Айни пайтда юртимиз бўйлаб минглаб тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда, карантинда сақланаётган фуқароларни тиббий кузатувга олишда ҳақиқий маънода қаҳрамонлик кўрсатишмоқда. Улар сафида вилоятимизда фаолият олиб бораётган шифокор, ҳамшира ва бошқа хизматчилар ҳам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилишмоқда.
Шу ўринда эътироф этиш керакки, вилоят юқумли касаликлар шифохонасининг билимли ва матонатли жамоаси саъй-ҳаракатлари туфайли шу кунгача жами 265 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Беморларнинг соғайиши йўлида шифохонада бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида.
Энг муҳими, оиласи, яқинлари, халқимиз учун ишда қолиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволанишига ҳисса қўшаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эътирофга лойиқ. Президентимиз коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган видеоселектор йиғилишларидаги халқимизга йўллаган мурожаатларида ҳам шифокорларимиз меҳнатига алоҳида эътибор қаратдилар.
Жумладан, ушбу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларга чуқур миннатдорлик билдирдилар. Айни шу жиҳатдан Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси жамоси ҳам ўз ҳаёти учун ҳар қанча хавф солмасин, касбий қасамёдига содиқ қолиб, виждон амри ила инсонлар саломатлиги йўлида фидокорона кураш олиб бораётган ҳамшира ва бошқа хизматчиларга эсдалик совғаси ҳамда ташаккурнома улашди. Кўрсатилган эътибор ва эҳтиром тиббиёт ходимларининг кучига куч қўшиши, эпидемия балосини аритишда янада фидойилик билан меҳнат қилишларини ўзига хос рағбат бўлиши шубҳасиз.
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати.