Ўтган жума куни Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун навбатдаги бирифинг ўтказилди. Унда вилоятдаги эпидемиологик вазият ва коронавирус инфекциясига қарши кураш билан боғлиқ долзарб масалаларига эътибор қаратилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов Президентимизнинг пандемия шароити талабларидан келиб чиқиб қабул қилинган Фармон ва Қарорлари ижросини изчил таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
Таъкидланишича, 2020 йил бошидан жуда қийин ва хавотирли вазият юзага келди. Жаҳонда коронавирус инфекцияси ғоят тез тарқалиб, унинг уқубатларини бошидан кечирмаган мамлакат қолмади, десак хато қилмаган бўламиз. Ҳозир дунёда ундан азият чекаётганлар сони тўққиз миллион кишидан ошганлиги ғоят ташвишли. Қурбонлар сони ҳам тобора ўсмоқда.
Кўп бор таъкидлаганимиздек, бу бало диёримизни ҳам четлаб ўтмади. Муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсатлари, давлатимиз томонидан кўрилган зурурий чора-тадбирлар натижасида инсон ҳаёти учун хавф солувчи ўта юқумли касаллик кенг тарқалиб кетишининг олди олинди. Ўз вақтида жорий этилган карантин тадбирлари натижасида тождор вируснинг юртимиз бўйлаб ёйилишига жиддий тўсиқ қўйилди.
Наманганда ҳам вилоят ҳокимлиги, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталиги тизимларининг ҳамкорликдаги фаолияти туфайли коронавирус инфекциясига қарши курашда муайян натижаларга эришилмоқда.
Вилоятдаги бугунги эпидемиологик вазият ҳақида фикр юритганда қуйидагиларни таъкидлаш мумкин. 19 июнь ҳолатига жами коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 283 нафарни ташкил этмоқда. Шу кунга қадар беморларнинг 91 фоизи, яъни 258 киши бутунлай соғайтирилган. Афсуски, 4 киши вафот этди.
Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 21 нафар бемор белгиланган стандартларга мувофиқ даво муолажаларини олмоқда.
Касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар билан мулоқотда бўлганлар ва хориждан қайтганларнинг 71 минг нафари уй карантини ва махсус карантин муассасаларига жойлаштирилди. Бугунги кунда уларнинг 94 фоизи карантинда чиқарилган. 34 жойда карантин муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларда салкам 400 нафарга яқин тиббиёт ходими иш олиб бормоқда.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази лабораторияларида 103 минг нафардан зиёд фуқаронинг саломатлиги "COVID-19" инфекциясига гумон қилиниб, махсус текширувдан ўтказилди. Бу жараён узлуксиз давом эттирилмоқда.
Брифингда карантин тартибларининг бузулиши, белгиланган қоидаларга риоя қилмасликка оид муаммолар ҳам айтиб ўтилди. Айниқса, халқаро юк ташувчи автомобиллар ҳайдовчилари орасида йўл қўйилаётган салбий хатти-ҳаракатлар таассуф билан таъкидланди. Бунинг оқибатида эл соғлиғининг ишончли муҳофазасига путур еткизилаётганлиги ташвиш билан айтилди. Янгиқўрғон ва Уйчи туманларида рўй берган ҳолатлардан жиддий сабоқ чиқариш зарур.
Тўғри, бугунга келиб, пандемия шароитида ўрнатилган карантин тартиблари бирмунча юмшатилди ва бу жараён босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Аммо, ҳали ҳам хотиржамликка берилиб бўлмайди. Коронавирус инфекциясидан муҳофазаланишга оид талабларга қатъий итоат этиш зарурияти ҳамон сақланиб турибди.