Коронавирус инфекциясига қарши кураш билан боғлиқ чора-тадбирлар ва уларнинг самаралари бугунги куннинг энг долзарб мавзусига айланганлиги бежиз эмас. Жаҳон ҳамжамияти бу балони даф этиш устида бошқотирмоқда. Мамлакатимизда ҳам салкам юз кундан бери кўзга кўринмас ёвга қарши курашиляпти. Наманган вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида касаллик тарқалишининг олди олинди ва ёйилишига йўл қўймаслик учун зарур чоралар кўрилмоқда.
Албатта, хавф ҳали ҳам бартараф этилгани йўқ. Шунинг учун кутилажак мураккаб вазиятларга нисбатан олдиндан пухта тайёргарлик кўриб қўйилмоқда. Вилоятимизда махсус лойиҳа асосида карантин зонаси барпо этилмоқда. Шу кунга қадар Поп туманида 1200 ўринли карантин ҳудуди қуриб битказилди. Ғурумсарой қишлоғидаги мазкур ҳудуд 2,2 гектар майдонда барпо этилди. Электр, сув ва канализация тармоқлари тортилди. Бу ердаги махсус контейнерларнинг ҳар бири 26 квадрат метрдан иборат бўлиб, 12 квадрат метрли алоҳида кириш қисмига ҳам эга. Хоналар 4 кишига мўлжалланган кондиционер, телевизор ва душ билан таъминланган.
Эндиги асосий эътибор карантин ҳудуди билан ёнма-ён жойлашган 150 ўринли шифохона қурилишига қаратилган. Бу ерда муолажа хоналари, тиббиёт бўлимлари, ошхона, лаборатория ва дорихона барпо этилади. Ҳозирда 270 нафар муҳандис ва қурувчи 20 дан ортиқ техника билан икки сменада иш олиб бормоқда.
- Шифохонада карантин ҳудудида кузатувга олинганлар орасидан коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар даволанади. Шунинг учун ғоят мукаммал ва замонавий тиббиёт маскани қад ростлаяпти, - дейди Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги вакили Тоир Алиматов. - Шифохона бўлимларига энг замонавий тиббий жиҳоз ва аппаратуралар ўрнатилади.
Мақсад тез кунларда ушбу объектни ҳам фойдаланишга топширишдан иборат. Мазкур қурилиш якунланиши билан пандемия шароитидаги ишлар янги босқичга кўтарилади.