улар вилоят эндокринология марказининг диабетология ва

тиреодология бўлими шифокору ҳамшираларидир

Замонавий стандартлар даражасида бунёд этилган вилоят эндокринология диспансери тиббиётчилари кенг, ёруғ ва шинам хоналарда яратиб берилган ҳар жиҳатдан қулай шароитларга жавобан беморларга сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиб келишмоқда. Айниқса, Матлуба Қодирова бошчилигидаги диабетология ва тиреодология бўлими шифокорларининг хизматлари барчага манзур бўлмоқда. Аҳил ва интилувчан жамоа даволанувчиларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб, дарди чекинаётганларнинг қувончу олқишларига сазоворланишмоқда.

- Бўлимга жуда оғир, ҳушсиз аҳволда олиб келинганман, - дейди Ҳусанбой Қозоқов. - Хасталик мени анча енгиб қўйганди, ҳаётдан бутунлай умидимни узган эдим. Яхшиямки бахтимга қўли енгил врачу ҳамширалар бор экан. Етакчи шифокор Матлуба Қодированинг ўз вақтида буюрган муолажалари, эпчил, чаққон ва меҳрибон ҳамширалар Ҳалима Каримова, Насиба Кумушова, Нигора Бозорбоеваларнинг ғамхўрликлари туфайли яхши даволаниб, оилам бағрига тетик ва бардам бўлиб қайтяпман. Ҳаётбахш муолажалар соҳибаларига таъзимдаман.

Юқоридаги дил изҳорларига шифоталаб Мухтор Каримов, Набижон Саримсоқов, Муҳаббат Ҳошимова каби беморлар ҳам қўшилишди.

Бўлимда қандли диабет ва диффуз токсикоз буқоқ, гипотериоз, аутоиммун тиреодит ва бошқа қалқонсимон без касалликларига чалинганлар даволанишади. Уларга 2 нафар олий тоифали врач, 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатишади. Замонавий диагностика ва даволаш усуллари амалда. Бўлим ходимлари соҳага тадбиқ қилинаётган янгиликлардан ҳамиша хабардор бўлиб, билимларини янада мустаҳкамлаб ва мукаммаллаштириб боришмоқда. Матлуба Қодированинг ғоят талабчанлиги эса уларнинг астойдил ўқиб изланишига, эришаётган салмоқли натижаларига туртки бўлаётгани шубҳасиз.

Ҳозирда тождор вирусга қарши кураш қизғин. Айни паллада бўлим шифокорлари ҳам бу борада фаол иш олиб боришиб, муассасалараро онлайн маслаҳатларда ихтисосликлари бўйича ёрдамларини асло аяганлари йўқ. Чунончи, Матлуба Қодирова билан Гулчеҳра Каримова "Эндокринологияда долзарб мавзулар ва эндокринологик беморларда "Ковид-19"нинг кечиши" мавзусида ўтказилаётган сайёр цикл онлайн дарс­ларда жуда фаол. Кучайтирилган карантин кунлари эса коронавирус билан касалланганларни дарддан фориғлантириш учун карантин зоналарига бориб, консилиумларда иштирок этиб туришди.

- Бўлим мудири Матлуба Қодирова ўз устида тинмай изланадиган, касбига садоқатли шифокор. Халқимизда "Бош бошлайди, оёқ ташлайди", деган нақл бор. Шунинг учун ҳам бўлимнинг бошқа шифокору ҳамширалари ҳам ғоят билимли ва меҳнаткаш, улардан хурсанд бўлган ва шифо топган беморлари ҳатто менга ҳам бош врач бўлганим учун ўз ташакурларини баён этиб кетадилар. Врачларимиз ихтисосликлари бўйича шифохоналараро ҳам ҳар қандай ёрдамга тайёр туришади. Топшириқларни сидқидилдан бажаришади, - дейди марказ бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов.

Элу-юрт саломатлигини сақлаш йўлида туну кун ҳалол ва фаол хизмат қилаётган, ҳозирги оғир ва синовли кунларда замонамиз қаҳрамонлари деган шарафли номга муносиблик касб этаётган диабетология ва тиреодология бўлимининг саломатлик посбонларига янада куч-қувват тилаймиз. Асло чарчаманг, сизларни эл олқишига сазоворлик бахти сира тарк этмасин! - деймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.