УНГА БАРЧАМИЗ БИРДАЙ АМАЛ ҚИЛИШИМИЗ ШАРТ!
Солижон МЎМИНОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Пандемия шароитида бутун жаҳон аҳли коронавирус инфекциясига қарши курашмоқда. Жумладан, мамлакатимизда, хусусан вилоятимизда ҳам бу кўринмас балодан сақланиш ва унинг ёйилиб кетишининг олдини олиш чоралари кўриляпти. Шундай бўлсада, хатар ҳамон сақланиб турибди. Республика махсус комиссиясининг қарори билан 10 июлдан карантин талаблари қайтадан жорий этилаётгани бежиз эмас. Қолаверса, 13 июлдан карантин чекловлари янада кучайтирилмоқда. Бунга сабаб нимада? - деган савол барчани қизиқтириши табиий.
Мамлакатимизда айни пайтда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 13 минг нафарга яқинлашиб қолди.
Июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2 167 нафарга кўпайган, шундан 1 267 та (58 фоиз) ҳолат аҳоли орасида аниқланган. Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 8 июль санасида ўтказилган видеоселектор йиғилишда таъкидланганидек, бу жуда мураккаб синов ва оғир курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга, темир интизом билан қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ. Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти.
Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Республика махсус комиссиясига коронавирус пандемиясини жиловлаш бўйича барча чораларни кўриш юзасидан зарур топшириқлар берилди. Республика Махсус комиссиясининг қарори билан 13 июлдан карантин талаблари янада кучайтирилмоқда.
Аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда қуйидаги карантин чекловлари киритилди:
- сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолияти тўхтатилади;
- маҳаллий (ички) авиақатновлар ва темир йўл қатнови тўхтатилади;
- 65 ёшдан ошган шахсларга "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.
- Шунингдек, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Бу зарури чоралар эканлигини унутмаслигимиз керак.
Вилоятимиздаги бугунги эпидемиологик вазият ҳақида гапирганда, шуни қайд этиш жоизки, коронавирус инфекциясига чалинганлар сони тобора ўсяпти. Уч кунда улар сони 154 нафарга ортди.
Илгари бундай ҳолатлар хориждан қайтганлар, карантин муассасаларига олинганлар ёки халқаро юк ташувчи автомабиль ҳайдовчилари ўртасида кузатилган бўлса, айни пайтда аҳоли орасида ҳам коронавирус инфекциясини юқтирганлар учрамоқда.Бу жуда хавфли.
Бугунги кунда Наманган вилоятида коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 427 нафарга етди. Улардан 300 нафари бутунлай соғайган. Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 100 нафардан зиёд бемор белгиланган стандартлар асосида даволанмоқда.
Коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар билан мулоқотда бўлганлар карантин муассасаларига кузатувга олинмоқда. Шу кунгача 77 мингдан ортиқ фуқаро карантинда бўлди. Айни кунларда эса 42 та муассасада 1449 киши карантинда сақланмоқда. 5504 киши эса уй карантинида турибди.
Тўғри биз тўрт ойдан бери коронавирус инфекциясига қарши курашяпмиз. Бу борада тегишли тажриба ҳам орттирдик. Аммо касалланишнинг янги тўлқини жуда ҳам хавотир уйғотмоқда. Оилада, маҳалла кўйда, жамоада карантин талабларига жуда ҳам эътибор билан риоя этилмаса бўлмайди. Тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш зарурияти юзага келяпти. Ҳаёт тарзимизда касаллик менга ҳам юқиши мумкин, деган ўй билан яшаб, ўзимизни ҳимояласак, касалликни енгишимиз мумкин.
"Коронавирусдан қандай сақланиш мумкин?" - деган савол ҳаммани ўйлантиради. Инфекциядан ҳимояланиш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларини яна бир бор эслаб ўтамиз:
1. Қўлингизни тез-тез совунлаб ювинг, спиртли антисептик воситалардан фойдаланинг.
2. Кўз, оғиз ва бурнингизни ушлашдан тийилинг, қўл бериб саломлашмасликка ҳаракат қилинг.
3. Аксирганда, йўталганда юзингизни рўмолча ёки тирсагингиз билан тўсинг.
4. Одам кўп тўпланадиган жойларга бормасликка ҳаракат қилинг. Шамоллаш ва грипп аломатлари бор одамларга яқинлашманг.
5. Иситма - янги турдаги зотилжамнинг энг асосий ва биринчи белгиларидан бири. Иситмангиз бўлса, уйдан чиқманг.
6. Иситма, йўтал, нафас олиш қийинлашиши каби белгилар намоён бўлса, кечиктирмасдан тиббий ёрдамга телефон орқали мурожаат қилинг. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг.
7. Коронавирусга оид сўнгги расмий хабарлардан бохабар бўлиб туринг. Янгиликларни ишончли, расмий манбалардан олишга эътибор қаратинг.
Азиз ҳамюртлар! Вазият мураккаблигини инобатга олиб карантин талабларига янада қатъий амал қилишингизни сўраймиз . Бу билан нафақат ўзингизни, балки яқинларингиз ва халқимиз соғлиғини сақлаган бўласиз.