"Карантин кунларида" туркумидан

 

«Бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Ишончим комил, анча билим ва тажриба орттирган, бағрикенг ва матонатли халқимиз бу босқичдан ҳам, албатта, муносиб ўтади».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Бугуннинг ташвиши - эртанги қувонч,

Мен, сен, у - ҳаммамиз бир жону бир тан.

Ҳушёрлик ва тартиб - кафолат, ишонч,

Биздан сабру сабот кутади Ватан!

 

ДАВЛАТ ПАНОҲИДА ОМОНДИР БУ ХАЛҚ

Ёруғ оламнинг тўрт фасли тўкис гўшаси - Ўзбекистон ўзга юртга асрий тобеликдан қутилтирган, аҳли башарнинг ақли тўқу ақли зукко фарзандлари қаторида турувчи ўзбекларга ҳам ўзлигини англатган ҲУРРИЯТ даврининг сўнгги уч йилдан зиёдроқ пайти ҳайратона янгиланиш, ҳайратона кучланиш, курашчанланиш ва кутилмаган синовлардан бемисл сабру сабот билан ўтиш фурсати сифатида тарих саҳифаларига му­ҳр­ланиб бораётгани ҳаётий ҳақиқат. Биз шу аснода кимлигимизни дунёга кўрсатиб қўйишга қодирланаётганимизни амалда исботлаб турибмиз. Бундан ҳадсиз хурсандланишга ва ғурурланишга ҳақлимиз. Негаки, "КОВИД-19" эпидемияси пандемияга айланган, оламий фалокату, оммавий ҳалокат авжланган бир вақтда жаҳондаги манаман деган, иқтисодиёту сиёсатда ўзларини ҳамиша авангард ҳисоблайдиган, ҳатто ўзларини гегемонларча тутадиган мамлакатларга таққосланишга арзигули кучу қудратимиз, мавқе-мартабамиз борлигини йигирма биринчи юз йиликнинг йигирманчи йилининг бармоқда санарли ойларидаёқ намоёнлашга эришдик ва эришишда янада астойдил давомли қадамлар ташлаяпмиз. Муҳимдан муҳим жиҳати шуки, давлат халқ саломатлигини муҳофазалаш, халқ ҳаётига туғилаётган хавфу хатарни даъф қилиш учун зарур маблағни топяпди ва сарфлаяпди. Мамлакатимизда коронавирусга чалинганлар аниқлангандаёқ, улар хориждан юқтириб келишгандаёқ ҳушёрлик билан муносабатда бўлинди. Шубҳа туғдирганларни икки ҳафталик карантинга олиш, кейин реабилитацияга ўтказиш, тўла соғайтирилгачгина оилалари бағрига қайтариш қатъий тартиб ва амалиёт тусига киритилди. Ҳар бир бемор киши ва ҳар бир гумонланувчи шахслар учун кетадиган милён - милён сўмлик харажатлар тўла давлат томонидан қопланмоқда.

Халқига меҳри зиёда Юртбошининг оқилона Қарорлари, Фармонлари, ташаббуслари, топшириқлари, йўл-йўриқлари, назоратлари, талабчанликлари мамлакатимиз фуқароларида ўринсиз ваҳима уйғонишининг, ҳаловатсизлик ва қўрқув ҳисси кучайишининг олдини олди, десак асло янглишмаймиз. Эртанги кунга ишонч ва умид бирор кишини ҳам тарк этмади. Аксинча, карантин қоидалари ва талабларини ҳеч ким бузмаслиги учун кечаю-кундуз изчил назорат ўрнатилган. Мақсад ягона - халқни коронавирус пандемиясидан имкон қадар беталофат олиб чиқиб кетишдир ва шундай натижа деярли таъминланмоқда. Ҳозиргача минглаб кишилар ичида "КОВИД-19"чангалидан ҳаётини қутқариб қолиш имкони бўлмаганлар сони атиги 19 нафарга етди, холос.

Билакс, коронавирус юқиши туфайли Буюк Британияда 41821 киши, Америка Қўшма Штатларида 43959 киши, Италияда 34371 киши, Францияда 29439 киши, Бразилияда 41821 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу рақамлар кундан-кун кўпайиб бораётгани янада ташвишли ва ўкинчли. Нега Ўзбекистонда ўлим рақамлари сони дастлабки ўнликларда-ю, шундай дунёга довруқли давлатларда мингликка, бир неча ўн мингликка етиб кетди. Бизнингча, рўй берган ачинарли ҳолат иқтисодиётга қаратилган эътибордан кўра, инсонлар саломатлигига эътиборнинг ўта пастлигида, бозор иқтисодиётининг бешафқат қонун-қоидалари фавқулодда вазиятларда халққа, айниқса камбағалларга, ҳатто ўртамиёна турмуш кечираётганларга панд беришида. Ёки мазкур қонун-қоидаларда инсонпарварлик керакли даражада қайд этилмаганида ва ниҳоят давлатнинг тўла маънода аҳолиси ҳимоясини зиммага олишдек беҳад юксак масъулияти ва ролига зарур кафолатлар яратилмаганида. Алал-оқибат халқ ҳалокатга учради, тириклик инқирозга учради. Иқтисодиётга салбий таъсири бундан буён, албатта, кўринади. Ахир давлатни давлат қилиб турган унинг меҳнаткаш халқи эмасми?! Хоҳ бола, хоҳ қария бўлсин – уларнинг қадр-қиммати адолатли давлат учун бирдай баланд тутилмоғи, айниқса ҳаёти, соғлиги тўғрисидаги ғамхўрлик энг оғир шароитлар чоғида ҳам унутилмаслиги шарт эмасми?!

Бизнингча, Ўзбекистонимиз инсонпарварлик тамойили устувор мамлакат. Демократик тартиблар, бошқарувдаги адолатпарварлик принциплари барқарору бардавомлик шароитида ўзбеклар билан бирга яна кўплаб миллат ва элатлар эмин-эркин, тенг ҳуқуқли, дўсту биродар яшаётган бағрикенг диёр.

Халқимизнинг Юртбошисига умиду ишончи ғоят катта. Президентимиз: "Эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини юмшатишни давом эттирамиз" дея бежиз таъкидламадилар. Ахир аҳил миллатларимиз-халқимиз ўзининг уюшқоқлиги ва онгли инзомини карантинда жорий этилган турмуш тарзига қатъий амал қилишга сарфлаб, яхши натижаларга эришди. Касалликнинг авж олиб кетишига мустаҳкам тўсиқ қўя олди. Ўлим ҳолатлари кўпайиши юз бермади. Бу, дунё аҳли олдида бизлар нималарга қодирлигимизнинг пандемия шароитидаги беинкор исботидир.Бу озод ва обод мамлакатимизнинг кечасидан бугуни, бугунидан эртаси порлоқ бўлмоғини таъминлашдек эзгу мақсадлар сари халқи билан биргаликда нақадар дадил интилаётгани самарасидир, албатта.

Ҳаёт фақат равон йўллардан, шоду хуррамлик кунларидан иборат эмаслигини ҳам яхши биламиз. Йигирманчи йилнинг баҳоридан бошланган, ўзимизгагина боғлиқ бўлмаган, кутилмаган ғам-ғашли, муаммоли ҳодисалар олдида эсанкираб қолмадик. Аксинча, шароитдан келиб чиқиб, жорий қилинган тартибларни турмуш тарзимизда шакллантириш билан саломатлигимизни, умримизни емирувчи коронавирусга матонат ва саботимизни қарши қўя олдик. Ажални қучиб, ҳавода учиб, одамдан - одамга кўчиб юрувчи, аммо сира-сира кўзга кўринмас сону - саноқсиз зарра қотилдан асранишнинг деярли уддасидан чиқдик. Ўлим даракчиси ва умр кушандасига "ўлжа"га айланмасликнинг энг мақбул талабларини яшаш тартибига уйғунлаштирдик. Ўзимизни ўзимиз асрашимизга давлатимиз имкон берди, имкон бердигина эмас, ўзгача чорлов билан, ўзгача тарғибот билан ўзгача турмуш тарзига ўтишимизга шароит яратиб қўйди. Яъни, кўчаларда, майдонларда, ишхоналарда, ўқув даргоҳларида, бозорларда, умуман, кўпчилик йиғиладиган барча жойлардан бизларни ўз вақтида чекинтиришди. Чунки, дунё халқлари ўртасида ёйилаётган тождор вирус хавфи кучайгандан кучайган эди. Ўтган йил декабрида Хитойнинг Уханида бош кўтарган, ҳали давоси топилмаган вабосифат юқумли касаллик тобора урчиётганди. Янги йил қувончига янги вируснинг қўққисдан ёғдирган аза зарбаси нақадар азобли, нақадар ҳайратомуз эди. Ҳозир уни шарҳламасак ҳам гап нимадалигини аниқ англаб турибсиз...

Ҳаттоки оммавий ҳалокатга сабабчи вирусни даъф этиш, кунма-кун авжланаётган ўлим жараёнини тўхтатиб қолиш мушкулоти Хитой халқининг бошидан аримаётганидан бохабарлик ўз юртимизда ўз вақтида зарур чора-тадбирлар белгилашни талаб этиб турарди. Юртбошимизнинг оқиллиги, узоқни кўра билиш сиёсати туфайли яқинлашиб келаётган мавжуд мураккаб муаммо ва хавфга қарши курашга шайланиш тадоригини тезлаштиришга муваффақ бўлдик. Натижаси эса, бугун кўз ўнгимизда. Яна бир муҳим ютуғимиз пойтахтда ҳам, воҳада ҳам, водийда ҳам эндиликда шундай фавқулодда ҳолатда врачу ҳамширалар бемор билан маълум масофада туриб мулоқот қиладиган, муолажа ўтказадиган, энг замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланган бир йўла минг­лаб беморларга нажот берадиган ҳамма қулайликлари муҳайё ихтисослаштирилган тиббий марказ - муассаса қисқа фурсатда қурилиб, фаолиятини бошлади. Бу, кўнгилларга хотиржамликни қайтаради-ю, лекин касалликни даволагандан унинг олдини олган минг бора афзаллигини ўйлаб иш тутишимиз зарур. Ана ўшанда ўзимизнинг соғлигимизни, ҳаётимизни сақлашимизга, давлатимизнинг бюджетини тежашимизга эришамиз. Халқимиз соғлиги - давлатимиз куч-қудратининг асосий манбаи эканлиги шуни тақозо этаверади.

 

ЧЕКЛОВ ҲУШЁРЛИКДИР, ҚЎРҚОҚЛИК ЭМАС,

ВАҚТИНЧА АЙРОЛИК ТАРҚОҚЛИК ЭМАС

Ҳушёрлик ортидан қувонч, хотиржамлик келади, ғафлатнинг ортидан ғам - ғусса, ўкинч. Ҳушёрлик - балолардан, офатлардан асрайди, ғафлат кутилмаган кўргиликларга дучорлайди. Ҳушёрлик етти ўлчаб, бир кесишга ўргатади, ғафлат билиб-билмай жарга қулатади. Ҳушёр одам - уйғоқ одам. Ғафлат бандаси рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан ғофил, гўёки тирик мурда. Қай бири яхши-ю, қай бири ёмонлигининг фарқига етиб яшайдиган инсон ўзини ёруғ дунёда ёруғ йўлли, пешонаси ярқироқ ҳис қилади. Толеи кулади, иши ўнгидан келади, ҳар қадами қутлуғ кечади. Биз, ўзбекистонликлар ғоят ҳушёр халқлигимизни пандемия даврида оламга янада яққолроқ аёнладик. Март ойидан эълон қилинган карантин, унинг аҳоли турмушига хосу мос тартиблари, аксарият каттаю кичикнинг онгли итоаткорлиги замиридаги сабру саботи соғу саломатлик ҳамда омонликнинг омонатли онларида таҳлика ва қўрқувни бир четга суриб юборди. Тўрт муҳим омил, яъни алоқа - муносабатларда оралиқ масофа меъёрига қатъий амал қилиш, бир-бирларига тиббий ниқоб таққан ҳолда юзланиш, покизаликни таъминловчи санитария - эпидемиология тартиб-қоидаларига мутаносиб ҳолатда қўлларни ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, тиббий қўл­қоплар тақиш ва ниҳоят дезинфекция амалиётларини вақтида, сифатли бажариш доимий кундалик одатларимиз бўлиб қолди.

Озодалик амалиётлари асли азалдан ота-боболаримизу она-момоларимизнинг яшаш тарзида ҳам мавжуд эди. Айнан шундай бўлмаса-да, удум ва урф-одатларимиз қаторида, инсоний муносабатлар чоғида, исломий ибодатга боғлиқ фарзларни бажариш пайтида жорий тусга киритилгани маълум. Бироқ кейинги маҳалда "оммавий маданият"нинг салбий таъсирида уларга путур етганини, ҳатто ўзимизча меъёридан оширган, ножоиз хатти-ҳаракатларимизни яқинлик, қадрдонлик ниқобига ўраганимизни энди яширишимиздан не наъф. Минг шукурки, бир ёмоннинг бир яхшиси бўлишини ҳам инкор этолмаймиз. Фикрларимизни янада ойдинлаштирсак, карантин шароитидаги баъзи тутумларимиз фақат вақтинчалик эмас, келгусида ҳам бардавомлик касб этиши сизу бизга боғлиқ. Бундан фақат ва фақат ютишимиз, энг мақбул одату анъаналаримиз яна орамизга қайтиб келишию, қайтиб кетмаслигидан эртага ҳадсиз фахру ғурур туюшимизга умидлансак, сира-сира хато қилмаймиз. Ўзбекона, мусулмонона муносабатларимиз ахлоқ-одобимизни ҳам безайди, соғу - саломатлигимизни ҳам асрайди. Моҳиятан хаёлий эмас, тўла-тўкис ҳаётий мисоллар турмушимизда кўпдан-кўп учрайди. Айримларини эсингизга солишимизоқ фикримизга қўшилишингизга кифоя қилса керак.

Сиз тарихий - бадиий китобларни ўқигансиз ёки улар асосида яратилган ҳужжатли ҳамда видеофильмлару сериалларни, спектаклларни томошалагансиз. Улар оз эмас. Ойбекнинг "Навоий", Пиримқул Қодировнинг "Бобур", Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар", "Меҳробдан чаён", Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз", Одил Ёқубовнинг "Улуғбек ҳазинаси" романлари мутолааси, кинотасвирда экранлаштирилган, театрларда саҳналаштирилган вариантларини кўриш асносида биргина саломлашиш жараёнидаги ҳолатларни эсга олинг-чи. Ҳа, балли! Ана кўрдингиз, икки ёки уч-тўрт киши кўча-кўйда, тўй-тўйчиқда, маҳкамада учрашганда қучоқлаб кўришишга шошилмайди. Кўзлари-кўзларига тушгач, юзларида хиёл табассум жилваланади, дарров бошларини эгиб, ўнг кафтларини кўкракларининг чап томонига, янада таъсирлироқ айтсак, юраклари устига аста қўйганча "Ассалому алайкум"га оғиз очишади. Худди шундай ҳолат нариги маҳалладоши, касбдоши, яқини, қадрдони томонидан ҳам такрорланади. "Ва алайкум ассалом" калимаси янграйди. Яъни саломга муносиб одатий эгиз аликни эшитасиз. Яқин ўтмишда, янаям аниқроғи, 20-асрнинг иккинчи ярмида шу одатимизга кўз тегди, русча, европача одатлар гўё "маданиятлилик" кўриниши сифатида турмушимизга суқилиб кирди.

Тўғри, бир қарашда қўл бериб, қўл сиқишиб, бағрини-бағрига босиб, қучоқлашиб, ҳатто ўпишиб сўрашишлар гўё яқинлик белгисидай туюлади. Унда нега етти пуштимиздан шундай ҳолат, шундай одат мерос, удум сифатида ўтиб келмади? Ҳеч бир ҳаракат бесабаб юзаланмайди, ҳар бир одатнинг ортида ўшанга ўрганганларнинг мақсад-муддаоси, кўзлаган нияти, фойдаси туради. Фойдалилари туриш - турмушда чуқур илдиз отади, узоқ яшайди. Зиёни борларнинг умри қисқа бўлади, воз кечилади. Ёки кечаги одат бугунга, бугунги удум эртага тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Азалий ҳаёт ўзгармасу ўзгарувчан - анъанавию, муваққат, вақтинчалик ёхуд бирор маросиму бирор удум чоғидагина қилинадиган, асқотадиган ҳаракатлар, муносабатлар, жонли ва жонсиз яратиқлар билан боғлиқ ҳолатда ҳодисаланади. Ҳамма-ҳаммаси ҳаёт эҳтиёжи, ҳаёт талаби, ҳаёт тақозоси туфайли туғилади, керакли бўлса - барқарору бардавомлик касб этади. Нокерак, ҳатто зарари борлиги англанса, одамлар ўз-ўзидан тўхтатишади. Ахир манфаатсиз ҳаракат, бефойда уриниш вақтни елга совуришдан, хомхаёллик қурбонига айланиб қолишдан бошқаси эмас...

Айнан кечаги сўрашишимиз бугунги пандемия шароитида жонимизга жабр етказади. Келинг, хаёлга берилайлик. Қариндошимиз хориж сафаридан қайтганини эшитиб, оилавий кўргани, ҳол-аҳвол сўрагани шошиламиз. Етиб борсак, кўча дарвозаси олди тўла одамга кўзимиз тушади. Даставвал, бир-биримизга қучоқ очишиб, бир-биримизни бағримизга босишиб, оғзимиз-оғзимизга, бурнимиз-бурнимизга тегадиган жуда яқин ҳолатда меҳрли нигоҳимизни қадаб термулишамиз, ҳиссиётлар оғушида кўнгилолар гапларга берилиб, тилимиздан учаётган сўз-товуш оҳангларига (кўзга кўринмаса ҳам) қўшилиб ичидаги вирус зарралари бизнинг юз-кўзимизга урилади, шу дақиқаларда оғзу-димоғимиз орқали олган нафасимиз билан ўпкамизгача етиб бориб қўнади. Тамом - вассалом... Ҳозирча ўзимиз ҳам хавфли хасталикни илаштириб олганимизни сезмаймиз. Қачонки, ўша қариндошимиз "КОВИД-19" таъсирида юқори ҳарорат билан касалхонага тушгандагина барча изиллаб чопиб қолади... Биз ҳам, яна ўша дийдорлашувга борган қанчадан-қанча одам карантинга олинади. Аҳвол шу билан тўла яхши томонга ўзгарса, майлигаку-я, агар коронавирус юқишга, ёпишишга улгурган бўлса, унда умрингизни ўзингиз хазон қилиб қўйган бўлишингиз мумкин...

Давлатимиз сиз учун сарфга имкониятли экани сўнгги илинж, сўнгги умид, сўнгги нажоту ишонч, албатта. Шароит муҳайё, шифокорлар коронавирусга қарши курашга шайлару, аммо кечикилган ҳолатда эса... ана фожеа, ана ўзини ўзи адо қилиш. Азиз замондош агар ҳуш­ёрликни унутмасангиз, дийдорлашишни кейинга қўймасангиз, уйда қолмасангиз (карантин юмшатилмагунча) "сариқ" ҳатто "яшил" ҳудуд қаторига ўтилгач, ишхонангизга қатнаганда йўл-йўлакай учраганлар, ёнма-ён бирга меҳнат қиладиган ҳамкасблару ҳамсафлар билан 2 метрли оралиқ масофада турмасангиз бугунингизу эртангизни хавфга қўйишингиз, ўзингизниям, ўзгаларниям душмани бўлиб қолишингиз эҳтимоли кучли. Буни ваҳима ёхуд чўчитиш дея тушунманг.

Фикримизни мустаҳкамловчи тағин бир мисол. Болаликда биз ғиштлардан "йиқитма" ўйин ўйнаб завқланардик. Ҳовлимиз саҳнида 10 та пишган ғиштни орасидаги масофани бир хил - қисқа қилиб, бўйи билан тиккалаб, қаторлаштириб терардик. Биринчи ғиштни сал туртсак, оғиб, иккинчисига ёнбошлаб тегарди, қулатарди, униси кейингисини... бир зумда 10 таси йиқиларди. Мабодо, ўшанда 100 та терсак - 100 та, 1000 та терсак - 1000 таси шу аҳволга тушаркан бугун обдон ўйлаб кўрсак. "Ковид - 19" пандемияси билан таққосласак, ғиштларни одам сифатида тасаввур этсак, битта касаллик юқтирган одамнинг ҳушёрликни унутиши мингтани зарарлаши шак-шубҳасиз агар маълум оралиқ масофани сақламасак. Сақласак, хатарли хавфдан холи бўламиз, кўзимизга олам гўристон эмас, гулистон кўринаверади. Бугунги ҳушёрлигимиз билан эртамизни нурафшонлашнинг, ҳаловатли, хотиржамли ҳаётга қайтишимизнинг мустаҳкам пойдеворини қўя оламиз. Умид ва ишонч кўнглимиз қўрғонини ҳамиша нурлантириб тураверади.

 

КАРАНТИН ҚОИДАСИ – УМРНИНГ ФОЙДАСИ

Республикамиздаги карантин муддати бежиз 1 августгача узайтирилмади. Мамлакатимиздаги санитария-эпидемиологик ҳолатнинг таҳлилидан сўнг чиқарилган навбатдаги хулоса шуки, амалдаги уч ҳудудли чора-тадбир ҳали давом эттирилиши мақсадга мувофиқдир. "Яшил", "Сариқ" ва "Қизил" рангли атамалар худди уччироқ (светафор)га уйғун ҳаракатланиш тартиблари қайси ҳудудларга таалуқли эканини белгилаб беради. Қонуний кучга эга. Рухсат ва таъқиқ тартиблари ҳудуд номига мутаносиб амал қилади. Уччироққа ҳеч ким дахл қилолмагандай, Республика махсус комиссияси мавжуд вазиятни баҳолайди, ҳудудлар ҳолатини ранглар ор­қали ифодалаб, ўзгартириб бораверади. Бошқача айтганда, "қизил"дан "сариқ"қа, "сариқ"дан "яшил"га ўтказади ёки аксинча яна "қизил"га қайтиш комиссияга эмас, фақат ўша ҳудуддаги санитария - эпидемиологик хавфсизлик, осойишталик даражасига боғлиқ. Мамлакатимизда аввалги тинч, юқумли коронавирусдан холи ҳаётга имкон қадар тезроқ қайтишни таъминлаш бош масала бўлиб қолаверади.

Энди аста-секин, босқичма-босқич карантин талаблари юмшатилмоқда, одамларга уйдан чиқишга, тўхтатилган меҳнат фаолиятига яна киришишга, бой берилган вақтдаги моддий йўқотишларнинг ўрнини қоплашга, инқирозга қарши тадбирлар муваффақияти учун бор билим, бор малака, бор куч-қувватини сарфлашга шароит яратишга эътибор кучайтирилмоқда. Эртанги тараққиёт учун зарур молиявий ресурсларни йўналтиришга, қўли бўш аҳоли бандлигига эришишга, янги иш ўринлари яратишга, камбағал, кўмакка муҳтож, ҳомийликка, имтиёзли кредитга эҳтиёжманд кишиларга ғамхўрликни изчил, беминнат, адолатли олиб бориш сиё­сати устуворлигига эришилмоқда. Катта-кичик давлат идоралари раҳбарлари, ҳокимлар ва уларнинг атрофидаги ташкилотчи мутахассис ходимлар, иқтисодий - ижтимоий тармоқларнинг бошлиқлари, депутатлар, кўп сонли тадбиркорлар карантин шароитидаги турли ҳаётий муаммоларни ўз жойида ҳал қилишнинг жонкуярлари сифатида ҳурмат - эътибор топишаётир.

Сиз билан биз уч тоифали ҳудудларга тааллуқли тартиблар доирасида яшасак, фаолият юритсак, кундан кунга чекловлар камайтириб борилаверади. Лекин, энди пандемиядан илгариги турмуш тарзига тўла-тўкис қайтишнинг иложи йўқ. Чунки, ҳали ҳозир "Ковид-19"ни ишончли даволовчи, кафолатли дори-дармонлар яратиш жараёни якунланмади. Эмлаш вакциналари кашф қилиниши учун дунёдаги энг билимдон олимлар, тиббиётчи мутахассислар астойдил изланишмоқда. Аниқ натижаларнинг эрта - индин чиқиши даргумон. Чиққанда ҳам орадаги синов даврисиз, ёппасига қўллаш амалиётига ўтиш масъулиятини ҳеч ким ўз зиммасига ололмайди. Фақат инсонларнинг иммунитетини кўтариш, бунинг учун озиқ-овқат, тоза ичимлик суви таъминоти борасидаги муаммоларни бартараф этиш саъй-ҳаракатлари бирор дақиқа сусайтирилмаслиги зарур.

Карантин кунлари ҳафталарга, ойларга уланиб-уланиб кетаётганини ҳисобга олиб, эҳтиёжмандлар давлат ва ҳомийлар томонидан ҳам йўқланяпти, ҳам тўқланяпти. Шу боис йўғон чўзилишига, ингичка узилишига йўл қўйилмаяпти.

Яна карантин талабларига, аҳоли саломатлиги муҳофазасига қайтсак, ўз соғ­лигимизни сақлашга, аввало, ўзимиз масъул, ўзимиз сабабчи эканимизни зиммамиздан бугун ҳам, эртага ҳам соқит қилолмаймиз. Зеро, "Аллоҳ ҳам асралганни асрайди" деган гапнинг мағизини чақиш шарт. Демак, карантин қоидаси - умримиз фойдасидир.  Карантин қоидалари доирасида яшашга ўрганайлик, кўникишни ўзимизга ҳеч оғир олмайлик! Ахир эртанги осойишта ҳаёт бугундан бошланади-да...

Содиқ САЙҲУН.