Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги "Пахталикўл" сиҳатгоҳи фтизиатрия-пульмонология хасталикларини бошидан кечирганлар саломатлигини қайта тиклаш ва реабилитация қилишга ихтисослаштирилган. Ҳозирги карантин шароитида бу ерда коронавирусга қарши чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тиббий ходимлар даволанувчиларга касаллик ҳақида зарур билимларни етказишяпти. Ўзини ўзи эҳтиёт қилиш бўйича тушунча шакллантирилди.
Сиҳатгоҳнинг 5-бўлимида айни пайтда 70 дан ортиқ бемор шифо муолажаларини олишмоқда. Барчаси соғлиғининг қайта тикланишига камарбаста бўлаётган тиббий ходимлардан миннатдор бўлишяпти.
- Бу ерга келганимга бир ойдан ортди, - дейди тошкентлик Насибахон опа Абдуллаева. - Ҳозир саломатлигим жуда яхши. Бунга нафақат об-ҳаво шароити, дори-дармон, хуш муомала, эътибор ҳам ёрдам берди, деб ўйлайман. Негаки, бўлимдаги шифокорлардан тортиб, ҳамширалару фаррошларгача ширинсўз экан...
Бошқа беморлар ҳам бўлим бошлиғи, олий тоифали врач Шуҳратбек Шокиров, даволовчи шифокор Рустамжон Ҳожибоев, катта ҳамшира Осиёхон Холмирзаева, ҳамширалар Эътиборхон Шарипова, Юлдузхон Исмоилова, Роҳатой Қодировалар эътибори ва меҳнатидан мамнунликларини билдиришди. Менинг буюк ҳамшаҳрим Моҳларойим Нодирабегим сиймосини эслатувчи бўлим бекаси Сожидахон Муродова бошчилигидаги кичик тиббий ходимлар эса тозаликка масъулдирлар. Уларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашганлари учун ҳам хоналар, палаталар ва коридорлар покиза, саранжом-саришта.
- Физиотерапевтик муолажалар ҳам яхши йўлга қўйилибди, - деди пахтаободлик Азимжон ака Аҳмедов. - Массаж, ингаляция ва бошқа йўналишларда даволаняпман. Ҳамшира қизларим жуда яхши хизмат қилишяпти.
Ҳа, Шайхур-Раис Абу Али ибн Сино ҳазратлари айтганларидек, беморнинг дарди аришида табибнинг дорисидан ташқари ширин сўзи ҳам катта аҳамиятга эга. Пахталикўллик тиббиётчилар бунга амал қилганлари учун ҳам даволанувчиларнинг раҳмату дуосини олишга сазовор бўлишяпти.
Нажмиддин ИКРОМИЙ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси.