27 ИЮНЬ – МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ

Гарчанд Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида забардаст устозлардан назарий билимлар олган бўлсам-да, илк журналистик фаолиятимни 2014 йили вилоят тиббиёт ходимларининг ижтимоий-сиёсий газетаси "Шифокор ва ҳаёт" таҳририятида бошлаш шарафига муяссарландим. Очиғи, тиббиётчилар рўзномаси бош муҳаррири Абдуллажон Ғозиев эшигини бироз ҳадик, бироз ҳаяжон билан таққиллатганим рост. Чунки олийгоҳни неча йиллар аввал тамомлаган бўлсам-да, оммавий ахборот воситаларида шунчаки жамоатчи ижодкор сифатида қалам тебратиб юрганман, холос. Тўғри, вилоят Маънавият ва маърифат марказида устозларим Зиёвиддин Мансуров, Тоҳиржон Дадаханов, Сайфиддин Муҳиддинов, Бахтиёр Исоқовлар билан бир сафда хизмат қилиб, кўп ва хўб нарсаларни ўргандим. Уларнинг бебаҳо сабоқларидан баҳрамандлик бахтига мушаррафлик насиб этган. Лекин газета ишидан унчалик бохабар эмасдим.

Таҳририятда илиқ кутиб олган Абдулла ака, "Синглим, биз ёшларга тажрибаларимизни, билимларимизни ўргатишга ҳамиша тайёрмиз. Ҳатто шу ўтирган столим ҳам бир куни ёш кадрларники бўлади. Майли, жамоамизга қўшилинг, қўллаб-қувватлаймиз..." дедилар. Муҳаррирнинг самимий ва дўстона муносабати руҳимни кўтариб юборди. Вилоятда ўз сўзи, ўз ўрни ва ўз қарашларига эга бўлган тиббиётчиларнинг ягона газетасига ишга қабул қилинганимдан жуда-жуда мамнун бўлдим. Бу ерда юксак салоҳиятли ижодий гуруҳ шаклланган экан. Устозларнинг ўтган даврлардаги фаолиятлари ҳам ибратга арзигулик. Чунки бош муҳарриримиз бир неча йиллар вилоят ҳокимлигида, вилоят телерадиокомпаниясида турли юқори лавозимларда фаолият юритганлиги барчага маълум. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг вилоятдаги мухбири сифатида катта обрў ва эътибор қозонган. Соҳадаги ҳалол ва фаол хизматлари учун вилоятимиз журналист­лари сафидаги ягона "Жасорат" медали соҳиби ҳам.

Яна бу даргоҳда таниқли ижодкор, шоир ва публицист Содиқ Сайҳуннинг муҳаррир ўринбосари эканлиги мендек тажрибасиз журналист учун айни муддао бўлди. Чунки ҳеч кимга сир эмас, Содиқ Сайҳун публицистикаси ўзига хос ва мос. Бемалол айта оламанки, унинг бетакрор ижоди республика даражасида бўйлаша олади. Ўттиздан зиёд китоблари эса ўқувчилар жавонини безаган. Тўрақўрғон туман ҳокимлигининг "Давр" газетасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари қадр­ланиб, кўксини 2000 йили "Шуҳрат" медали безаганлиги бежизмас-да.

Албатта, ҳар томонлама мукаммал матбуотчилар билан ишлаш осон кечмади. Талабчан ва яхши маънодаги "инжиқ" раҳбар А. Ғозиевга ёқадиган мақолалар тайёрлашни энди-энди уддасидан чиқишга эриша бошлагандайман.

Ҳозирда ҳар қандай мавзудаги мақолалар ёзишда тиббиёт тили билан айтганда "Бир мартада томирга тушиш" даражасида қалам тебратадиган Содиқ Сайҳун ижод қилаётган газета даражасини тушириб юбормаслик ҳаракатидаман. Ёзганларим, албатта, у кишининг таҳриридан ўтади. Устоз мақоламдаги ғализ жойларини кўнглимга ботмайдиган қилиб силлиқлайдилар. "Журналист жуда-жуда зийрак бўлиши, кўп ўқиши ва уқиши, замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлиши лозим. Кўп китоб ўқинг..." дея таъкидлашдан чарчамайдилар. Камтарин ва ҳалол инсон. Сермаҳсул ижодкор. Бир сония бўлсада ўзлари ҳам ҳали-ҳануз ўқишдан, изланишдан чарчамайдилар. Битта оддийгина мақоласига ҳам илмий даражада ёндошади. Китоб титиш, газета ўқиш, ёзаётган мақоласига оид у тиббиёт бўладими, бошқами энциклопедияларгача варақлашдан чарчамайди. Мавзуни ёриб чиқади. У "иш"га шунчаки ёндошмайди. Газетамизни ўқимишли чиқишида ва турли мавзуларини қамраб олишида, танқидий ва таҳлилий мақолаларни тайёрланишида жуда - жуда ҳиссаси катта. Устоз билан ишлаш жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, нафақат журналист, публицист, шоир, балки адабиётшунос, етук мунаққид, мозийшунос эканлиги ҳавасга ва ибратга арзигудай. Масалан, Наманган "Афросиёби", аниқроғи Ахсикент тарихини, юртимизнинг икки улуғ фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Исҳоқхон тўра Ибратнинг ҳаёти ва ижодини вилоятда ундан мукаммалроқ ўрганган ва биладиган зиёли кам бўлса керак деб ўйлайман. Ҳозирда Наманган тиббиёти тарихини ҳам яратиб, тўкис ҳолатга келтираётгани эса ҳар қандай мақтовга лойиқ.

Дарҳақиқат, ҳар икки устоздан журналистиканинг энг нозик сир-синоатларини ўрганишда давом этяпман. Абдулла аканинг фидоийлиги, эл-юрт равнақи йўлидаги фидокорона хизматлари соҳадошларимиз эътирофига сазовор. Ўз ишини ҳамиша чин юракдан адо этади. Шахсий манфаатларини ҳеч қачон, ҳар қандай вазиятдаям жамоаникидан устун қўймайди. Жамоа манфаатини, ходимлар ижтимоий ҳимоясини ҳамиша устувор тутади. Таҳририятдаги 10 йиллик фаолияти давомида, таҳририят моддий-техник базасини янада ривожлантириб, ходимларга барча шарт-шароитларни яратдилар. Газетанинг сифатли ва ўқимишли бўлиши доимий назоратида. Наманган тиббиётидаги янгиликларни, жонкуяр шифокор ва ҳамшираларнинг халқимиз соғлигини сақлаш йўлидаги хизматларини ёритишда пешқадам. Бир сўз билан айтганда, фидоий, жонкуяр ва ўткир қалами билан биз ёшларга чинакамига ўрнак

- Иш юритишни Абдулла акадан ўрганинглар. Ҳар қандай топшириқни ўз вақтида бажаради, ўрнак олинглар, - дейди гоҳ-гоҳ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов бош­қарма ходимларига.

Дарҳақиқат, А. Ғозиев ВССБнинг ахборот ҳизмати раҳбари ҳам. Соҳанинг профессионал даражадаги мутахассиси сифатида, телевидение, радиода тизимли чиқишлар уюштиришни ташкиллаш, врач-мутахассислар билан таъминлаш ҳам зиммаларида. Бошқарма йўналишидаги телеграм ижтимоий тармоқларини ҳам энг долзарб мавзудаги мақолалар ва янгиликлар, турли ижтимоий-сиёсий хабарлар билан бойитиб боради.

Ҳозирги карантин, пандемия шароитида ҳам муҳарриримиз бир кун бўлса-да, тиним билганлари йўқ. Республика аҳлини вилоятдаги эпидемик вазиятдан хабардор қилиш мақсадида пандемия тарқаган энг хавфли ҳудудлардан, шифохоналардан карантин қоидаларига риоя этган ҳолда мақола ва репортажлар тайёрлаб, вазиятдан барчани огоҳ этиб турибдилар.

Шунингдек, байрам арафасида кичик жамоамизни молиявий - иқтисод ишларини тўкис юритаётган Исломжон Лутфиллаев, телеграм ижтимоий тармоқлардаги "Саломатлик сабоқлари" канали муҳаррири Санжарбек Ҳамидов, мусаххиҳ Роҳила Алиқулова, газета дизайни устида фаол иш олиб борувчи Дониёр Жўраев, нашримизни обуначиларга ўз вақтида етиб боришини таъминлаётган куръер Баҳриддин Тўхтасиновларнинг хизматларини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман.

Қолаверса, нашрни ташкиллаган муҳаррирлар Раҳматилла Усмонов, Аҳадхон Аҳмедов, фотомухбир Аъзамжон Акбаровларнинг хотираси ҳамиша ёдимизда.

Шуни мамнуният билан алоҳида таъкидламоқчиманки, газетамиз тиражини оширишда, шахсан С. Мўминовнинг ўзлари бош-қош. Айни палладаги обуна мавсуми жараёнларида тиббиётчилар нафақат бизнинг нашримиз, балки Республика ва вилоятдаги барча нашрларга фаол обуна бўлишмоқда. Биз жамоамизнинг моддий манфаатдорлиги кафолатланганлигидан ва доимо эътибордалигидан мамнунмиз. Айни маҳалда вилоят тиббиёти ходимларининг ижтимоий-сиёсий газетаси "Шифокор ва ҳаёт"нинг адад жиҳатидан ҳам етакчи нашрлардан бири сифатидаги мавқеининг барқарорлиги ва бардавомлиги кўнгилларимизни фахр туйғуларига тўлдиради.

Манзура ЭРГАШЕВА.