НАМАНГАНГАЯШИЛЛИК ЯРАШАДИ

Рустамжон ҲАМРОҚУЛОВ,

вилоят СЭОМ бош врачи.

Мамлакатимизда сўнгги йиллар мобайнида санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш, яшаш муҳити хавфсизлигини ва инсон соғлигини муҳофаза қилишни таъминлаш, санитария-эпидемиология назорати хизмати тизимини такомиллаштириш, соҳада малакали кадр­ларни тайёрлашга йўналтирилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Айниқса, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳамда Республика Ҳукумати томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар юзага келганда аҳолига санитария-эпидемиология хизмати кўрсатишдаги муаммоларни бартараф этиш, санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг институционал салоҳиятини ошириш, санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга риоя этилиши соҳасида кенг кўламда ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бугун шу соҳанинг вилоятдаги масъул раҳбари сифатида таъкидлаб ўтишим жоизки, давлатимиз раҳбари нафақат Марказий Осиёда, дунё мамлакатлари ичида олдингилардан бўлиб коронавирус пандемиясининг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича стратегик режани ўз вақтида қабул қилди. Ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда эпиде­мия­га қарши курашишнинг самарали тизими яратилди. Касаллик тарқалишининг олдини олиш, инфекция манбасини назорат қилиш, тарқалиш йўлларини тўсиш борасида ягона режа ишлаб чиқилди, ижросини таъминлашда қатьиятлик кўрсатилди.

Айниқса, мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва соғлиқни сақлаш ходимларининг самарали фаолият кўрсатишлари йўлида яратиб берилган барча шароитлар эришаётган ижобий натижаларимиз учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, лаборатория, шифохона, карантин муассасаларини зарур кимёвий ашёлар, махсус кийимбошлар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар, транспортлар, компьютер технологиялари билан тўлиқ таъминланиши, беморларни фақат давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволашнинг жорий этилиши, соҳанинг фидойи мутахассисларини катта миқдорда моддий рағбарлантирилишининг йўлга қўйилиши бугун ўз самарасини бераётир..

Биз бугунги ўта масъулиятли ва синовли кунларда эл соғлиги, осойишталиги йўлида хизмат қилар эканмиз, энг аввало шундай мамлакатнинг фуқароси эканлигимиздан, элпарвар, ҳаётини халқининг бахт-саодати йўлида бахшида этаётган фидойи юртбошимиз борлигидан ҳар қанча фахрлансак, уларга елкадош, қўш қанот бўлиб меҳнат қилсак шунча оз. Айниқса, сўнги йилларда барча соҳаларда қўйилаётган собит қадамлар, қўлга киритилаётган натижалар, ютуқлар ҳақида дунё ҳамжамияти томонидан билдирилаётган эътирофлар ҳам барчамизни ҳамжиҳатлик билан янада фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

Қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар, ижросини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар самараси натижасида соҳада жаҳон стандартига жавоб бераоладиган шарт-шароитлар яратилмоқда. Тизимнинг техникавий таъминоти кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, бутун дунё аҳли доимо талпиниб яшайдиган жаннатмонанд Наманганимизда ҳам соҳа дадил тараққиёт сари юз тутаётгани бежиз эмас.

2020 йил нафақат мамлакатимиз, қолаверса бутун дунё аҳолиси учун ҳам катта синовлар йили бўлди. Айниқса, Хитойдан тарқалган коронавирус инфекциясининг пандемия даражасига етиб бориши Ўзбекистонга ҳам катта ташвишлар орттирди. Юқорида таъкидлаганимиздек, фақатгина, Президентимиз томонидан ўз вақтида қабул қилинган қарорлар сабаб уни кенг тарқалиши ва фуқароларнинг кўплаб ҳаётдан кўз юмишининг олди олинди, бу борадаги кураш эса давом этмоқда.

Бугун дўппини ёнга олиб бир ўйлаб кўрсак, мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишига қарши амалга оширилган ишлар учун бюджетнинг жуда катта ҳажмдаги маблағлари сарф қилинаётгани аён бўлмоқда. Инқирозга қарши курашиш жам­ғармаси ҳисобидан биргина вилоятимизга 47,0 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, унинг 42,454 млн. сўми белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида сарфланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби белгиланди. Унга асосан кунлик қўшимча 6 фоизли ва махсус тўловлар (врач ходим ва врач лаборантларга 25 млн. сўм, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳамшираларга 15 млн. сўм, кичик тиббиёт ходимларга 10 млн. сўм, бошқа ходимларга 5 млн. сўмдан) жорий этилди. Ана шу тартибга асосан карантинга жалб қилинган ишчи-ходимларга вилоятимизда жами 31370,0 млн. сўм қўшимча моддий рағбатлантиш тўловлари амалга оширилди.

Аммо бу кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ҳамон аҳоли орасидан коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари учраётгани барчамизни ташвишга солаётир.

Сўнги маълумотларга асосланиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда бир кунда 127 нафар фуқарони касалланиши қайд этилиб, уларнинг умумий сони 6755 нафардан ошди. Энг ачинарлиси касаллик юқтирганлар аҳоли орасидан чиқаётганлиги ўта ташвишланарли ҳол, албатта.

Азиз наманганликлар!

Олтин водий гавҳари бўлмиш Наманганимизга азал-азалдан озодагарчилик, саранжом-саришталик, поклик ярашиқлиқ бўлган. Шаҳар ва қишлоқлари, обод кўчалари баҳор, ёз, куз ойларида ҳам ям-яшиллиги билан кўзларга қувонч, дилларга завқ-шавқ бағишлаб келган. Шундай экан, бугун бутун дунёни қарахт қилиб ўз ҳукмини ўтказаётган пандемия даврида доимо ҳушёр, огоҳ, интизомли бўлайлик. Соҳа мутахассислари тавсияси ва маслаҳатларига риоя этайлик. Токи, коронавирус деган мусибат чекиниб, юртимиз янада файзли, осойишталик касб этмас экан, ҳеч кимнинг бефарқ бўлишга ҳаққи йўқлигини унутмайлик. Ёдда тутинг, жаннатмонанд Ўзбекистонимизга,айниқса гуллар шаҳри Наманганимизга "қизил", "сариқ" рангли ҳудудлар қаторида туриш эмас, фақат ва фақат яшиллик ичра яшнаб туриш ярашади.

 

 

БОҒЧАЛАРДА ЯЙРАР БОЛАЖОН

Мустақиллик йилларида, айниқса кейинги икки йил ичида мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш, энг чекка қишлоқдаги болажонларни ҳам ана шу муассасаларга қамраб олиш борасида амалга оширилган кенг кўламдаги сайъи-ҳаракатлар ўз самарасини берди. Улардаги таълим сифати, янгича методик ёндашув, шарт-шароитлар тубдан ўзгача аҳамият касб этди. Илгари ноиложликдан қўлларидан судраб боғчага олиб бориладиган набиралар, бугун боғчасига барвақтроқ боришга отланадиган бўлиб қолганликлари ҳам бежиз эмас.

Минг афсуски, бутун дунёга ёмонотлиқ номи, таъсири билан хавф солган коронавирус балоси жажжиларимизнинг севимли тарбия ўчоғи ўртасида ҳам кўринмас ғов бўлди. Ҳар куни тарбиячилари меҳрига қониб яйрайдиган, машғулотларда яйраб-яшнаб қатнашадиган, мазали таомларни тановвул қиладиган, ухлаб хордиқ чиқарадиган жажжиларимизни ҳам боғчасидан айро бир муддат уйда қолишга мажбур қилди.

Ва ниҳоят ўша кутилган кун ҳам яқинлашди. Президентимиз, Республика Ҳукумати, ҳокимликлар ва соҳага масъул ташкилотларнинг ҳамжиҳатлигида олиб борилган карантин тадбирлари ўз самарасини берди. Республика махсус комиссиясининг ахборот беришича, 2020 йилнинг 1 июлидан давлат мактабгача таълим муасасаларига санитария-гигеник қоидалари хавфсизлик чораларига риоя этган холда фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди ва қуйидаги талаблар қўйилди:

- давлат мактабгача таълим ташкилотлари биноларини доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойлари пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион "тўшамалар " билан жиҳозланиши талаб этилади.

- ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопдан фойдаланади ва ижтимоий масофани сақлайди;

- тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчилар машғулотга киритилмайди.

Шу билан биргаликда, 2020 йил 15 июндан бошлаб "яшил" ва "сариқ " ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилган бўлиб, бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 нафардан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов бекор қилинади.

Бунда, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши бўйича масъулият мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади.

Аҳмаджон РАСУЛОВ,

вилоят СЭОМ бош врачининг биринчи ўринбосари.

 

 

ЛАБОРАТОРИЯ 100 МИНГДАН ОРТИҚ КИШИГА ХИЗМАТ КЎРСАТДИ

Вирусология лабораторияси Республика марказий тартиб комиссиясининг 1071- сонли рухсатномаси асосида ўз фаолиятини бошлаган. Узоқ йиллардан буён санитария вирусология, серология, иммунофермент ва молекуляр генетик текширишларни амалга оширади. Атроф муҳитда инсон учун патоген вирусларни табиатдаги ҳаракатини мониторинг қилиб боради. Грип ва ўткир респиратор вирусларни эпидемик штаммларини аниқлаб,мавсум олдидан аҳолини эмлаш учун тавсиялар беради. Қизамиқ, қизилча, полиомиелит касалликларида вакциналар таъсири, вирусга қарши дори воситалари самарадорлигини ўрганиб боради.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров уч йил олдин Наманган СЭОМнинг фаолиятини ўрганиш чоғида кўрсатган амалий ёрдами туфайли лаборатория моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Маҳаллий бюджетдан ажратиб берилган 0,5 млрд. сўм маблағ эвазига 2017 йилда замонавий ПЦР тиббий жиҳози олиб келинди. 2019 йилда 1 млрд. сўмлик қўшимча жиҳозлар билан таъминланди.

2020 йилнинг 24 март куни лабораторияда илк бора COVID 19 касаллиги қўзғатувчи SARScov2 вирус штаммлари, яъни беморнинг бурун ва томоқ халқумидан олинган суртма намуналари ПЦР(преципитация занжир реакцияси) усулида ажратиб олинди. Шу кундан бошлаб лаборатория туну-кун тўхтовсиз иш фаолиятига ўтди. Вилоятда вазиятни назоратга олиш учун ушбу даргоҳда мутахассислар ўқуви ташкил этилди. Махсус бригадалар сафи кенгайтирилди. Шу кунгача 2 та лабораторияда (ОИТСга қарши кураш маркази ПЦР лабораторияси билан биргаликда) 100 минг нафардан ортиқ инсонларда суртма таҳлиллари ўтказилди.

Керак бўлса соғлиги ва ҳаётини хавф-хатарга қўйиб иш олиб бораётган саломатлик посбонлари орасида врач вирусолог ва бактерологлар Нилуфар Аҳмедова, Нилуфар Раҳмонова, Олимжон Охунов, Ваҳобжон Мамажонов, Гавҳар Нишонова, лаборантлар Анжела Юсупова, Шуҳратжон Болтаевларнинг номларини фахр билан тилга олсак арзийди.

Мирзоҳид ПЎЛАТОВ,

вирусология лабораторияси мудири.

 

 

ТАРҒИБОТ, ТАРҒИБОТ ВА ЯНА ТАРҒИБОТ

Янгиқўрғон туман СЭОМ томонидан аҳоли ўртасида ўткир респиратор касалликлар ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Республика ССВнинг 2020 йил 21, 24 январдаги кўрсатма хати, буйруғига асосан грипп ва ўткир респиратор инфекцияларига қарши курашиш туман штаби фаолияти йўлга қў­йилиб, СЭОМнинг ходимлари барча ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларга бириктирилди. Уларнинг самарали ва тизимли фаолияти юзасидан қатъий назорат ўрнатилди.

Энг аввало, эътибор туман ҳудудига чет мамлакатлардан келиб ишлаётган хорижий фуқароларнинг рўйхатини шакллантириш ва уларни тезкор тиббий кўрикдан ўтказишга қаратилди. Жорий йилнинг январь ойида Янгиқўрғонга Хитой давлатидан келган 14 нафар хорижлик мутахассисларнинг тиббий таҳлили амалга оширилди. Улар соғлом, аҳолига умуман эпидемиологик хавф туғдирмаслиги ҳақида барчани оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилинди.

Шунингдек, коронавирус касаллиги бўйича нохуш бўлган давлатлар Россия, Қозоғистон,Белоруссия, Қирғизистон,Тожикистон, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирлиги, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Аф­ғонистон мамлакатларида бўлиб қайтган 5506 нафар янгиқўрғонликлар ўз вақтида назоратга олиниб, "Кўксарой" дам олиш маскани, "Камалак" болалар оромгоҳи, Ровут ҚВП каби манзилларда14 кунлик карантинда ушлаб турилди.Айни кунда уларнинг сони121 нафарни ташкил этмоқда.

Барчага маълумки, Янгиқўрғон билан қўшни Қирғизистон давлати ўртасида 97 км. узунликда чегара мавжуд. Бу, биз санитария-эпидемиология соҳаси ходимларидан янада масъулият билан фаолият кўрсатишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам эътиборни ҳудуддаги 71 та маҳалла, 40141 та хонадонлар, 104 та мактаб ва мактабгача тарбия муассасалари, ташкилот, муассаса, бозорлар, савдо шаҳобчаларида коронавирус касаллигидан сақланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш, ниқобсиз юрмаслик, агар кимда шамоллаш аломати сезилса, иситма кўтарилса, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш борасида кенг қамровли тар­ғибот-таш­қивот ишларини олиб бормоқдамиз. Мақсадимиз битта, бутун дунёни ўз комига тортган бу бало тезроқ даф бўлсин. Халқимиз аввалгидек эмин-эркин ҳаёт кечирадиган кунларга тезроқ қайтсин.

Илҳомжон МАМАЖОНОВ,

Янгиқўрғон туман СЭОМ бош врачи.