Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ва "БелМАПО" дипломдан кейинги таълим тиббиёт академияси (Беларусь) вакиллари шифокорларнинг малакасини оширишда халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири палата матбуот хизматига таяниб.
Пандемия шароитида масофавий таълимга бўлган талабнинг кескин ортиши мазкур тажрибани таҳлил қилиш ва кенг қўллаш заруратини кўрсатаётгани қайд этилди.
Шу пайтгача Ўзбекистонда шифокорларга онлайн режимда диплом берадиган малака ошириш амалиёти қўлланилмаган. Бироқ бугун врачларнинг касб маҳоратини ошириш учун мазкур йўналишдаги илғор халқаро тажрибанинг долзарблиги ошмоқда.
Бу борада, хусусан, "БелМАПО" онлайн-платформаси қизиқиш уйғотмоқда. Миллий палата беларуслик мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва ўз ресурсларидан фойдаланишга тайёр экани таъкидланди. Томонлар инновацион ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
"БелМАПО" вакиллари беларуслик мутахассислар таклиф қилиши мумкин бўлган қатор йўналишлар, жумладан инновацион симуляция марказининг имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Онлайн-анжуман иштирокчилари, шунингдек, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш муассасалари тузилмалари, уларни аккредитациядан ўтказиш, дипломдан кейинги таълим тизимлари ва COVID-19га қарши курашишда ҳамкорлик имкониятлари бўйича фикр алмашди.
Томонлар қатор соҳалар, жумладан, телетиббиётни ривожлантириш, Беларусь ва бошқа мамлакатлар етакчи мутахассислари билан биргаликда коронавирус инфекциясини ташхис қилиш ва даволаш бўйича онлайн анжуманлар ўтказиш ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун имкониятлар кўп эканини таъкидлади.