Янгиқўрғон туманида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан "Маънавият - ҳаёт кўзгуси" мавзуида кўргазмали ўқув-амалий семинари ўтказилди.

Навкент педагогика коллежи биносида бўлиб ўтган мазкур тадбирда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва шаҳар, туман мактабгача таълим бўлимлари мутасаддилари, вилоят ҳокимлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинар иштирокчилари Янгиқўрғон тумани МТБ мисолида самарали фаолият юритиш учун яратилган шароитлар, замонавий техника ва ахборот коммуникацияларидан унумли фойдаланиш, ҳужжатлар билан ишлаш, давлат тилида иш юритиш, кадрлар маҳоратини ошириш, маънавий-маърифий йўналиш бўйича белгиланган вазифалар қандай бажарилаётгани билан яқиндан танишдилар.

Тадбир аввалида вилоят мактабгача таълим тизимида 2017-2019 йиллар давомидаги фаолият таҳлилига бағишланган ижтимоий видеоролик намойиш этилди. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова ўз сўзида мамлакатимизда янги жорий этилган бу тизимда қисқа фурсат ичида салмоқли ишларга қўл урилгани, биргина вилоятимизнинг ўзида сўнгги уч йил ичида болалар қамрови кўрсаткичи 26 фоиздан 56,7 фоизга чиққанлигини қайд этди. Бу ўз навбатида 1244 та мактабгача таълим ташкилотида фаолият юритаётган 22 мингдан зиёд педагог-тарбиячиларга янада масъулият юклайди.

- Балансимизга ўтказиб берилган педагогига коллежини қисқа муддатда ички имконият ва ҳомийлик кўмагига таяниб, замонавий кўринишга келтирдик. Зарур моддий техника билан таъминланган хоналар ва заллар фаолиятга доир панно ва кўргазмалар билан жиҳозланди. Бинонинг иккинчи қаватида маънавият-маърифат хонаси ташкил қилдик. Кутубхонамиз фондини янада бойитиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан китоб ва рисолалар тақдим этилди, - дейди Янгиқўрғон тумани мактабгача таълим бўлими мудираси Эъзоза Тўрабоева.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 сентябрдаги "Мобил гуруҳлар базасида мактабга таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида"ги 786-сон қарори асосида вилоятимизда фақатгина Янгиқўрғоннинг чекка ҳудудлари - Мўғол, Қандиён ва Ровот маҳаллаларида мобил гуруҳлар ташкил этилиб, уларга юзга яқин бола қамраб олинди. Тоғолди туманда йил якунига қадар боғчага қамровни 72 фоизга чиқариш режалаштирилган.

Бўлимда тумандаги МТТ ёш кадрлари малакасини ошириш ва тарбияланувчилар билан ишлашда қўллаш учун "Моҳир қўллар" тўгараги самарали фаолият юритаётганлиги эътиборга молик. Тўгарак раҳбари Гулноза Абдураҳимова "Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2019" касбий кўрик-танловининг республика босқичида "Йилнинг энг яхши ижодкор тарбиячиси" номинациясида ғолиблар қаторидан ўрин эгаллагани ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.

Семинарда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Улуғбек Шерматов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Ҳабибулло Маткаримов, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бош мутахассиси Азизбек Абдувалиевлар тизимда маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирларни янада кучайтириш, Ҳукумат қарори билан тасдиқланган "Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси" моҳияти ва мақсад-вазифалари, давлат тилида иш юритишни тўлақонли йўлга қўйиш, ОАВ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, семинарга таклиф қилинган ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкилланди ва унда мактабгача таълим тизимини ёритишда жонбозлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ журналистларга ташаккурнома билдирилиб, қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

namangan24.uz.