Авваламбор шуни мамнуният билан эътироф эта оламизки, Президентликка тўртта партиядан бўлган номзодларнинг сайловолди учрашувлари ғоят қизғин ва мароқли кечди. Айниқса, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан номзод - Ислом Каримовнинг сайловчилари ҳузурига ташрифи ва улар билан учрашуви халқимизнинг руҳини янада кўтариб юборди. Хусусан, 11 мартдаги наманганлик сайловчилар билан бўлган учрашув ва ундаги Дастурий нутқ барчамизнинг кўнглимизда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамлади. Эзгу мақсадларни аниқ билган ҳолда Юртбошимиз атрофига янада маҳкамроқ жипслашиш зарурлиги туйғусини бениҳоя кучайтирди. Дастурда мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш, иқтисодий-ижтимоий соҳани либераллаштириш жараёнларини изчил давом эттиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, экин майдонлари ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига янги агротехнологияларни жорий этиш, фермерлик ҳаракатини, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдек муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.
Энг муҳими, халқ саломатлигини сақлашга қаратилган истиқбол режалари аниқ ва равшан белгилаб қўйилган. Яъни республикамизда тиббиёт соҳасида 2015 йилда 98 миллион доллар ҳажмидаги маблағ ҳисобидан 83 та тиббиёт муассасасини, 2020 йилгача -180 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига 230 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш назарда тутилган. Демак, соҳа ривожига йилдан - йилга эътибор кучайтириб борилаверади. Бу ўз навбатида биз тиббиётчилардан ҳам зиммамиздаги масъулиятимизни тобора оширишимизни талаб этаверади.
Халқимизнинг сайловдаги сиёсий кўтаринкилигида ана шу эзгу мақсадлар рўёби учун овоз бериш иштиёқи муҳим роль ўйнагани шубҳасиз. Сайлов натижалари эълон қилинганида эса барчанинг кўнгли чексиз фахру ғурурга тўлди. Ахир, халққа саодатбахш инсон - Ислом Каримовнинг номзодини ёқлаб 17 миллион 122 минг 597 фуқаро ёки сайловчиларнинг 90,39 фоизи овоз бергани кимни қувонтирмади, дейсиз.
Бизлар элим деб, юртим деб ёниб яшаётган Президентимизнинг атрофларига ҳамиша якдиллик билан жипслашган ҳолда юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун бор билимимизу бор кучимизни сарфлашга доимо бурчлимиз. Шуни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак.