу йилнинг 26-27 июнь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташриф буюрдилар. Давлатимиз раҳбари бу ерда ҳам камбағалликни бартараф этиш масаласини алоҳида кўтардилар ва истиқболдаги долзарб вазифалар моҳиятини яна бир бор тушунтириб ўтдилар.
- Камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшишдек умумхалқ ишидан биз - шифокорлар четда турмаслигимиз керак, - дейди интервенцион кардиологлар етакчиси Акмалжон Жалилов. - Биз обдон ўйлаб кўриб, ўзимизнинг ҳиссамиз қандай бўлишини аниқлаб олдик. Онкологик касалликка чалинганларга вақтида нажот қўлимизни чўзсак, уларнинг камбағаллик ҳолатида қийналмасликлари учун нафимиз теккан, кўмаклашган бўламиз. Ана шу эзгу ниятда биз хайрли ва савобли юмушга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Биргина ўсмадан озор чекаётган бемор жигарини дренажлаш усулини беминнат қўллаяпмиз.
Мутахассислар билан мулоқотимиз давомида уларнинг юқоридаги саъй - ҳаракатлари нақадар олижаноблик ва олийҳимматлик эканини чуқур англаб етдик. Очиғини айтганда, бугун онкологик касалликка чалинган одамлар соғлиқларини тиклаш ва мустаҳкамлаш учун, аҳволларини ўнглаш ва ҳаётлари хавф остида қолмаслиги учун дори-дармонга, тиббий амалиётларга каттагина пул сарфлашига тўғри келиши ҳақиқат. Хусусан, саратон хасталигига дучор бўлганлар учун қайта - қайта даволаниш зарурати уларни моддий етишмовчиликка, қийинчиликка олиб боришини ким ҳам инкор эта оларди. Давлатимиз томонидан бундайларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар кучайтирилаётган бўлса-да, ҳали муаммолар ҳам йўқ эмас. Чунки, ўсма касаллиги авжланиши оқибатида беморнинг бошқа ички органлари зарарланиши кузатилади. Масалан, ошқозон ости бези бошчасининг ўсмаси ўт йўлини тўсади, жигарида димланади, уни заҳарлайди. Ана шу ҳаёт учун хавфли суюқликни ташқарига найча орқали чиқариб юбориш билангина кейинги оғир оқибатларнинг олдини олиш мумкин. Бу иш ҳозиргача Тошкентда амалга ошириларди. Саратондан чекаётган азоби етмаганидай бемор яна узоққа бориб, анчагина миқдордаги пул - тўлов билан аҳволини енгиллаштириб олишидан ўзга чораси қолмасди. Худди шу ҳолатга Акмалжон Жалилов бефарқ қарамади.
- Биз танасида хавфли ўсмаси борларга ёрдам қўлимизни чўзяпмиз, - дейди у камбағалларга қайишаётганидан мамнунлик туюб. - Аброржон Абдуллаев, Бахтиёр Камолиддинов, Акбарали Саидовлар билан биргаликда жигарга дренаж ўрнатиш амалиётини 15-30 дақиқа ичида бажаришга эришяпмиз. Яқинда мингбулоқлик К. Шодмонов ва М. Расуловларга нажот бағишладик. Бизда биринчи ёрдам қарийб бепул, арзимаган сумма эвазига беморларнинг танасидаги заҳарли ўтни ташқарига чиқарадиган найча ўрнатиб қўйяпмиз.
Бу борада Акмалжон ва унинг жамоаси вилоят онкология диспансери мутахассиси, олим-шифокор Акмалжон Тожибоев ва Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Наманган филиали эндоскописти Абдурашид Мамажонов билан бамаслаҳат иш олиб бормоқда. Яъни онлайн алоқада бўлишиб, маслаҳат ва тавсиялар асосидаги ҳамкорлик яхши натижалар бермоқда. Ҳозиргача 30 дан зиёд бемор шу ернинг ўзида дренажланди. Энди уларнинг ичидаги заҳарли ўт тана аъзоларига шикаст етказмай, ташқарига осонгина чиқиб кетаётибди. Бу уларнинг яшашга бўлган умидларини кўнгилларига қайтараётганини ҳисобга олсак, интервенцион кардиологлар нақадар хайрли ва савобли ишни уддалашаётганига иқрорлигимиз ортади.
Замон билан ҳамнафас яна бир фаолиятлари шундаки, улар тиббий туризм ривожи учун дастлабки дадил қадамларни ҳам ташлашмоқда. Фақат Наманганнинг ўзидан эмас, Фарғона ва Андижон вилоятидан, ҳатто Қирғизистон, Тожикистон Республикасида яшаётган кишиларгача ҳузурларига келишиб, дарддан фориғланиб кетишяпти.
Содиқ САЙҲУН.