Ёз бошланиб, саратон чилласи тобора яқинлашмоқда. Бу дегани ҳарорат кундан - кун кўтарилиб, 40 даражадан пастга тушмай турадиган иссиқдан иссиқ дамлар келмоқда. Ҳатто соғлом одамларнинг юрагини безовта қиладиган, нафас олишини қийинлаштирадиган, кеча-кундуз баланд ҳароратли ёз чилласи танида дарди борлар учун хавфли кечиши барчамизга аён. Айниқса, коронавирусдан ҳимояланаётган катта-кичикни бу йилги саратон янада ташвишга қўйиши мумкин. Чунки, кутилаётган об-ҳаво кучли иссиқдан дарак бермоқда.

Июннинг 21-санасидан кириб келадиган қирқ кунлик ҳавонинг баланд тафти ҳар биримиздан эҳтиёткор бўлишимизни талаб этади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, меъёридан юқори ҳарорат инсон танасидаги ҳаловатнинг душмани. Уни безовталикка мубтало этади. Иссиқ "урса", дам "ўтса" одам организмидаги суюқликка салбий таъсир кўрсатади. Танадаги мувозанат бузилади. Иштаҳаси йўқолади, истималайди, қусади, боши оғрийди, бурнида қон оқишигача юз беради. Ўз-ўзидан бадани қизиб, уйқуси қочади. Мириқиб ухламаганлар эса эртанги тонгда ўрнидан тетик ва бардам туролмайди. Юриш-туришида ҳузур-ҳаловат қолмайди, ишида унум йўқолади. Ўзи мойил бўлган хасталиклар танасида "бош кўтаради", қон босими ортиб, юрак уриши тезлашиб, кўз ўнги қорон­ғулашади. Мабодо, эҳтиёткорликни унутса, оқибати ёмон кечиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Инчунин, қариялар, сурункали беморлар "қирқ кунлик" табиат синови чоғида ўзларини - ўзлари асрашнинг энг мақбул, энг қулай, энг имконли йўлларидан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилсалар, ҳаловатсизликка осонроқ барҳам беришлари аниқ. Аксинча, бунга бепарво қарасалар, кейин кўнгилсиз оқибатларга дучорланишади.

Хўш, нималарга эътибор қаратиш, қаерлардан ҳаловат излаш мақсадга мувофиқ? Ҳовлиларда яшовчилар соя-салқин қидиришларига хожат йўқ. Сербарг ток ишкомлари, дарахтлар соялари уларга роҳат бағишлайди. Субҳи аъзонда ҳовлига сув сепиб қўйилса, салқинлик янаям қуюқлашади. Агар иложи бўлса, ҳовузчалар ҳамиша муздек сувга тўла турсин, экинга очилган сув ёнингиздаги ариқчадан оқиб ўтса янаям яхши.

Уй ичини афзал билганлар совутгичдан фойдаланишлари, совуқ сувли душга, ваннага тушишлари яхши самара беради. Ҳаловатлари бузилмайди, соғликларига путур етмайди.

Ҳарорат кўтарилганида кимларнингдир иссиқ чой чанқоғини қондиради. Лекин музлатгичдаги ичимликлар кўпчиликка ёқади. Қайнатиб совутилган сув, совуқ чой, минерал сув, музқаймоқ жуда-жуда фойдали. Бироқ томоғида иллати борлар, булардан тийилганлари маъқул. Фақат шулар эмас. Кийинишимизнинг ҳам ҳаловатимизга боғлиқ жиҳатлари бир талай. Боиси, пахта матосидан тикилган кўйлаклар қулай. Уларнинг рангги оппоқ бўлса, янада салқин сақлашини эътиборга олиш зарур. Устибошларнинг тори эмас, кенгу қулай, соғлигимизга безарарлигиниям унутиб қўймайлик.

Мамлакатимизда карантин талаблари юмшатилиб борилиши жараёни амалда. Шунинг учун ички туризмга, яъни экотуризмга, зиёрат туризмига босқичма-бос­қич рухсат этилмоқда. Фақат ниқоб билан масофани сақлаган ҳолатда. Энди баланд ҳароратли пайтда хушманзара, соя-салқин гўшаларга, тоғолди оромгоҳларига бориб, ҳаловат топиш имкониятлари яратилмоқда. Саёҳат ва зиёратда танамизни яйратамиз, соғлигимиз барқарорлашини таъминлаймиз. Кайфиятимиз аълоланади.

Фарзандларимиз учун эса, илгаригидагидек ёзги оромгоҳларнинг эшиклари очилмоқда. Яқин орада вилоятимиздаги 8 та болалар оромгоҳи ўғил-қизларни ўз бағрига чорлайди. Уларда ёз бўйи 5400 нафардан зиёд ўқувчилар дам олишади, билимларини, соғликларини мустаҳкамлашади.

Ўзбекистонимиз - серқуёш юрт. Унинг тафтидан халқимизнинг қалби андоза олган. Бири-бирига меҳрли, бири-бирига оқибатли, бири-бирига саховатли. Саратоннинг чилласига асад уланиб кетади, кейин эса сунбула киради. Ёз - соз ўтади, ҳарорат ва ҳаловатни дўстлаштириб яшашга қодирлигимизга ҳеч қачон кўз тегмасин!

Содиқ САЙҲУН.