Қаршидаги замонавий неонатал инкубатор етти нафар чақалоқнинг бехатар ўсиб олишига ёрдам берди.
Мазкур ускуна Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан неонатологларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида тақдим этилган эди.
2 мартдан буён вилоят перинатал марказида ўрнатилган ушбу инновацион ускуна турли даражадаги эрта туғилиш ташхиси қўйилган етти нафар чақалоқнинг бехатар ўсиб олишига ёрдам берди.
Миллий палатанинг бу лойиҳаси минтақалардаги тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан илғор техника ва энг замонавий асбоб-ускуналарни мукаммал ўзлаштириб, амалиётга жорий қилинишини мақсад қилганди. Шу билан бирга, ушбу жиҳоз неонатология бўлимида болалар ўлимини камайтириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Лойиҳани амалга оширишда турли ҳамкорлар - клиникалар ва илмий-тадқиқот институтларидан тортиб сармоядорлар ва ишлаб чиқарувчиларгача иштирок этмоқда. Миллий палатанинг бу галги ҳамкори Тошкентда янги туғилган чақалоқларни боқиш учун Европа сифат стандартларига мувофиқ EcoLa 3 000 инкубаторларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган "Medical Quality Service" компаниясидир. Муддатидан аввал туғилган чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қулай ва хавфсиз микро муҳит яратилиши керак. Ушбу вазифани инкубаторлар бажаради, улардан фойдаланган ҳолда янги туғилган чақалоқларнинг тана ҳароратини, чақалоқ атрофидаги керакли намлик ва кислород даражасини сақлаб туриш имкони мавжуд бўлади.
Инкубаторнинг замонавий электрон қўшимчаси ҳар бир қисмнинг ҳароратини назорат қилиш имконини беради, бу ҳароратни бошқариш тизимини янги даражага олиб чиқади. Ҳароратнинг ўзгарувчанлиги 0,2 °C гача камайтирилган.
Лойиҳанинг навбатдаги босқичи - соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларига турли мамлакатларда қўлланиб келинган профессионал билим ва кўникмаларни ўзлаштириш учун шароит яратиш. Туғишга кўмаклашиш ва янги туғилган чақалоқлар парвариши соҳасида бу алоҳида муҳимдир.
Лойиҳа синов тариқасида Қашқадарё вилоятида бошланди, чунки маҳаллий тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш Миллий палатанинг устувор йўналишларидан биридир. Ҳар бир вилоятда лойиҳаларни ўз ҳудудида амалга оширилишини назорат қилувчи ҳудудий бўлинмалар мавжуд.
Хусусан, Қаршида инкубатордан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар таҳлилига кўра, инкубатор ёрдам берган еттита чақалоқдан учтаси боланинг яшаб қолиши учун катта хавф туғдирадиган 3-даражали чала туғилганлик ташхиси билан олиб келинган бўлишига қарамай, ёрдам кўрсатилган.
Маълумот учун, янги туғилган чақалоқ мазкур ташхис билан 15 кун давомида ушбу инкубаторда парваришланди. Чақалоқ 970 грамм вазнда ва 34 сантиметр узунликда туғилган эди. Унга 1 килограмм 450 грамм оғирликда қониқарли ҳолатда ўз уйига жавоб берилди, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси.