«Коронавируснинг энг биринчи ўчоғи сифатида дунёга танилган Ухан шаҳри касалхоналарида COVID-19 инфекциясидан даволанган охирги уч беморга ҳам жавоб берилди», дейилади Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича шаҳар қўмитаси тарқатган хабарда.
Учинчи июнда охирги уч беморда ҳам тест натижалари бўйича COVID-19 инфекцияси топилмади. Уларнинг тана ҳарорати жойида, симптомлар ғойиб бўлган. Шифокорлар уларга уйига кетишга рухсат беришди.
"Шундай қилиб, Ухан шаҳри касалхоналарида коронавирус инфекцияси билан хасталанган бирорта ҳам бемор қолмади", - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, 1 июнь ҳолатида ўртача хавф ҳудуди ҳисобланган Дунсиху туманида 14 кун давомида бирорта ҳам касал аниқланмади. Шу боис 2 июндан бошлаб эпидемиология таҳдиди даражаси ўртачадан ҳам пастга туширилди.
Энди Ухан шаҳрининг барча туманлари коронавирус таҳдидидан қарийб ҳоли ҳисобланади.
Хитой ҳукумати ушбу шаҳардан 8 апрелдан бошлаб транспорт занжирини бутунлай олиб ташлади ва одамларга шаҳардан чиқишга рухсат берди. Улар коронавирус тарқалгани боис 76 кун давомида ташқи дунёдан узиб қўйилган эди.
Эпидемия даврида Уханда 50 минг киши коронавирусга чалингани аниқланган, 3 минг 869 киши офат қурбонига айланди.