Солижон МЎМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.
Бутун жаҳонда, хусусан, мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кескин кураш олиб борилаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига кўра, Республика Махсус комиссиясининг қарорлари билан мазкур юқумли касаллик аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Коронавирус инфекциясини жиловлаш, касалликка чалинганларни самарали даволаш борасида бир мунча натижаларга эришилмоқда.
Тўғри, бугунга келиб, пандемия шароитида ўрнатилган карантин тартиблари бирмунча юмшатилди ва бу жараён босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Аммо, ҳали ҳам хотиржамликка берилиб бўлмайди. Коронавирус инфекциясидан муҳофазаланишга оид талабларга қатъий итоат этиш зарурияти ҳамон сақланиб турибди.
Статистик маълумотларда, нафақат хориждан қайтганлар ёки халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларидан коронавирус инфекцияси аниқланаётгани, ҳатто аҳоли орасида ҳам бу касалликни юқтириб олаётганлар сони ортиб бораётганлиги қайд этилаётгани барчамизни янада сергакликка, ҳушёрликка чорлаши керак.
Шундай экан, карантин талабларига янада жиддийроқ қараш фурсати етганлигини эслатмоқчимиз. Яна ўша гигиеник қоидаларга амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобни ечмаслик, қўлқоплардан фойдаланиш ва бошқалар доимий эътиборимизда бўлиши керак.
Бугунги кун талабидан келиб айтиш жоизки, чет элдан қайтиб келаётган ҳар бир инсон коронавирус инфекцияси бўйича санитария-эпидемиология осойишталик марказида текширувдан ўтиши албатта шарт. Чунки, хорижда бўлганлар орасида ҳануз жуда кўп касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шундай экан, таҳлиллар топшириш ҳар бир кишининг ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик бурчига айланмоғи лозим.
Баъзида шамоллаб қолган кишилар уйда ўзларича даволанишмоқда. Аммо айрим ҳолларда санитария-эпидемиологик талабларга риоя этиш унутиб қўйиляпти. Бундай пайтларда ҳам албатта таҳлиллар топшириш зарур ва шарт. Шундагина гумон ва ҳадикларга, шубҳага ўрин қолмайди.
Яна битта хавф халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларининг хатти-ҳаракатида намоён бўлмоқда. Улар кўпинча белгиланган талабларни бузишяпти. Қидирилганда рўйхатдан ўтилган жойдан топилишмайди. Турли жойларга бориб, касаллик тарқалишига сабабчи бўлишмоқда. Юртимизга кириб келган ҳар бир ҳайдовчи қаттиқ назоратда туриши, улардан зудлик билан таҳлиллар олиниши зарур.
Азиз ҳамюртлар!
Пандемия шароитида коронавирус инфекциясидан ишончли сақланиш ўз қўлимизда эканлигини асло унутмайлик. Биз ўта мураккаб жараённи бошдан кечиряпмиз. Давлатимиз ғамхўрлиги билан касалликни аниқлаш, карантин тадбирларини ўтказиш ва беморларни даволаш ишлари узвий боғлиқ ҳолатда олиб борилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Бу масъулиятли ва қийин вазиятдан талофатларсиз чиқиб кетиш сиз ва бизнинг ҳамкорликдаги, изчил ва қатъиятли фаолиятимизга боғлиқ. Шундай экан, карантин талабларига, касалликдан муҳофазаланиш тартибларига онгили муносабатда бўлайлик.Талабчанлик, эҳтиёткорлик, ҳушёрлик ва ҳамжиҳатлик доимий одатимизга, турмуш тарзимизга айлансин.